Ёшларимиз ёт ғояга алданмасин

15

Бугунги ёшларимиз маънавият, маданий мерос ва умуминсоний қадриятлар негизида юксак ватанпарварлик, халқпарварлик, фидойилик туйғусини ва меҳнатсеварлик фазилатларини ўзида мужассам этиб, Ватанимиз обрўси, шон-шуҳрати ва шарафини юксалтиришга ҳамда унинг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилиб, ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиб юксак намуна кўрсатмоқдалар. Албатта, буларнинг барчаси Мамлакатимизнинг мустақиллиги, тинч ва осудалиги шарофатидандир.

Истиқлол берган буюк неъмат – тинчлик, осуда ҳаёт, фаровон турмуш барчамиз, аввало фарзандларимизнинг бебаҳо бахт-саодати, юртимиз келажаги, унинг пойдеворини мустаҳкамловчи асосдир. Шундай экан, бу неъматнинг қадрига етиш, юртимиздаги осуда ҳаёт бардавомлигини таъминлаш учун ким бўлишимиз ва қандай мавқега эга бўлишимиздан қатъи назар, ҳар биримизнинг вазифамиз экстремизм ва терроризмнинг қабиҳ ва ғаразли мақсадини халқимиз, айниқса ёшларимиз орасида тинимсиз фош қилиш асосида огоҳликка чақиришдан иборат. Чунки, бемаъни хом хаёлларга берилган бузғунчи оқимларнинг асл мақсади дин байроғи остида талончилик ва босқинчилик, террорчилик ва қўпорувчилик ҳаракатларини содир этиш, жамиятга ҳар томонлама зарар етказиш орқали кишилар, айниқса ёшлар орасида миллатлараро ва динлараро адоват, миллатчилик ва диний айирмачилик кайфиятларини шакллантириш, ёшларимизни ўз халқига, ўз юртига, ўз ота-онасига қарши қилиб қўйишдан иборат экани барчага маълум.

Ачинарлиси, ҳали оқни қорадан ажратишга улгурмаган ёшлар интернет орқали тарқатилаётган бузғунчи таълимот, ғояларга алданиб, ботил фирқаларга қўшилиш ҳоллари учрамоқда. Натижада ўзи шарманда ота-онаси ёмонотлиқ бўлиб қолмоқдалар.

Ёшларга эътибор – келажакка эътибор эканлиги бежиз эмас, шу боис юртимиз эртаси бўлган ёшларнинг жисмонан соғлом, маънан етук ва билимдон қилиб тарбиялашимиз, уларни ёт ғоялар таъсиридан асрашимиз зарур. Бунинг учун аввало, фарзандларимиз юрагида она-Ватанга, бой тарихимизга, ота-боболаримизнинг муқаддас динига соғлом муносабатни қарор топтиришимиз, уларнинг мафкуравий иммунитетини кучайтиришимиз зарур. Ана шундагина ёшларимизга жоҳил кимсалар ўз таъсирини ўтказа олмайди.

Бу ҳаётда орзу-интилишимиз, кўзлаган мақсадимиз, қиладиган ишларимиз кўп. Лекин ҳеч қачон унутмаслигимиз керакки, бизнинг энг буюк ва муқаддас вазифамиз-юртимиз истиқлолини, халқимиз эрку озодлигини кўз қорачиғидай асраш, унинг хавсизлигини ҳимоя қилишдир.

Азамат УСМОНОВ