Маккаи мукаррамада пайғамбар алайҳис салом ҳақларида нозил бўлган ояти карималар мазмун-моҳияти
31

Пайғамбаримиз Расулуллоҳ ﷺ ҳақларида маккада нозил бўлган бир нешта суралар ва оятлар мавжуд. Расулуллоҳ ﷺ ҳақларида нозил бўлган суралар: “Қалам”, “Яасиин” ва “Қасос” маккада нозил бўлган. Шунингдек яна Расулуллоҳ ﷺ ҳақларида бир нешта оятлар нозил бўлган. Расулуллоҳ ﷺ милодий 571-йилнинг апрел ойи ҳижратдан 53 йил олдин, рабиъул аввал ойида душанба куни бомдод чоғида дунёга келганлар. Туғилган саналари ҳақида бир нечта маълумот бор: 8, 9 ёки 12 рабиъул аввал бўлиши мумкин. Бу апрел ойининг 19, 20, ёки 23 санасига тўғри келади. Лекин рабиъул аввал ойининг тўққизинчи санаси душанба куни бўлган. Расулуллоҳ ﷺ Макка шаҳрида, Бану Ҳошим маҳалласида, амакилари Абу Толибнинг уйида туғилганлар. “Расулуллоҳ ﷺ нинг туғилишларида Фиръавннинг аёли Осиё, Ийсо алайҳиссаломнинг онаси Марям келиб доялик қилган”, деган гап асоссиздир. Пайғамбаримиз ﷺнинг туғилишларида Шифо бинти Авф розияллоҳу анҳо доялик қилган. Саҳиҳ шажаралари: Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмутталиб (исми Шайба) ибн Ҳошим (исми Амр) ибн Абдумаъносиф (исми Муғийра) ибн Қусай (исми Зайд) ибн Килоб (исми Ҳаким) ибн Мурра ибн Каъб ибн Луай ибн Ғолиб ибн Фиҳр ибн Молик ибн Назр (исми Қайс) ибн Кинона ибн Хузайма ибн Мудрика (исми Омир) ибн Илёс ибн Музар ибн Низор ибн Маъадд ибн Аднон. Эмизилишлари: Набий ﷺни аввало оналари Омина бинти Ваҳб етти кун эмизган, кейин амакилари Абу Лаҳабнинг озод қилган чўриси Сувайба эмизган. Шундан сўнг, Набий ﷺни Тоифнинг ортида жойлашган Бану Саъд қабиласига мансуб Ҳалима бинти Абу Зуайб розияллоҳу анҳо энг кўп эмизиш бахтига муяссар бўлган. У Расулуллоҳ ﷺни икки йил эмизган. Энагалари: Расулуллоҳ ﷺга Абдуллоҳнинг жорияси бўлган Барака бинти Саълаба розияллоҳу анҳо энагалик қилган. У Абдуллоҳнинг вафотидан сўнг Расулуллоҳ ﷺнинг хонадонларида қолган. Кейинчалик Убайд ибн Ҳорис Хазражийга турмушга чиқиб, ундан Айман исмли ўғил кўриб, Умму Айман деб куняланган. Хатна қилинишлари: Расулуллоҳ ﷺ етти кунлик бўлганларида боболари Абдумутталиб хатна қилган. Шаққус содр (кўксиларини ёриб, қалбларини шайтоннинг васвасасидан тозалаш) воқеаси биринчи марта 4 ёшликларида (ҳижратдан аввалги 49 йил/мил. 575), Бану Саъд қабиласида эканликларида пайғамбарликка тайёрлаш учун содир бўлган. Ушбу воқеадан сўнг Ҳалима розияллоҳу анҳо жуда хавотирга тушди ва Набий ﷺни олиб Маккага қайтди. Болаликлари: Расулуллоҳ ﷺ олти ёшга тўлганларида боболари Абдулмутталиб марҳум ўғлининг қабрини ва қариндош-уруғларини зиёрат қилиш мақсадида набираси Муҳаммад ﷺ, ходимаси Умму Айман ва келини Оминани олиб, Мадинага борди. У ерда қариндош-уруғларини зиёрат қилиб бир ой туришди. Қайтаётганларида, Омина бетоб бўлиб, Абво деган сўлим бир қишлоқда вафот этди. Шундан сўнг боболари Абдулмутталиб у зотни қарамоғига олди. Икки йилдан сўнг боболари ҳам вафот этди. Кейин амакилари Абу Толиб у зотга ғамхўрлик қилишни зиммасига олди. У ушбу вазифани то ўлимига қадар муҳаббат билан адо этса ҳам, афсуски, Исломни қабул қилмади. Шомга биринчи сафар: Расулуллоҳ ﷺ 12 ёш, икки ой ва ўн кунлик бўлганларида амакилари Абу Толиб у зотни олиб, Шомга тижорат сафарига чиқди. Бусро шаҳрига етганларида Бухайро номи билан танилган Жиржис (Георгий) исмли роҳибни учратдилар. У Набий ﷺни келажакда Пайғамбар бўлишларини айтиб, яҳудийлар ва румликлар зарар етказишидан қўрқиб, у зотни Шомга олиб бормасликларини ва орқага қайтариб юборишларини сўраб ўтинди. Абу Толиб Набий ﷺни ғуломларидан бирига қўшиб Маккага қайтариб юборди.
Қуръони каримда Пайғамбар алайҳиссаломни сифатлаб у кишининг хулқ-одобларини инсонлар ўртасида бўлган муъомалалари ҳақида кўплаб суралар нозил бўлгандир. Булардан:
Аллоҳ Қуръони каримнинг “Қосос” сурасининг 56 оятида шундай марҳамат қилади:
(إنَّك لا تهدي من أحببْتَ ولكنَّ اللهَ يهدي من يشآءُ وَهُوَ أَعْلَمُ بِالْمُهْتَدِينَ)
- (Эй Муҳаммад), аниқки, сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмассиз, лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. У ҳидоят топгувчи зотларни яхшироқ билгувчидир.
Ушбу оят пайғамбар ﷺнинг амакилари Абу Толиб ҳақида нозил бўлгандир. Маълумки, Абу Толиб Муҳаммад ﷺ ни болалик чоғларидан бошлаб ўз оталиғига олиб то умрининг охиригача ҳам у зотга ҳомийлик қилган бўлса-да, ўзи Исломга кирмаган эди. Абу Толиб пайғамбаримизни ўз ўғлидек яхши кўрар ва у зотни мудом бошқа мушрикларнинг хуружларидан ҳимоя қилиб келар эди. Шунинг учун ҳам унга ўлим соати яқинлашганида, пайғамбар ﷺ уни кофир ҳолда ўлиб кетишини истамай: “Эй амаки, “Ла илоҳа иллаллоҳ” денг, мен қиёмат кунида сизни мўмин ҳолда вафот қилган деб гувоҳлик берай”, деганларида, у: “Мен сенинг йўлинг ҳақ эканлигини биламан, аммо одамлар: “Абу Толиб ўлимдан қўрқиб иймон келтирди”, дейишларини хоҳламайман”, деб жавоб берган экан. Шунда, ўзининг суюкли амакиси дунёдан беиймон кўз юмаётганидан беҳад ғам-ғуссага тўлган пайғамбарига Ҳақ таоло юқоридаги оятни нозил қилган.
Бу ояти карималарда очиқ баён қилинмоқдаки, ҳидоят ва залолат банданинг ўз ихтиёри билан амалга ошадиган нарсалар эмас. Аксинча Аллоҳ хоҳлаган кимсаси қалбида залолат, хоҳлаган кимсаси қалбида ҳидоят феълини яратади.
Аллоҳ Қуръони каримнинг “Ясийн” сурасининг 3 оятида шундай марҳамат қилади:
(.إِنَّكَ لَمِنَ الْمُرْسَلِينَ)
- Ҳақиқатан, Сиз пайғамбарлардандирсиз!
“Ё, Син” сўзи тафсирида “Эй, инсон!”, “Эй, Муҳаммад!”, “Эй, Саййид!” каби ривоятлар бор.
Сурада Муҳаммад ﷺнинг ҳақиқий пайғамбар эканликлари, Исо (а.с.) томонидан Антокияга (Византиянинг қадимий шаҳри) юборилган элчиларнинг кўрган кечирганлари, Ҳабиб ан-Нажжор исмли шахснинг имон йўлида қурбон бўлиши, қуёш, ой, юлдузларнинг илоҳий қонуният асосида фаолият кўрсатиб туриши, шунингдек, жаннат ва дўзах аҳлининг қиёмат кунидаги ҳолатлари, тавҳид, қайта тирилиш ҳақлигига далолат қилувчи оятлар баён етилган.
Аллоҳ Қуръони каримнинг “Қалам” сурасининг 4 оятида шундай марҳамат қилади:
(وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيمٍ)
- Ва албатта, сен улкан хулқдасан.
Бу ояти карима Пайғамбар ﷺ учун катта баҳодир. Аввало, ўтган оятда Аллоҳ таоло у зотга “Роббиинг” деб Ўз исми шарифига қушиб хитоб қилган эди. Энди эса у кишининг хулқларини улуғлик билан сифатланмоқда. Оиша онамиздан у кишининг хулқлари ҳақида сўранганда, “Ҳулқлари Қуръон эди”, деб жавоб берганлар. Яъни Муҳаммад ﷺ Қуръондаги олий хулқлар билан хулқ ланганлар. Ул зот ﷺ Қуръондаги барча яхши одоб-ахлоқни ўзларига сингдирганлар.
Пайғамбаримиз ﷺнинг ўзлари “Мен яхши хулқларни батамом қилиш учун юборилганман”, деганлар.
Бошқа бир ҳадисларида эса: “Киши яхши хулқи билан кундузи рўза тутиб, кечасини намоз ўқиб ўтказадиганлар даражасига етади”, деганлар.
Умуман, одоб ахлоқ, яхши хулқга Исломда катта эътибор берилган. Мазкур оят ҳам шулардан биридир.
“Ва албатта, сен улкан хулқдасан”, деган хитоб билан Аллоҳ таоло Ўзининг маҳбуб Пайғамбарининг нақадар чиройли ахлоқ эгаси эканликларини таъкидламоқда.
Бу оят тафсирини шарҳлаб имом Аҳмад ибн Ҳанбал шундай ривоят қиладилар: Оиша онамиз: “Расулуллоҳ ﷺ ҳеч қачон на қўл остидаги ходимни ва на хотинни урмаганлар. Жиҳоддан бошқа жойда ҳеч нарсани қўллари билан урмаганлар. Икки ишдан бирини танлайдиган бўлсалар, гуноҳ бўлмаса, албатта осонини танлардилар. Агар гуноҳ иш бўлса, ундан узоқда бўлардилар. Ўзлари учун ҳеч қачон интиқом (ўч) олмаганлар. Агар Аллоҳ ҳаром қилган нарсалар содир қилинсагина Аллоҳ учун интиқом олганлар”, деганлар.
Хуллас, Пайғамбар ﷺнинг хулқлари ҳақида ҳар қанча гапирилса оз. Мазкур оятнинг ўзи ҳамма нарсадан устундир.
“Буюк хулқ”нинг маънолари ҳақида турли тафсирлар бор. Аввало хулқ бу ерда ўзининг асл маъносида ишлатилгани маъқул. Ҳадисда Расулуллоҳ ﷺнинг ўзлари: “Мен макорими ахлоқни такомиллаштириш учун юборилганман”, – деганлар. Ҳақиқатан, Муҳаммад ﷺ биринчи даражадаги комил инсон эканларига асло шубҳа йўқ.
Бошқача тафсир қилувчилар бу оятдаги “буюк хулқ”дан мурод – Қуръон ёки улуғ дин, яъни ислом дини деб изоҳлашга ҳаракат қилганлар.
Сурада қалам ва ёзув қуролларининг шаъни улуғланади ва улар билан қасамёд этиб, Аллоҳ ўз пайғамбарининг ҳақ экани, мушрикларнинг инкори ва бўҳтонлари ботил эканини исботлайди. Сурада бахиллик қораланади ва унинг ёмон оқибатлари ифода этилади.
Асқаров Акбархон
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
