ЗИКРИ УЛУҒ ЗОТ

13

Аллоҳ таоло Қуръони каримда пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламни кўп ўринларда мадҳ этди ва Ўзининг ҳабибига, расулига саловот йўллади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбарлар орасида Аллоҳ таоло томонидан энг кўп мақталган зот ҳисобланадилар. Бу эса У зотни Аллоҳ таолонинг ҳузурида олий ўринда эканликларига ва мартабаларининг буюклигига далолат қилади. Ҳақиқатда Аллоҳ таоло пайғамбаримизни барча башарнинг устидан танлаб олди, пайғамбарлар ва расулларининг афзали қилди.

Аллоҳ таоло “Шарҳ” сурасида жумладан шундай марҳамат қилган: “Биз сизнинг зикрингизни кўтардик”. Бу оятнинг тафсирида ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи: “Аллоҳ таоло ўзининг набийси Муҳаммад алайҳиссаломни дунё ва охиратда шаънларини кўтарганига ва иймон калимасида Ул зотни исмларини қўшиб айтишни фарз қилганига далолатдир”, дейдилар.  Қолаверса, ушбу оят бўйича ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидаги сўзлар айтилганини имом Қуртибий ўз тафсирларида зикр қилиб ўтганлар. “Пайғамбаримизнинг муборак исмлари азон калималарида қўшилганлиги, такбир, ташаҳҳудда, жума куни хутбада, икки ийд хутбаларида, арофот, сафо ва марвадаги ибодатларни бажариш вақтида, никоҳ хутбасида зикр қилинишига ишорадир”, деганлар.

Аллоҳ таоло Тавба сурасининг 128-оятида шундай марҳамат қилади: «Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган, сиз (нинг саодатга етишингиз) га ташна, мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Расул келди.»

Мазкур оят билан Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломни ўз саҳобаларига бўлган муомалалари, марҳаматлари ва уларга бўлган шафқатлари ниҳоятда гўзал бўлганлигини хабарини бермоқда. Росулуллоҳ учун Аллоҳ таоло Ўзининг исмидан икки “Марҳаматли” ва “Меҳрибон” исмини жаъм қилгани қанчалик буюк фазл соҳиби эканлигига далолат қилади. Имом Қуртибий бу борада: “Аллоҳ таоло бирор бир пайғамбарга Ўз исмидан икки исмни жам қилмаган”, деганлар.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом оламларга раҳмат ўлароқ юборилганлар. Бу борада Аллоҳ таоло “Биз сизни оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик”, деган. Анбиё сураси, 107- оят. Бу оятнинг тафсирида ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи: “Албатта Аллоҳ таоло Ўз ҳабибини оламларга раҳмат қилиб юборганлигини хабарини бермоқда. Ким бу раҳматни қабул қилса ва мазкур неъматларга шукр қилса дунё ва охират саодатига эришади, аксинча ким рад қилса ва қайсарлик қилса дунё ва охиратда надоматда қолади”, деганлар. Имом Шанқитий раҳматуллоҳи алайҳи: “Албатта бу улуғ пайғамбар халойиқ учун фақат раҳмат бўлиб келган. У пайғамбар фақат инсонларни бахтли қиладиган, агар унга эргашсалар дунё ва охиратда саодатга эриштирадиган нарсаларни келтирган. Агарда кимда ким Ул зотга эргашмаса, ўз нафсини мана шу улуғ раҳматдан зое қилибди”, деганлар.  

Демак, юқорида зикр қилинган ва бундан бошқа кўпгина оятларни ўрганадиган бўлсак, Аллоҳ таоло бизга Пайғамбаримиз алайҳиссаломга итоат этишга, У зотни севишга, айтганларини бажаришга амр қилган. Аллоҳ таолога итоат этиш, Росулуллоҳга бўлган муҳаббатнинг намунаси ҳисобланади.

“Аллоҳга итоат қилинг ва Пайғамбарга итоат қилинг ва ҳазир бўлинг! Агар юз ўгирадиган бўлсангиз, билингки, Пайғамбаримизнинг вазифаси аниқ етказиш, холос.” Моида сураси, 92-оят

Пайғамбаримиз алайҳиссаломга итоат этиш, бевосита Аллоҳ таолога итоат этиш демакдур. Аллоҳ таолога итоат этиш, Муҳаммад алайҳиссаломни ҳурмат қилиш ва У зотни улуғлашни тақозо этади.

 مَنْ يُطِعِ الرَّسُولَ فَقَدْ أَطَاعَ اللَّهَ وَمَنْ تَوَلَّى فَمَا أَرْسَلْنَاكَ عَلَيْهِمْ حَفِيظاً

“Кимки Пайғамбарга итоат этса, муҳаққақ, Аллоҳга итоат этган бўлур. Кимки (итоатдан) юз ўгирса (ранжиманг), Биз сизни уларнинг устига қўриқчи қилиб юбормадик”. Нисо сураси, 80-оят

Мусулмон кишининг иймони Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрмагунича комил иймон бўлмайди. Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

عن أنس قال : قال النبي صلى الله عليه وسلم : لا يؤمن أحدكم حتى أكون أحب إليه من والده وولده والناس أجمعين. رواه البخاري

“Ҳеч бирингиз унга отасию боласидан ва барча одамлардан севимли бўлмагунимча мўмин бўла олмас”, дедилар”. Имом Бухорий ривояти

Дунё тарихида у зот саллоллоҳу алайҳи васалламдек, кишиларга марҳаматли, меҳрибон инсон бўлган эмас. Шу боис, биз ҳамма инсонлардан ҳам кўпроқ у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўришимиз керак.

Хўш, биз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни барча инсонлардан кўра кўпроқ яхши кўрамизми?

Биз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ота-онамиз, оила аъзоларимиздан кўра яхшироқ, яқинроқ таниймизми? Биз ахир у зот алайҳиссаломнинг умматларимиз-ку?.

Манашу саволларни ҳар бир уммат ўзига бериб кўришлиги ва ўзидаги камчиликларни, Ул зотнинг хулқларига тўғри келмайдиган томонларини ислоҳ этиши ҳамда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламни олам узра зикрларини янада кўтарилишида уммат ўлароқ ҳаракат қилмоғи керак.

 

Ўткир Маҳмудов

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси

ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари