Исро ва Меърож тунидаги ажойиб ҳид
11

Исро ва Меърож тунида Росулуллоҳ ﷺ ажотиб ҳид сездилар ва Жаброил алайҳиссаломдан у ҳақида сўрадилар. Жаброил алайҳиссалом бу ҳид бинту Фиръавн (Фиръавннинг қизи)нинг соч таровчиси ва унинг болаларидан таралаётган ҳид эканини айтдилар.
Шунда Росулуллоҳ ﷺ Жаброил алайҳиссаломдан соч таровчининг қиссасини айтиб беришларини сўрадилар. Жаброил алайҳиссалом дедилар:
“У аёл Фиръавннинг қасрида ишларди, унинг вазифаси бинту Фиръавннинг сочини тараб қўйишлик эди.
Бир куни аёл ўз ишини қилаётган ватқда қўлидан тароқ тушиб кетди. Тароқни олиш учун ерга қўл чўзган аёл “бисмиллаҳ” (Аллоҳнинг номи билан) – деди ва тароқни олди. Бу калимани эшитган Фиръавннинг қизи, “Аллоҳ мени отам! Ёки ундай эмасми?” – деди.
Аёл, “Сенинг отанг Роб эмас. Мен эса “мен, сен ва отангнинг ҳам Робби бўлган Аллоҳнинг номи билан” – дедим” – деди.
“Бунинг хабарини отамга етказаман” – деди бинту Фиръавн ва отасига бўлган воқеани айтиб берди.
Фиръавн аёлни ўз ҳузурига чақиртириб, “сен мендан бошқа илоҳга ибодат қиласанми?” деб сўради.
“Мен барча оламларнинг ҳаттоки, мен ва сенинг ҳам яратувчинг бўлган Аллоҳ таолога ибодат қиламан” – деди аёл.
Бу сўзларни эшитган Фиръавн ғазабланди ва соқчиларига олов ёқишни буюрди. Ҳамма нарса тайёр бўлгач Фиръавн аёлга “динингни тарк эт ва менга иймон келтир!” – деди.
Бунга жавобан аёл “сен ибодат қилинувчи роб эмассан. Роб фақат Аллоҳ таолодир” – деди.
Фиръавн соқчиларига аёлнинг фарзандларинин бирма-бир оловга улоқтиришни буюрди. Аввал ката ўғил, сўнгра ўртанча ўғилни оловда ёқиб юборишди. Аёл Аллоҳ таолонинг розилиги умидида сабр қилиб турарди.
Соқчилар аёлнинг эмизикли фарзандини олишди-ю, уни ҳам оловга улоқтиришди. Шу пайт гўдак инсонлар тушунадиган тилда “Эй онажон! Жасоратли бўлинг, оловдан қўрқманг. Бу дунё азоби охират азоби олдида жуда ҳам енгилдир” – деди.
Агар ўша вақтда Аллоҳ таоло аёлни динда собит қилмаганда эди, жудоликка дош беролмай куфр келтирган бўларди.
Аёл ўз динида собит турди. Соқчилар уни ҳам оловга улоқтиришди. Аёл Аллоҳ таолонинг ҳақ дини йўлида шаҳид бўлди.
Шу сабабдан ҳам Аллоҳ таоло уларнинг баданларига ёқимли ва ажойиб ҳид бериб қўйди”
Бу ҳид Росулуллоҳ ﷺ Исро ва Меърож пайтида сезган ўша ҳид эди.
Исломов Асилбек
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
