Аллоҳ таоло нозил қилган китобларга иймон келтириш ҳақида

23

Инсон бу дунё ва охират саодатига эришиши учун ислом динини қабул қилиши керак бўлади. Ислом динига кириши учун Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, ўлимдан кейин қайта тирилишга, тақдирнинг яхшиси ҳам ёмони ҳам Аллоҳ таолодан эканига ва қиёмат кунига иймон келтириши лозим. Иймон бу қалб билан тасдиқлаб, тил билан иқрор бўлишдир.

Иймон келтириш фарз бўлган нарсаларнинг учинчиси яъни, Аллоҳ таоло нозил қилган китобларга иймон келтириш ҳақида айтадиган бўлсак, Аллоҳ таоло бандаларини тўғри йўлга бошлаш учун, зулматдан нурга, залолатдан ҳидоятга олиб чиқиш учун Росулларини юбориб, уларга ўзининг илоҳий каломини нозил қилди. Мўмин банда Аллоҳ нозил қилган барча китобларга иймон келтириши фарзи айн бўлади.

Аллоҳ таоло ўзининг каломи шарифида марҳамат қилади:

 

{ ءَامَنَ ٱلرَّسُولُ بِمَاۤ أُنزِلَ إِلَیۡهِ مِن رَّبِّهِۦ وَٱلۡمُؤۡمِنُونَۚ كُلٌّ ءَامَنَ بِٱللَّهِ وَمَلَـٰۤىِٕكَتِهِۦ وَكُتُبِهِۦ وَرُسُلِهِۦ }

 

“Пайғамбар унга ўз Роббисидан туширилган нарсага иймон келтирди ва мўминлар ҳам. Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига ҳамма-ҳамма иймон келтирди.” [Бақара сураси: 285]

Юқоридаги оят Аллоҳ таоло юборган барча китобларга иймон келтириш фарз эканига далил бўлади. Аллоҳ нозил қилган китобларни сонини чеклаб қўймаймиз. Чунки, илоҳий китобларнинг сони очиқ-ойдин қатъий далил бўладиган оят-ҳадисларда очиқ-ойдин айтилмаган. Агар биз илоҳий китобларнинг сонини чеклаб қўйсак, Аллоҳ биз тайин қилган сондан кўпроқ ёки озроқ китоб нозил қилган бўлса, биз Аллоҳ нозил қилган баъзи китобларни инкор қилган бўлиб қоламиз ёки Аллоҳ нозил қилмаган бирорта китобни илоҳий китоблар ичига киргизиб қўйган бўламиз. Бу иш эса куфр саналади.

Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлида собитқадам қилсин.

Мирмахаматов Муҳаммад

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси