Азон калималарининг маъноси

13

“Манбаларда Етти пири комил Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺдан бошланган “олтин силсила”нинг давомчилари сифатида эътироф этилган. Улар кўнгилни нафсу ҳирсдан поклаш, ҳалол меҳнат қилиб умр кечириш, Аллоҳни жон-дилдан севиш ғояларини тарғиб қилган. Ушбу азиз-авлиёларнинг асарлари, қилган ишлари замонлар оша одамларни тарбиялаб, уларга дину диёнат, одоб-ахлоқ, эзгу сўз ва амалдан сабоқ бериб келмоқда.” (Шавкат Мирзиёев)

Юртимизда шаклланган Нақшбандия тариқати олтин силсиласи Хўжа Имканагий (Китоб туманида) халифалари Муҳаммад Боқий Биллоҳгача давом этган. Муҳаммад Боқий Биллоҳ пирлари Хўжа Имканагийнинг кўрсатмаси билан Ҳинд диёрига бориб Имом Раббоний Аҳмад Сарҳиндий Форуқийни тарбиялаб етиштирадилар. Имом Раббоний Аҳмад Сарҳиндий Форуқий 971 — ҳижрий йилда Сарҳинд шаҳрида туғилган. Ёшлигидаёқ Қуръони Каримни тўлиқ ёд олиб, отасининг қўлида кўбгина арабий китобларни ўзлаштирган, турли илм соҳаларида ўнлаб матнларни ёдлаган. Сўнгра Камолиддин Кашмирий, Ибни Ҳажарил Маккий каби устозлардан ҳадис, тафсир ва усул илмларини эгаллаган. 17 ёшга тўлгунларича бу илмларнинг барчасида мукаммал бўлган. Оталаридан Қодирия ва Чаштия тариқатларидан таълим олиб ижозатга эришган. Оталари ҳаётлик давридаёқ талабаларга зоҳирий ва ботиний илмлардан таълим берар эдилар. Оталари вафотидан кейин ҳаж ибодатини адо қилиш учун сафарга чиқадилар ва Деҳлида Нақшбандия тариқати пирларидан Муҳаммад Боқий Биллоҳ Деҳлавий билан учрашиб, икки ойга яқин у кишининг хизматида бўлиб, Нақшбандия тариқатига иршод оладилар. Имом Раббоний ислом илмлари ривожига, хусусан, Нақшбандия тариқати ривожига катта ҳисса қўшганлар. Айниқса, у кишини толиби илмларга нарсаларнинг ҳақиқатлари ва моҳиятлари ҳақида ёзган мактублари бутун инсоният учун катта руҳий тарбия озуқаси сифатида баҳоланган. Қуйида у кишининг илмларидан баҳраманд бўлиш учун айрим мактубларини ўзбек тилига таржима қилиб эътиборларингизга ҳавола қилишни ният қилдик.

303-мактуб Хожи  Юсуф Муаззинга ёзилди .

Азон калималарининг маънолари ҳақида.

Аллоҳга ҳамду сано ва пайғамбаримизга салоту саломлар бўлсин. Билмоқ керакки, азон калималари еттитадир.

  1. Аллоҳу акбар-Аллоҳ буюкдир. Яъни, Аллоҳ таоло ибодат қилувчининг ибодатига муҳтож бўлишидан буюкдир. Бу сўз ушбу мубҳам маънони таъкидлаш учун тўрт марта  такрорланади. (Яъни: Эй банда ибодатга киришар экансан, яхши англагинки, бу ибодат фақат ўзинг учун, ўзингнинг манфаатинг учундир. Аллоҳ  таоло ҳеч қачон ҳеч нарсага муҳтож эмас.)
  2. Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ— Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан бошқа ибодатга ҳақли зот йўқ. Яъни, Гувоҳлик бераманки, Аллоҳ таоло бандаларнинг ибодатидан беҳожат ва буюк бўлгани билан ундан бошқа ибодатга ҳақли зот йўқ. (Аллоҳ таоло ибодатга муҳтож бўлмаса ҳам банда ибодатсиз яшай олмайди. Ўзи ибодатни даъво қилмаса ҳам, доимо нимагадир қуллуқ қилиб яшайди. Баъзилар молу давлатга қул бўлса, баъзилар обрўга, баъзилар шаҳватга қул бўлиб яшайди. Баъзилар қуёшга сиғинса, баъзилар бутга ибодат қилади. Демак банда ибодатсиз яшай олмайди. Ваҳоланки, Аллоҳдан бошқа ҳеч бир зот, ҳеч бир нарса ибодатга ҳақли эмас. Фақат  Аллоҳга қуллик қилиш керак.)
  3. Ашҳаду анна Муҳаммадар Росулуллоҳ – Гувоҳлик бераманки, албатта Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир. Яъни албатта Муҳаммад алайҳиссалом бандаларга ибодат равишини ўргатмоқлик учун Аллоҳ тарафидан юборилган элчидир. Демак Аллоҳ таолога лойиғича ибодат фақат Муҳаммад алайҳиссалом кўрсатган, ўргатган равишдагина бўлар экан. У киши кўрсатганларидан бошқача ибодат шакллари барчаси бидъат бўлиб, кишини чалғитади ва адаштиради.
  4. Ҳайя алас-солаҳ – намозга келинглар.
  5. Ҳайя алал фалаҳ – нажотга, ғалабага келинглар. Бу икки сўз дунё ва охиратда инсонни катта ютуқларга, саодатга етказувчи, азоб ва уқубатлардан нажот берувчи намозга чақиришдир.
  6. Аллоҳу акбар — Аллоҳ буюкдир. Яъни бирор киши лойиғича ибодат қилмоғидан Аллоҳтаоло буюкдир. Демак ҳеч ким Аллоҳ таолога лойиғича ибодат қила олмайди. Фақат Ўзи буюрганидек ва  Пайғамбаримиз кўрсатганидек  ибодат қилишга ҳаракат қилади.
  7. Ла илаҳа иллаллоҳу— Аллоҳдан бошқа маъбуд йўқ. Яъни агарчи ҳеч кимдан лойиғича ибодат содир бўлмаса ҳам банда ибодат қилишга мажбурдир. Ибодатга эса Аллоҳдан бошқа ҳақли зот йўқ.

Ушбу сўзларнинг нақадар буюк ва муҳим эканлигидан инсоннинг ҳаётида намоз қанчалик аҳамиятли эканлиги англанади.

Ҳикматда айтилганидек: “Йилнинг сероблиги баҳоридан маълум”. Намознинг муҳимлиги азон калималарининг маъносидан маълум. Аллоҳим бизни ихлос билан Пайғамбаримиз ﷺайтганларидек намоз ўқиб ютуққа эришгувчилардан қилгин. Амийн.

 Тошқулов Махтумқули

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси