Саломлашиш аҳамияти

20

Ислом дини кишилар орасида саломни ёйишга тарғиб қилади. Салом исломдаги гўзал хулқлардан ҳисобланади. Зеро, ислом сўзининг ўзагидаги маъноларнинг бири ҳам саломдир. Саломга тарғиб борасида ҳам бир қанча ҳадислар ворид бўлган.

Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ ﷺ Мадинага ташриф буюрганларида инсонлар у зотни қарши олишга чиқдилар ва “Росулуллоҳ ﷺ келдилар” дейишди. Мен ҳам улар  билан бирга чиқдим. У зотнинг юзларига боққанимда юзларини ёлғончининг юзи эмаслигини кўрдим.  У зотдан эшитган биринчи нарсам — “Эй инсонлар саломни ёйинглар, таом беринглар, қариндош-уруғчилик алоқаларини боғланглар. Одамлар ухлаётганида ҳам намоз ўқинглар. Жаннатга салом билан кирасизлар!” бўлди. Саҳиҳи Бухорий 2674.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу шундай дер эдилар: “Росулуллоҳ ﷺ айтганлар: “Саломни ёйинглар, таомлантиринглар ва Аллоҳ азза ва жалла сизларга буюрганидек биродар бўлинглар”. Имом Аҳмад ривояти.

Демак, таниган ва танимаган кишиларга салом бермоқлик динимизнинг кўрсатмаси ва суннат амаллардан экан.  Саломга алик олиш эса вожиб ҳисобланади.

Аллоҳ азза ва жалла каломи шарифида шундай марҳамат қилади:

 

وَإِذَا حُیِّیتُم بِتَحِیَّةࣲ فَحَیُّوا۟ بِأَحۡسَنَ مِنۡهَاۤ أَوۡ رُدُّوهَاۤۗ إِنَّ ٱللَّهَ كَانَ عَلَىٰ كُلِّ شَیۡءٍ حَسِیبًا ٨٦

 

Қачонки сизга бир саломлашиш ила салом берилса, сиз ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки худди ўзидек жавоб беринг. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсанинг ҳисобини олувчи зотдир. Ҳисобга олгувчи бўлган Зотдир.

Нисо сураси 86-ояти

Кимдир “Ассалому алайкум” деб салом берса “Ва алайкум ассалом роҳматуллоҳ” деб алик олиш, агар “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ” деса “Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ” дея алик олиш, агар “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ” деб салом берса “Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ” деб овозни кўтариброқ табассум билан алик олмоқлик лозим. Алик олишдаги зиёдалик ҳар доим ҳам лафз билан эмас балки ўша саломга қўшимча тарзда мамнунлик ва хушнудликни ифодалаш билан ҳам бўлади.

Салом нафақат кишилар орасидаги сўрашиш воситаси балки, исломнинг одоби ҳамдир. Намоздан салом билан чиқилади. Жаннатга ҳам салом билан кирилади. Демак мўминлар учун саломнинг аҳамияти ниҳоятда улуғдир.

 

Ҳомидов Ҳикматуллохон

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси