Мусулмонларга кофирлар томонидан азоб-уқубат етказилиши

16

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо ﷺга Ўзининг чексиз муҳаббати ва севгиси қадар салавоту саломлар, барча саҳобаларга Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо ﷺнинг ибратли ҳаёт йўллари билан янада яқинроқ танишиш мақсадида Адҳам Иброҳим ўғли томонидан тасниф этилган “Энг комил инсон” номли ушбу китобда Расулуллоҳ ﷺнинг гўзал одоб-ахлоқлари, сийрат ва шамойиллари, шариатларининг ниҳоятда бағрикенглиги, ҳатто куфр ва ширк аҳлиги зулмни раво кўрмаслиги, меҳр-оқибат, эзгулик каби фазилатлари ва барчамиз учун намунали бўлган ҳаётлари ҳақида келтирилган маълумотлар билан танишиб, очиғи жуда ҳам таъсирландим. Баъзи воқейликларни ўқиб, ўзимни кўз ёшлардан тия олмадим.

Энг таъсирлантиргани, эндигина мусулмонликни қабул қилган саҳобийларга мушриклар томонидан чидаб бўлмас даражадаги азоб-уқубатларни етказилганлигини ўқиб туриб, уларнинг ўз иймонларига ниҳоятда садоқатлиги, Аллоҳга бўлган муҳаббати ва қурбатини зиёдалигини кўз олдимда гавдалантирар эканман, уларнинг қандайин мусулмон бўлганликларини, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо ﷺга ўзларининг чин маънодаги муҳаббатларини исботлай олган, Аллоҳ таолонинг ҳақиқий жаннати бандалари бўлганликлари, исломнинг энг оғир даврларининг  энг ишончли, мард, бир сўзли, шижоатли, енгилмас, адолатли, омонатдор, вафодор, сабрли қаҳрамонлари бўлганликларини бугунги ислом замонасининг мусулмонман дейдиган умматларига солиштирганда минг афсуски, қалбингда беихтиёр жуда таъсирли қўрқинчли титроқ тураркан. Ўша пайтлардаги мусулмонларнинг иймонлари қанчалик қўрқинчли синовлар билан синалганлигини тўғридан – тўғри гувоҳи бўлиб турган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо ﷺнинг Аллоҳ таолога шикоятларсиз сабрли бўлишга ва шу билан бир қаторда саҳобаларини гўзал сабрга чорлашлари, гўзал сабрлари эвазига охиратда нажот топишлари, жаннат билан мукофотланишлари тўғрисида Қуръонда келтирилган оятлар билан қалбларини кўтаришлари У кишига бўлган муҳаббатимни янада оширди алҳамдулиллаҳ.

“Энг комил инсон” номли ушбу китобда кофирлар томонидан мусулмонларга шавқатсизларча етказилган азоб-уқубатга бардош берган мусулмонлар ҳақида келтирилган даврни кичик бир қисмини келтирмоқчиман.

…..Мўминлар ва мушриклар орасидаги муносабатда янги давр бошланди. Ҳар бир қабила ўзининг имон келтирган, аммо заиф кишисини қийнарди. Айни пайтда қийноқ ва азобларга солишнинг шавқатсиз даври кечмоқда эди. Уларни чарм қамчи билан урар,  очликдан тинкаларини қуритар, тепар ва ерга судрар эдилар. Уларнинг баъзиларини оч ва ташна ҳолларида жазирама иссиқда қолдирдилар. Бироқ мазлумлар буна эътибор бермадилар. Қамчи есалар-да, бунга тоқат қилдилар.

Билол розияллоҳу анҳу Умайя ибн Халафнинг қули бўлган. Хожаси болаларга Билол розияллоҳу анҳунинг бўйни атрофига арқон ўраттириб, уни Макканинг кўчалари ва тоғлари атрофида судраб юришга буюрди. Шунчаки Аллоҳ таолога имон келтиришни ва унга ибодат қилишни хоҳлагани учун шундай қилди.  Арқон Билол розияллоҳу анҳунинг бўйинларида из қолдирди. Умайя Билол розияллоҳу анҳунинг очлик ва ташналик билан силласини қуритар, сўнг уни куйдирувчи офтоб остидаги қайноқ ерга ётқизиб, кўксиларига қизиган оғир харсанг тошлар қўйиб қўяр эди. Билол розияллоҳу анҳу ўлай деб турга бўлсаларда, “Аҳад! Аҳад!” деб такрорлар эдилар. Умайя унга: “Эй Билол, мен сенга ўлгунингча ёки Муҳаммаднинг динидан қайтиб, Лот ва Уззога имон келтирмагунингча шундай қилавераман”, дер эди. Билол розияллоҳу анҳу: “Агар мен сизларнинг нафратингизни бундан-да кўпроқ қўзғовчи сўзларни билганимда эди, ўша сўзарни айтган бўлар эдим”, дея “Аҳад! Аҳад!” яъни, “Ягонадир”, “Ягонадир” дейишда давом этар эдилар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Одамлар: “Имон келтирдик”, — дейишлари билангина, синалмаган ҳолларида қолдириладилар, деб ўйладиларми?! Биз улардан олдинги (имонли) кишиларни синаган эдик-ку! Бас, (шу синов билан ва усиз ҳам) абатта, Аллоҳ (имонда) содиқ кишиларни билур ва (шунингдек,) ёлғончиларни ҳам аниқ билур” (Анкубут, 2-3).

Ҳаббоб ибн Арат исмли ёш йигитнинг бекаси уни қаттиқ калтаклашларини бюрди. У темирчи эди. Бекаси ловуллаб турган кўмирларни олдига териб олиб, аббобни келтиришни амр этар ва кийимини ечинтириб туриб, ана шу ёниб турган кўмирлар устига уни чалқанчасига ётқизишарди. Баданидаги ёғлар эриб, кўмирларни сўндирар эди. Ҳаббобни куйдирган бу кўмирлар оловининг ҳовури қандай эди. Ўша пайтда чидамлиликда ким ҳам Ҳаббобга ета олар эди? Уни ҳеч нарса диндан қайтара олмади. Уни қийнадилар, куйдирдилар, бироқ шунга қарамай Аллоҳ таоло йўлида барча нарсага сабр қилди. Душманлар мусулмонларни шундай азоблар эдилар. Ҳатто 18 ёшга тўлмаган Ҳаббоб кучлиқийноқлар туфайли Расулуллоҳнинг олдиларига келди. У зот Каъбанинг ёнида эдилар. У: “Эй Расулуллоҳ, биз учун Аллоҳга дуо қилмайсизми ва биз учун ундан ёрдам сўрамайсизми?”, деди.  Пайғамбаримиз ﷺ ғазабланиб жавоб бердилар: “Сизлардан аввал яшаганлар ичида шундай одамлар бўлганки, улар бир одамни келтириб, унга чоҳ қазишган, арра олиб келиб калласининг қоқ ўртасига қўйишган ва иккига бўлиниб кетгунга қадар арралашган. Сўнг темир тароқлар олиб келишган ва у билан гўшт ва суяклар ораларини тарашган. Бироқ буларнинг бари уларни диндан қайтаришларига сабаб бўла олмаган. Лекин сизлар шошқалоқ қавмдирсизлар”.

Аммо ибн Ёсир, отаси Ёсир ва онаси Сумайя, бир бутун оила, онаси эса кекса аёл эди – барчаларини қаттиқ азобга дучор қилдилар. Ота- онасини Амморнинг кўз олдида шафқатсизларча урдилар, у онасини ураётганларини ва отасини қамчилаётганларини кўрди. Олдиларидан Абу Жаҳл ўтиб кетаётиб урувчисига “Ур, янаям кўпроқ ур”, дер эди. Пайғамбаримиз ﷺ ўтаётганларида эса бу оилани сабрга чақирар эдилар. Бу қандай ҳам яхши оила! Бутун бошли оила Аллоҳ йўлида қийноққа солинди. Пайғамбаримиз ﷺ уларга: “Сабр қилинг, эй Ёсир оиласи, сабр қилинг. Дарҳақиқат, сизларга жаннат ваъда қилингандир”, дер эдилар.

Аллоҳ таоло сабр қилгувчиларга шундай хушхабар беради: “Яна сабрлари сабабли уларни жаннат ва (эгниларига) ипак (либослар) билан мукофотлар” (Инсон, 12).

Жаннат ва ипаклар ниманинг мукофоти? Сабрлиларнинг мукофоти! Нимага сабр қилганлари учун? Ана шу қийноқларга сабр қилганлари учундир. Абу Жаҳл, аъзубиллаҳ, жанговар найзани олиб, онасининг жисмига то жон бергунича қайта-қайта санчди. У кимнинг онаси? Аммонинг. Унинг отаси эса – Ёсир Абу Аммор қаттиқ азобларга дош беролмай оламдан ўтди. Кўз ўнгидаотаси ва онаси жон таслим қилдилар. Амморни эса янада кучлироқ ура бошладилар. Уни ўлдиришни истадилар. Шунда Аммор розияллоҳу анҳу чидай олмади ва Расулуллоҳ ҳақларида улар истаган нарсани айтди. У йиғлаган кўйи Расулуллоҳнинг олдиларига борди ва деди: “Эй Расулуллоҳ, эй Расулуллоҳ, чидай олмадим ва сиз ҳақингизда шундай ва шундай дедим”.шунда Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди: “Ким Аллоҳга имон келтирганидан кейин (яна қайтиб) кофир бўлса (ҳолига вой!) Лекин кимнинг қалби имон билан хотиржам, у мустаснодир. Аммо кимки кўнгилни куфрга очса, бас, у (каби)ларга Аллоҳ (томони)дан ғазаб ва улкан азоб бордир” (Наҳл, 106).

Мажбурликдан куфр сўзларини айтган, лекин қалбим мўмин ва имонга тўла бўлса, Аллоҳнинг ғазаби ундайларга эмас. Пайғамбарга Амморга: “Агар сени мажбур қилсалар, худди шундай деявер”, дедилар. Бирини урардилар, бошқасини қамчи билан савалар эдилар.

Суҳайб Румийни шундай урдиларки, у эсидан оғиб қолди. У гапирар эди, аммо нима деяётганини англамас ва билмас эди. У Макка аҳли орасида ҳурматга сазовор киши бўлган. Бироқ имон келтиргач, кучли қийноққа солинди. Буни қийнадилар, унисини урдилар.

Ҳаттоки Мусъаб ибн Умайр ҳам бу аччиқ қисматдан қутулиб қола олмади. Мусъаб маккаликлар орасида энг дабдабали ҳаёт кечирувчилардан бўлган. У энг яхши таомларни тановул қилар ва энг яхши либосларни киярди. У Макка аҳли ичида энг фаровон яшовчи киши эди. Бироқ исломга кирганда онаси унинг барча мал-мулкини тортиб олди ва уйдан ҳайдаб чиқарди. У қаердан озиқ-овқат топиб ейиш ва нима кийишни билмайдиган фақирга айланди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Сабр қилингиз, бағрикенг бўлингиз ва (Аллоҳ йўлига) тахт бўлиб турингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, зора (охиратда) нажот топсангиз!” (Оли Имрон, 200).

Қийноқларга сабр қилаётган мўминлар ҳақида Ибн Аббос шундай деганди: “Уларни шу даражада азобладиларки, хатто улардан бири оғриқнинг кучлилигидан ўтира олмади”. Шунда кофирлар сўрадилар: “Аллоҳдан ташқари Лот ва Уззо ҳам сенинг худоларингми?” У эса кучли зарб ва қийноқлар таъсиридан: “Ҳа, Лот ва Уззо менинг Аллоҳдан ташқари худоларимдир”, дея жавоб беради. Бироқ унинг қалбида имон ҳукмрон эди.

Бу борада Қуръони каримда шундай марҳамат қилинган: “Улар (мўминлар)дан фақат Азиз (қудратли) ва Ҳамид (ҳамд эгаси) бўлмиш Аллоҳга имон келтирганлари учунгина ўч олдилар” (Буруж, 8).

Бу Исломнинг энг оғир даврларидан биридир. Аллоҳ имонлиларни саралашни ва уларнинг орасидан энг афзалларини чиқаришни ихтиёр этди…

 

Нилуфар Аҳадовна

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси