Аллоҳ таоло Қурони каримда қуйидагича марҳамат қилади:

{ سَبَّحَ لِلَّهِ مَا فِی ٱلسَّمَـٰوَ ⁠تِ وَٱلۡأَرۡضِۖ وَهُوَ ٱلۡعَزِیزُ ٱلۡحَكِیمُ }

“Осмонлардаги ва эрдаги нарсалар Аллоҳга тасбеҳ айтди. Ва у Азиз ва Ҳакимдир”, деган (Ҳадид, 1).

Тасбеҳ айтиш, улуғлаш, поклаш, нуқсонсиз, деб ёд этиш каби маъноларни ўзида мужассамлаштирган.

Аслида, тасбеҳ айтиш “Субҳаналлоҳ” калимасини такрорлаш билан бўлади. Борлиқдаги ҳамма нарса ўзига хос йўл билан Аллоҳга тасбеҳ айтади. Биз фақат инсоннинг тасбеҳини англаймиз, бошқа махлукларнинг тасбеҳини англамаймиз. Бу ҳақиқат Исро сурасида зикр қилинган.

Бошқа сураларда ҳам шунга ўхшаш хабарлар бор.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз ﷺ:

“Янги Пайғамбар бўлган пайтимда Маккада бир тош менга салом берар эди. Ҳозир ҳам уни танийман”, деганлар.

Имом Термизий қилган ривоятда ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу:

“Расулуллоҳ ﷺ билан Макканинг четига чиқдик, кўринган ҳар бир тош, ҳар бир тоғ у кишига “Ассалому алайка, я Расулуллоҳ” дер эди”, деб айтганлар.

Имом Бухорий ривоятларида Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу:

“Расулуллоҳ ﷺ бир тўнка устида хутба айтардилар. У зотга минбар қилиб берилгач, унга чиқиб хутба айтаётганларида, тўнка туянинг овозига ўхшаш овоз чиқариб йиғлади. Расулуллоҳ ﷺ тушиб уни ушлаган эдилар, жим бўлиб қолди”, деганлар.

Оятнинг сўнгида Аллоҳнинг сифатларидан иккитаси зикр қилинади.

Биринчиси – “Азиз”.

Азизлик бир сифат бўлиб, ўз эгасини мағлуб бўлишдан сақлайди. “Аллоҳ кучли ва доимо ғолибдир” маъносини англатади.

Иккинчиси – “Ҳаким”.

Ҳакимлик сифати эса тўғриликни илм ва акл билан топиш маъносини билдиради. Аллоҳнинг ҳакимлиги ҳар бир нарсани бенуқсон, ҳикмат билан қилишидадир. Аллоҳ аъалам.

 Гадаев Рамазан

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси