Марҳумларни хотирлаш ва тирикларни қадрлаш муқаддас бурчимиздир!

43

Ҳар доим ўтмишга назар ташлаб, ундан тегишли хулосалар чиқариш ва шунга мувофиқ иш тутиш хайрлидир. Қуръони каримнинг қарийб учдан бир қисми аввалги ўтган пайғамбарлар ва умматларнинг ҳаётларини баён қилувчи оятлардан иборатдир. Бу – жамият келажагини бунёд қилишда тарихнинг муҳим аҳамият касб этишига далилдир.

Ўтганларни хотирлаш ва қилиб ўтган хайрли ишларини қадрлаш, айниқса, мустақиллик йилларида яхши йўлга қўйилди. Махсус қарорлар билан қатағон йиллари қурбонларидан тортиб, иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар учун пойтахтимизда, вилоят марказлари ва туманларида ёдгорлик сифатида алоҳида майдонлар ва зиёратгоҳлар барпо қилинди. 9 май куни эса “Хотира ва қадрлаш куни” деб эълон қилинди. Собиқ тузум даврида ноҳақ маҳкум этилган, қораланган, қатл этилган ва ҳуқуқлари поймол қилинган юрт ўғлонлари оқланиб, ўзларига яраша турли унвон ва мукофотлар билан тақдирландилар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “(Эй, мўминлар!) Дарҳақиқат, Биз сизларга (ушбу) баён этувчи оятларни, сизлардан илгари ўтганлар тўғрисидаги мисолларни ва тақводорлар учун насиҳатни нозил қилдик”.

Бу фоний дунёдан ўтган инсондан унинг ўчмас хотираси, эзгу ишлари қолади. Шундай экан, марҳумларнинг ҳаётлик даврида қилган яхши амалларини эслаш, тирикларни эса қадрлаш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар” – деб марҳамат қилганлар. Қолаверса аждодларимизнинг эзгу ишлари ўсиб-улғайиб келаётган ёш авлодни она Ватанимиз, халқимизга садоқат, фидойилик ва ҳурмат руҳида тарбиялашга катта хизмат қилади.

Дунёдан ўтган марҳум ва марҳумаларимизни эслаб-хотирлашимиз ва уларнинг руҳларини шод этиш учун ҳақларига дуои хайрлар қилиб туришимиз лозимлиги Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда баён қилинган. Аллоҳ таоло муқаддас Каломида Иброҳим (а.с)нинг дуоларини қуйидагича баён этади: “Ҳисоб-китоб қилинадиган (қиёмат) куни мени, ота-онамни ва (барча) мўминларни мағфират қилгин!”

Оятда мусулмонлар учун бу дунёдан ўтиб кетган ота-онаси, олдинги яшаб ўтган аждодлари ҳамда мўминларни яхшилик билан эслаш ва уларнинг ҳақларига дуо қилишга далолат бордир.

Абу Ҳурайра (рз.) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (сав) шундай дейдилар: “Агар, бир инсон вафот қилса унинг амали тўхтайди. Фақатгина учта нарсадан унга фойда етиб туради: (қолдириб кетган) садақаи жория ёки фойдали илм ёки ҳаққига дуо қилиб турадиган солиҳ фарзандларидан”.

Бизнинг қилаётган барча амалларимиз, марҳумлар ҳақдаги гапларимиз ва дуоларимиз доимо уларга кўрсатилиб турилади. Бу ҳақда Қуръони каримда қуйидагича марҳамат қилинади: “Айтинг: «Ишлангиз! Албатта, Аллоҳ, Расули ва мўминлар ишларингизни кўражаклар. Шунингдек, албатта, ғойиб ва ошкора (ишлар)ни билувчи (зот) ҳузурига қайтарилурсиз. Бас, (ўшанда) сизларга қилган ишларингиз хабарини берур”.

Жобир ибн Абдуллоҳ (рз.) ривоят қилган ҳадисда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар: “Албатта, амалларингиз (вафот қилиб кетган) яқин кишиларингиз ва қариндошларнигизга қабрларида кўрсатилади. Агар (амалларингиз) яхши бўлса, улар бундан шодланадилар …”.

Тарихда яшаб ўтган аждодларимизни ва уларнинг ҳақларига дуолар қилиш билан бирга тез-тез уларнинг қабрларини зиёрат қилиб туриш ҳам манфаатли ва яхши амаллардандир. Бу тўғрида Абу Ҳурайра (рз.)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қабрларни зиёрат қилиб туринглар, чунки, у ўлимни (охиратни) эслатади” — деганлар.

Қабристонларни зиёрат қилиб туришдан асосий мақсад ҳам ўтганларни хотирлаб, ҳақларига дуо қилиш, ўлим ва охиратни эслаш, ибрат кўзини равшанлаштириш, қабристондаги тозалик ва озодалик ишларига ҳисса қўшиш каби эзгу ниятлар билан уйғунлашган бўлиши лозим.

Ўз аждодларини, ўз юртининг ўтмишини, тарихини эсламайдиган, билишни истамайдиган, ўз хотирасида сақламайдиган одам боласини, онгли инсон деб тасаввур қилиб бўлмайди. Шу сабали келажак авлоднинг тарбиясига жиддий эътибор қаратиб, халқимизнинг азалий қадрият, урф-одат ва анъаналарига содиқ қоладиган зурриётларни ортимиздан қолдиришимиз лозим бўлади.

Ўткир Ғузаров,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти мудири