ОИЛА – ФАРОҒАТ ҚАСРИДИР!
97

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барча мавжудодлар каби инсонни ҳам жуфт қилиб яратган. Шунинг учун ҳам одамзод илк пайғамбар Одам алайҳиссалом ва унинг жуфти ҳалоли Момо Ҳавводан бошлаб Аллоҳнинг амри ила жуфт-жуфт бўлиб яшайди, инсон наслини давом этиши ҳақида бош қотиради. Кейинчалик оила деган азиз бир қаср пайдо бўладиким, у одамларнинг фароғат ва хотиржамлик, садоқат ва фаровонлик маконига айланади.
Оила — ҳар бир жамиятнинг бошланғич ҳужайраси ҳисобланади. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта, мустаҳкам, фаровон бўлади. Аксинча, оилаларда парокандалик, бузғунчилик бўлса, ҳалол-ҳаромнинг фарқи қолмаса, ўша жамият бузилади, тинчи йўқолади, у оқибатда чуқур таназзулга юз тутади.
Шу боисдан энг мукаммал дин бўлмиш Ислом оиланинг поклиги, камолоти, осойишталигига ҳамиша катта эътибор билан қараб келади. Оиланинг бош ҳужжати саналмиш никоҳни инсон муносабатлари ичида энг муқаддас алоқа, деб ҳисоблайди. Никоҳсиз асло оила бўлолмаслигини таъкидлайди. Никоҳ — Аллоҳ амри билан, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари билан, мўмин-мусулмонларнинг гувоҳлигида боғланган алоқа бўлгани учун муқаддас саналган. Оила қуришда бўлажак келин ёки куёв қандай сифатларга эга бўлиши ҳақида ҳам расулимиздан бир қатор кўрсатмалар бор.
Расулуллоҳ алайҳиссаломдан ривоят қилинган бир ҳадиси шарифда келтиришича, “Келин танлаш вақтида тўрт нарсага албатта қизиқилади: Қизнинг молига, ҳусни жамолига, насаб-ҳасабига, дину диёнатига. Диндорини танлагин”, дейилган. Бундан кўриниб турибдики, оила қурмоқчи бўлган ҳар бир инсон энг аввало жуфтининг иймонли, эътиқодли, ҳалол-пок, садоқатлисини танлаши керак.
Лекин кўпинча ана шу улуғ ҳикмат бўлган жаноби Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари унутиб қўйилади. Баъзилар келиннинг мол-дунёсига учишади. Лекин вақт ўтган сари бойлик, давлат кетадиган нарса. Ота-онасининг насл-насаби ҳам янги оилага кўчмайди, уйида қолади. Ҳусн-жамол ҳам боқий эмас, йиллар уни ҳам йўқотади. Хўш, келин билан келадиган нарсалар нима? Булар қизнинг дини, иймони, одоб-аҳлоқи, ҳаёси! Келин одоб жиҳатидан гўзал, ахлоқ жиҳатидан хушхулқ, ўзи диндор, диёнатли бўлса, бундайлар оиланинг ҳақиқий бекалари, фароғати ва устуни бўлади. Ана шундай келин топган одам, бахтли оилага мустаҳкам замин қўйган бўлади.
Куёв танлашда ҳам унинг ташқи жиҳатларига кўпроқ эътибор берадиган бўлиб кетганмиз. Қайси ўқув юртида ўқийди, машинаси, кўркам уйи борми, қанча пул топади, ота-онаси бадавлатми — ҳаммасини суриштирамизу, аммо энг асосийсини — ахлоқлими, диндорми бунисини ўйлаб кўрмаймиз. Тўғри бахтли яшаш учун мол-дунё ҳам, машина-ю уй ҳам керак! Бироқ Расулуллоҳнинг мана шу ҳадисларини ёддан чиқармаслик лозим: “Агар сизга хулқдан, динидан ўзингиз рози бўлган киши (яъни яхши хулқ-ахлоқли, диндор киши) қизингиз ёки синглингизни сўраб келса, шунга беринг, уйлантиринг. Агар бермасангиз, Ер юзида катта фасод, фитна бўлади”.
Аммо ҳозирги вақтда куёв ёки келин танлашда кўпинча нотўғри холатларга дуч келинмоқда. Баъзилар хоҳ келинни, хоҳ куёвни суриштирмай ёки оила қураётганларнинг розилигини олмай тўй бошлаб юборишади. Бундай шариатга хилоф ишлар динимизда йўқ нарсадир. Йигитдан ҳам, қиздан ҳам болам ёки укам деб, маслаҳатлашиб “фалончига уйлантирмоқчимиз, розимисан, ўзинг бир кўргин”, деган маънодаги гаплар сўралиши керак. Никохдан ўтувчи ҳар бир кишининг розилиги никоҳга шарт қилиб қўйилган. Ҳадисларда, айниқса қизлардан кўпроқ сўралиши таъкидланган. Чунки кўпинча қизлардан сўрамай уларни турмушга бериб юбориш одат тусига кириб қолган.
Оилада яна бир муҳим ҳолат борки, бу эр-хотиннинг ҳаёли бўлишларидир. Оиладан ҳаё кетар экан, унга дарз тушади, ундан бахт юз ўгиради, завол етади. Ҳаё энг аввало эр-хотиннинг авратларини асрашдан бошланади.
Аврат – эркак ва аёлларнинг баданидаги ўзгалар назари тушиши мумкин бўлмаган уят жойларидир. Эркакларда киндигидан тиззасининг остигача ҳисобланса, аёлларнинг юзи ва кафтидан бошқа ҳамма ери аврат хисобланади. Аллоҳ азза ва жалла ўз каломи бўлмиш, Қуръони Каримда авратни ёпиш вожиб эканлигини марҳамат қилади. Авратни сақлаш зинодан тўхташга тааллуқли бўлганидай, уни беркитишга ҳам тааллуқлидир. Уломолар авратни тўсиш вожиб эканлигига иттифоқ қилишган.
Ахлоқий тарбия диний тарбия билан чамбарчас яъни жуда ҳам боғлиқдир. Ислом динида ахлоқий тарбия диний тарбиянинг ажралмас қисми, десак муболаға қилмаймиз. “Эй Расулуллоҳ! Биз ота-онанинг ҳаққини билдик. Аммо фарзанднинг хаққи нимадан иборат?”, деган саволга Пайғамбаримиз (с.а.в): “Унга чиройлик исм қўйиб, гўзал одоб бериш”, дедилар. (Байҳақий).
Демак, оила мустаҳкам ва жамият ривожига ўз ҳиссасини қўшиши учун аввало ота–оналар фарзанд тарбиясига ва янги оила қураётган ёшларни ўз тенглари билан жуфтлантиришга маъсулият билан ёндашиши, ота-оналарнинг ўзлари бу ишларда намуна бўлишларини асло унутмасликлари лозим.
Ўткир Маҳмудов
“Хожа Бухорий” номли ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
