Фаришталарга иймон келтириш ҳақида

21

Инсон бу дунё ва охират саодатига эришиши учун ислом динини қабул қилиши керак бўлади. Ислом динига кириш учун Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, ўлимдан кейин қайта тирилишга, тақдирнинг яхшиси ҳам ёмони ҳам Аллоҳ таолодан эканига ва қиёмат кунига иймон келтириши лозим. Иймон бу қалб билан тасдиқлаб, тил билан иқрор бўлишдир.

Бугун иймон келтириш фарз бўлган нарсаларнинг иккинчиси яъни, фаришталарга иймон келтириш ҳақида гаплашамиз.

Фаришталар Аллоҳ таолонинг икром қилинган бандаларидир. Аллоҳ таоло Анбиё сурасининг 26-оятида марҳамат қилади:

(بَلۡ عِبَاد مُّكۡرَمُونَ)

“Балки (фаришталар) икром қилинган бандалардир”.

Улар нурдан яратилган. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ ﷺ айтадилар:

(خلقت الملائكة من نور)

“Фаришталар Нурдан яратилгандир”.

Фаришталар Аллоҳга исён қилмайдилар. Аллоҳ таоло Анбиё сурасининг 27-оятида айтади:

{لَا یَسۡبِقُونَهُۥ بِٱلۡقَوۡلِ وَهُم بِأَمۡرِهِۦ یَعۡمَلُونَ}

“Улар (Фаришталар) ундан (Аллоҳдан) олдин сўз айтмаслар. Улар унинг амри ила амал қилурлар”.

Фаришталар эркаклик ва аёллик билан сифатланмайдилар. Ким фаришталари аёл жинсидан деса кофир бўлади. Аллоҳ таоло айтади:

{ إِنَّ ٱلَّذِینَ لَا یُؤۡمِنُونَ بِٱلۡـَٔاخِرَةِ لَیُسَمُّونَ ٱلۡمَلَـٰۤىِٕكَةَ تَسۡمِیَةَ ٱلۡأُنثَىٰ }

“Албатта, охиратга иймон келтирмаганлар фаришталарни аёл номи билан номларлар”. [Нажм сураси: 27]

{ أَفَأَصۡفَىٰكُمۡ رَبُّكُم بِٱلۡبَنِینَ وَٱتَّخَذَ مِنَ ٱلۡمَلَـٰۤىِٕكَةِ إِنَـٰثًاۚ إِنَّكُمۡ لَتَقُولُونَ قَوۡلًا عَظِیما }

“Роббингиз сизларга ўғилларни хос қилиб бериб, фаришталарни ўзига қиз қилиб олдими? Сиз зўр гапни айтмоқдасизлар”. [Исро сураси: 40]

{ وَجَعَلُوا۟ ٱلۡمَلَـٰۤىِٕكَةَ ٱلَّذِینَ هُمۡ عِبَـٰدُ ٱلرَّحۡمَـٰنِ إِنَـٰثًاۚ أَشَهِدُوا۟ خَلۡقَهُمۡۚ سَتُكۡتَبُ شَهَـٰدَتُهُمۡ وَیُسۡـَٔلُونَ }

“Улар Роҳманнинг бандалари бўлмиш фаришталарни аёллар ҳисобладилар. Ёки уларнинг яратилишига гувоҳ бўлдиларми?! Албатта, бу гувоҳликлари ёзилур ва сўроққа тутилурлар!”. [Зуҳруф сураси: 19]

Юқоридаги оятларнинг барчаси фаришталар аёл жинсидан эмаслигига далолат қилади.

Ким фаришталарни эркаклик билан сифатласа фосиқ бўлади. Чунки фаришталарнинг эркак жинсидан эканига оят-ҳадислардан далиллар келмаган. Унинг бу иши билмаган нарсасига гувоҳлик бериш ва ёлғон гапириш ҳисобланади.

Аллоҳ барчамизни тўғри йўлида собитқадам қилсин.

 

Мирмахаматов Муҳаммад

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси