МУСТАҲКАМ ОИЛА – ЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЁТИ ОМИЛИ

23

Динимиз таълимотларида оила қуришга эркак ва аёл бирдек тарғиб қилинган. Оила қурмасдан, таркидунёчилик йўлини тутиш қораланиб, бунинг акси бўлган никоҳ ибодат даражасига кўтарилган. Ҳазрати пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом никоҳланиш фақат ўзларининг суннати эмас, балки ўтган барча пайғамбарларнинг ҳам суннати эканини айтганлар.

Ислом таълимотига кўра, оила Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, ҳазрати Пайғамбаримиз ахлоқлари, чиройли одоб-ахлоқ билан  зийнатланиш ва пок йўл билан инсоният наслини давом эттириш мақсадида қурилади. Шунинг учун  динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради ва никоҳни инсоний алоқаларнинг энг муҳими сифатида юксак қадрлайди. Зеро, оила катта жамиятнинг кичик бир бўлаги ҳисобланади. Жамият ёмонлик ва бузғунчиликнинг барча турларидан  ҳоли тинч ва обод  бўлиши, аввало, ушбу кичик жамиятнинг  тинчлиги, тотувлиги, аҳиллигига боғлиқ. Оиладаги тинчлик-хотиржамликни ва саодатни таъминлаш оиладаги ҳар бир шахс ўз масъулиятини тўлиқ ҳис қилиши ва бажариши билан барқарор ва мустаҳкамлаш бўлади. Бундай масъулиятни эса, эр ва хотин ўртасини боғлаб турувчи никоҳгина мустаҳкамлаши ва жорий қилиши мумкин.

Мустаҳкам ва саодатли оилада эр-хотин ўзаро тотув яшаши, бир-бирининг яхши ва ёмон жиҳатларини кўтариши, айб ва камчиликларини кечириши, тинч ва тотув яшаши лозим. Бу ҳақда Қуръони каримнинг “Нисо” сураси 19-оятида бундай дейилган: яъни, “Эй, имон келтирганлар! Сизларга хотинларни мажбурий равишда мерос қилиб олиш ҳалол эмасдир». Яна, уларга берган маҳрларингизнинг бир қисмини қайтариб олиб кетиш ниятида хотинларингизга тазйиқ қилмангиз! Агар улар аниқ бузуқлик қилсалар (бу мустаснодир). Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин[1]”.

Мана шундай ояти карималар орқали Ислом ўзининг илк давриданоқ оилада аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш, ҳурматини жойига қўйиш билан уларнинг жамиятдаги мавқеини юксалтирган. Аёл кишига комил инсон, ҳурмат-эътиборга ва чиройли  муомалага муносиб улуғ шахс сифатида эътибор  қаратган.

Оила мустаҳкамлиги масаласига умумдавлат миқёсида эътибор қаратилаётгани унинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий-маънавий вазифалар тизимидаги ўрни ва улкан аҳамиятини яққол кўрсатиб турибди. Оила инсоннинг дунёвий саодатини таъминловчи қўрғондир.

Маълумки, мамлакатимизда аёлларни ҳуқуқи тўла тўкис ҳимоя қилинади. Чекка-чекка қишлоқларимизда ҳам аёлларни соғлиғини тиклаш, шифохоналарни ташкил қилингани, барча ижтимоий сиёсий соҳаларда уларнинг фаол қатнашиб келаётгани бунинг ёрқин мисолидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳажжатул Вадоъда эркакларга мурожаат қилиб шундай дедилар: “Аёллар ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар, дарҳақиқат, улар сизнинг ёрдамчиларингиз бўлиб, сизларнинг улардаги ҳаққингиз шундан иборатки, сизнинг уйингизга сиз ёқтирмаган бирорта кимса бостириб киришига йўл қўймаслик. Борди-ю, шундай қилсалар уларни жароҳат етказмайдиган қилиб уришиб қўйингиз! Ўз навбатида сизлар ҳам уларни яхшилик билан едириб, кийдирингиз”[2].

Фарзандларни одатда оналар эмизиб тарбия қиладилар. Моддий таъминот бўйича аёл эридан унинг тоқати етмайдиган нарсаларни талаб қилиш мумкин эмас. Уламоларимиз айтадиларки, эрининг топганига қаноат қилмасдан, ундан янада кўпроқ нарсалар талаб қилган аёллар гуноҳкор бўладилар.

Шубҳасиз, оила мустаҳкамлигининг асосий омилларидан бири унинг қонуний ва меҳр-муҳаббат асосида қурилганидир. Шу боис, оилалар билан якка тартибда суҳбат олиб бориш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда маслаҳатчилар ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўтказилаётган тадбирлар яхши самара бермоқда. Хусусан, хотин-қизлар қўмитаси, ФҲДЁ бўлимлари, ҚВП ва оилавий поликлиникалар ҳамкорлигида аҳоли ўртасида оила ва никоҳ муносабатларининг қонунийлигини таъминлаш, ёшларни турмушга тайёрлаш, никоҳдан аввал тиббий кўрикдан ўтказишга бағишланган турли маънавий-маърифий тадбирлар уюштирилаётир. Бундай тадбир ва тарғиботлар ёшларнинг мустаҳкам оила қуришларига замин яратади.

Инсон табиатидаги энг яхши фазилатлар, дунёқарашини белгилайдиган маънавий мезонлар аввало оила, маҳалла, қолаверса, мактаб бағрида куртак ёзади. Ҳар бир боланинг эртага қандай инсон бўлиб вояга етиши, иқтидорининг шаклланиши мана шу уч муҳим бўғин ҳамкорлиги ва таълим-тарбиясига боғлиқ. Барчамизга яхши маълум, таълимни тарбиядан, тарбияни таълимдан айро ҳолда тасаввур қилиш мумкин эмас. Эртанги кунимиз эгалари бўлган ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол инсонлар бўлиб вояга етишида нафақат ота-она ёки ўқитувчи, балки қўни-қўшни, маҳалла-кўй ҳам бирдек жавобгар.

Хулоса ўрнида, жаҳоннинг бирорта мамлакатида оила ва унинг муаммоларини бу қадар изчил ва кенг қамровли илмий асосда ўрганиш ва ечишга киришилганлигини тарих билмайди. Фақат ўз эркини қўлга киритиб, ҳурлик нашидасини сура бошлаш жараёнидаёқ унинг масъулиятини чуқур ҳис қилаётган Ўзбекистондагина оила саодати − ватан ва халқ саодати негизи тарзида тушунилганидан шундай оқилона йўл тутилди.

 

Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси

 Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи

 

[1] Қуръони Карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи  Шайх Абдулазиз Мансур. Т.: «Тошкент Ислом университети» нашриёт – матбаа бирлашмаси.  2004

 

 

[2] Ибн Можа “Сунани Ибни Можа”. ал-Мактаба аш-Шомила.ж -3.  57-б