Илм олувчининг одоб ва ахлоқи
22

Илм ўрганувчи ҳар жабҳада ўрнак бўлиши керак. Бунинг учун эса аввало ўз нафсини, қалбини барча разил хулқу-атворлардан, маънавий нуқсонлардан покланмоғи зарур. Чунки илм, қалб ибодати ва Аллоҳ таолога ботиний қурбат ҳосил қилувчи омилдир. Инсон танасининг ибодати бўлган намоз зоҳирий нажосатлар ва таҳоратсизликлардан покланиб, барча шарт-шароитлари юзага келмагунича дуруст бўлмаганидек, қалб ибодати ва иморати бўлган илм ҳам маънавий нуқсонлар ва иллатлар билан тўлиб тошган жойда юзага келмас.
Аллоҳ таоло ўзининг ояти каримасида:
{ یَـٰۤأَیُّهَا ٱلَّذِینَ ءَامَنُوۤا۟ إِنَّمَا ٱلۡمُشۡرِكُونَ نَجَسࣱ فَلَا یَقۡرَبُوا۟ ٱلۡمَسۡجِدَ ٱلۡحَرَامَ بَعۡدَ عَامِهِمۡ هَـٰذَاۚ وَإِنۡ خِفۡتُمۡ عَیۡلَةࣰ فَسَوۡفَ یُغۡنِیكُمُ ٱللَّهُ مِن فَضۡلِهِۦۤ إِن شَاۤءَۚ إِنَّ ٱللَّهَ عَلِیمٌ حَكِیمࣱ }
“…шак-шубҳасиз, мушриклар нажас – нопокдирлар” (Тавба, 28), деб хабар қилган. Бу оятдаги нажосатдан мурод маънавий нажосатдир. Чунки мушриклар ҳам зоҳирий пок бўлиб юрадилар. Либослари тоза, баданлари нажосатдан холи бўлсада, жасадининг гавҳари, иймоннинг ўрни бўлган қалблари куфр ва ширк билан тўлиб тошган бўлади.
Толиби илм модомики исломий илмларни қалби ва танасига сингдириш мақсадида қадам ташлар экан, қуйидаги сифатларни ўзида мужассам қилиши ва зарарли иллатлардан мутлақо покланиши шартдир: тиришқоқлик, юмшоқ кўнгилчанлик, самимийлик, ихлос, кам гапириш, кам ейиш, кам ухлаш, дарсларга муҳаббатли бўлиш, устозларни иззат-ҳурмат қилиш ва энг асосийси тавозеълик бўлиш. Иллатларга келсак, ғийбатчилик, ёмонлик, кўп гапириш, кўп ухлаш, кўп ейиш, дангасалик, дарсларга эътиборсизлик, устозларни ҳурмат қилмаслик ва энг ёмони мутакаббирлик. Қуйида мазкур сифатлар ва иллатларнинг баъзи бирларини кенгайтириброқ сизга тақдим этамиз. Булар тўғрисида ўзингизда етарли тушунча ҳосил қиласиз, деган умиддамиз. “Тавозеълик” луғатда “камтарлик”, “ҳокисорлик” деган маъноларни англатади. Яна ҳам аниқлик киритадиган бўлсак, “кибр” сўзининг аксидир. Тавозеъли бўлиш шариатимизда кўп мақталган сифатлардандир, шунинг учун ҳам Расулуллоҳ ﷺ ўзлари ўта тавозеъли бўлиш билан биргаликда биз умматларни ҳам тавозеъ булишга тарғиб этганлар. Тавозеъ шариатимиздан чиқмаган ҳолда бажарилсагина ҳақиқий тавозеъ бўлади, акс ҳолда у тилёғламачилик ёки бирор хавфдан қўрққанидан пайдо бўлган иллатга айланиб қолади.
Ҳақиқий тавозеъли мўмин бировга тилёғламачилик қилмайди ёки бирор хавфдан қўрққанидан ёлғондакам тавозеъ қилмайди, балки салобатли, виқорли, шу билан биргалиқда камтарин ва тақводор бўлиб, бошқаларнинг олдида шариат илми ёки унинг аҳлининг хору зор бўлишига йўл қўймайдиган инсон бўлади. Салбий ҳолатларга индамай рози бўлиб, қўлларини кўксига қўйиб, қуллуқ қилиб туравериш эса тавозеълик эмас.
Мукаммал иймон уч аъзонинг тасдиғи билан рўёбга чиқади: қалб, тил ва бошқа аъзолар. Демак, зохиран олганимизда ёлғон тавозеъ қилган кишининг тили ва бошқа аъзоларидаги иймон кетиб, фақат қалбда қолади.
Аллоҳ таоло Фурқон сурасида ўзига севикли бўлган бандасининг сифатларини бирма-бир санаб ўтар экан, дастлаб тавозеъли бўлишлигини келтиради:
{ وَعِبَادُ ٱلرَّحۡمَـٰنِ ٱلَّذِینَ یَمۡشُونَ عَلَى ٱلۡأَرۡضِ هَوۡنࣰا وَإِذَا خَاطَبَهُمُ ٱلۡجَـٰهِلُونَ قَالُوا۟ سَلَـٰمࣰا }
“Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда тавозуь билан юрадиган, жоҳил кимсалар уларга (бемаъни) хитоблар қилган вақтида ҳам “Омон бўлинглар”, деб жавоб қиладиган кишилардир” (Фурқон, 63).
Тавозеъли инсон Раҳмоннинг севикли бандаси бўлар экан, У ер юзида камтарлик, содда ва мулойимлик билан юриши лозим. Унда такаббурлик, манманлик, вахшату даҳшат, турли сохта кўринишлардан асар ҳам бўлмаслиги керак.
Гадаев Рамазан
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
