Солиҳ амаллар ва шукроналик ҳақида

11

304-мактуб. Мавлоно Абдулҳайга ёзилди.

Солиҳ амаллар ва шукроналик ҳақида

Ҳамду сано ва саловотдан сўнгра, билгинки, Аллоҳ Таоло сизни саодатманд қилсин, мен Аллоҳ таоло Қуръон оятларида жаннатга киришни боғлиқ қилиб қўйган солиҳ амаллардан мурод барча солиҳ амалларми ёки баъзисими эканлигига узоқ вақт иккиланиб юрдим. Агар барчаси десак, жуда қийин иш, камдан-кам одам уларни бажаришга муваффақ бўлади. Агар баъзиси, десак, бунда ҳам нотайин ва номаълумдир. Охири, Аллоҳ таолонинг  фазл-у раҳмати билан хотиримга қуюлдики  бундан мақсад Исломнинг беш рукни бўлса керак. Агар ушбу беш рукн комил важҳада адо қилинса, умидки, дўзахдан нажот топиш ва ютуққа эришиш нақддур.

Чунки, булар ўзлари солиҳ амал бўлиши билан бирга ёмонликлардан ва мункар ишлардан тўсгувчи ҳамдир. Бунга далил Аллоҳ таолонинг, “Албатта намоз фаҳш ва мункар ишлардан қайтаради “деган сўзидур. Яна ушбу беш рукнни бажариш муяссар бўлса, Аллоҳ таолонинг шукри адо қилинган бўлади ва азобдан нажот топиш ҳосил бўлади. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ сизни азоблаб нима қилсин, агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз”. Демак ушбу беш рукнни бажаришга тоқати етгунча ҳаракат қилиш керак. Хусусан, диннинг устуни бўлган беш вақт намозни ўз вақтида адо қилиш керак. Имкон борича унинг одобларидан бирор одобни тарк қилишга ҳам рози бўлмаслик керак. Намозни мукаммал адо қилсангиз исломнинг энг буюк аслини қўлга киритган бўласиз.

Яна, билмоқ керакки, намозга киришишдаги биринчи такбир Аллоҳ таоло обидларнинг ибодатидан, намозхонларнинг намозидан беҳожат ва буюк эканлигига ишорадир. Қиём, рукуъ,сажда каби намоз арконларидаги такбирлар ҳар бир рукнни лойиғича адо қилолмасликка ишорадир. Рукуънинг тасбиҳида такбирнинг маъноси борлиги учун рукуъдан кейин такбир айтиш буюрилмаган. Саждаларда эса бу маъно бўлса ҳам олдин ва кейин такбир айтиш буюрилди, чунки  сажда хорликнинг ва синиқликнинг энг охирги ҳолати бўлгани учун, киши сажда билан  ибодатнинг,  қулликнинг  ҳаққи адо қилинади, деб ҳаёл қилмасин. Ана шу ҳаёлни даф қилиш учун сажданинг тасбиҳида “аъло” лафзи ихтиёр қилинди, аввалида ҳам охирида ҳам такбир айтиш суннат бўлди. Намоз мўъминнинг меърожи бўлгани учун унинг охирида Расулуллоҳ ﷺ меърож кечасида мушарраф бўлган сўзларни (ташаҳҳудни) ўқиш буюрилди. Демак, намозхон намозни ўзига меърож (нарвон,юксакларга кўтарилиш воситаси) қилсин. Аллоҳга энг яқинликни намоздан изласин.

Расулуллоҳ ﷺ дедилар: Банда роббисига энг яқин бўлган вақти(пайти) намоздадир. Яна, намозхон ўзини яратган роббиси билан сўзлашувчи, муножот қилгувчидир, Аллоҳнинг қудрати ва буюклигини мушоҳада қилувчидир. Шунинг учун унда намозни адо қилаётган пайтда кучли ҳаяжон ва ҳайбат (қўрқув) пайдо бўлади. Унга тасалли бўлиш учун намозни охирида салом билан тугаллашга буюрилди. Яна ҳадиси шарифда келган, намоздан кейин тасбеҳ, ҳамд ва такбир айтмоқликнинг сири ҳам, менимча. Намозда содир бўлган камчиликларнинг ўрнини такбир ва тасбиҳ билан  тўлдириш  ва ўзининг лойиғича ибодат  қилолмаслигини эътироф этишдир.

Ҳам ибодатни адо этиш  Аллоҳ таолонинг тавфиқи (муваффақият бериши) билан бўлгани учун ҳамд айтиб бу неъматнинг шукри бажо келтирилади ва Аллоҳдан бошқа ибодатга ҳақли зот йўқлигини таъкидлаб таҳлил айтилади.

Намозни мана шундай барча шартлари ва одоблари билан қўшиб адо қилинса, сўнгра ушбу покиза сўзлар билан камчиликлар ўрни тўлдирилиб тавфиқ неъматининг шукри бажарилса ва чин қалбдан Аллоҳдан бошқа ибодатга ҳақли зот йўқлигини эсланса, умидки ушбу намоз Аллоҳнинг даргоҳига қабул ва унинг эгаси ҳақиқий намозхон ва ютуққа эришгувчи бўлади.

Аллоҳим, пайғамбарлар саййидининг ҳурматидан бизни намоз ўқиб ютуққа эришгувчилардан қилгин. Омийн.

219-мактуб Мирзо Эражга ёзилди. Зоҳирий ва ботиний касаллик ҳақида.

Аллоҳ таоло сизни ўз исматида сақласин ва сизнинг шаънингизга доғ туширадиган нарсалардан асрасин, бутун инсониятнинг саййиди Муҳаммад ﷺ ҳурмати билан. Омийн.

Маълумки, инсонга зоҳирий касалликлардан бирор касаллик етса, унинг аъзоларидан бирортасига бир офат етса уни кетгазиш учун, аъзосини тузатиш учун тоқати етгунича ҳаракат қилади, кучини аямайди. Аммо, уни охиратда абадий ўлимга (дўзах азобига) дучор қиладиган қалб касаллигини даф қилишга, тузатишга ҳеч эътибор қилмайди, парво қилмайди. Қалб касаллиги дегани унинг Аллоҳдан бошқа билан машғул бўлишидурки бу нарса кишини  абадий азобга гирифтор қилади. Агар бу машғулликни касаллик, мараз деб билмаса у очиқ нодондир. Агар унинг иллат эканлигини билса-ю парво қилмаса очиқ ахмоқдир. Бу иллатни идрок қила олиш  учун эса, ухровий ақл керак. (Мусанниф наздида ақл икки хил бўлиб, ақли маош-дунёвий ақл, дунё тирикчилигинигина идрок қиладиган ақл ва иккинчиси ақли маод-ухровий ақл, охират ҳаётини тасаввур қиладиган, идрок қила оладиган ақлдир.) Дунёвий ақл эса, калта фикрлиги туфайли фақат юзаки нарсаларнигина кўради. Бу ақл дунёвий неъматлар ва  лаззатларга мафтун бўлиб, маънавий офатларни  касаллик, иллат деб билмайди. Ухровий ақл ҳам охират савоблари сабабли зохирий касалликларни иллат деб ҳисобламайди. Ақли маошнинг назари қисқа, ақли маоднинг эса назари ўткирдир.Ақли маод анбиё ва авлиёларнинг  насибидир, ақли маош эса, бойлар ва дунё эгаларининг марғубидир. Иккисининг ўртасида жуда катта фарқ бор. Ақли маодни  ҳосил қиладиган сабаблар ўлимни эслаш, охират ҳолатларини эслаш ҳамда охират диёрининг сирларидан хабардор  бўлган олим ва зокир кишилар билан ҳамсуҳбат бўлмоқдир.

Байт:

Додим туро аз ганжи мақсуд нишон

Гар мо нарасидим ту шояд бирасий

Маъноси:

Сизни мақсад хазинасига йўлладик, шояд

Биз етмасак-да сизга насиб айлагай

Билмоқ керакки, зоҳирий касаллик шаръий аҳкомларни бажаришда қийинчиликлар туғдирувчидир. Ички касалликлар (қалб касалликлари) ҳам шу каби қийинчилик келтириб чиқарувчидир. Аллоҳ таоло ўз каломида шундай хабар беради: “Сиз унга чақираётган  нарсалар (шариат аҳкомлари) мушрикларга жуда оғир, қийиндир.” Яна айтади: “Ва  албатта бу намоз жуда катта(оғир)дир магар қўрқувчиларга (Аллоҳдан қўрқувчиларга оғир эмасдир).” Ташқи кўринишда қувват камлиги ва аъзолар заифлиги қийинчилик туғдирса, ичкаридан ишончнинг заифлиги, иймон нурининг ноқислиги амалнинг осонлигини йўққа чиқаради. Ҳолбуки, шаръий таклифлар барчаси енгил ва тўла осонликдадир. Бунга Аллоҳ таолонинг: “Аллоҳ сизга осонликни хоҳлайди, қийинчиликни хоҳламайди”  ва “Аллоҳ сизларга енгил қилишни хоҳлар, инсон заиф қилиб яратилгандир” деган сўзлари гувоҳдир. Байт: Хуршид на мужрим ар каси бийно нест. Маъноси: Гар киши кўр бўлса, қуёшда не айб. (Шариат таклифлари қанча енгил бўлса ҳам, кишининг қалбида иллат бўлса қийин кўринади-да). Демак, ушбу иллатни кетгазиш фикри ва ҳозиқ табибларга мурожаат қилиш кишига лозим ва фарзи айн бўлди. Элчининг зиммасида етказишликдир, вассалом.

Тошқулов Махтумқули

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси