ЗАМОНАВИЙ ФИРҚАЛАР
43

Бутун коинотни йўқдан бор қилиб яратган, коинотдаги яратганларининг ичида бизларни инсон қилиб яратган, инсонларнинг ичида бизларни мусулмон қилиб яратган, мусулмон умматларнинг ичида бизларни Муҳаммад Мустафо ﷺнинг уммати қилиб яратган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Инсонларнинг Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан яратилишига сабабчи бўлган, икки олам сарвари ва икки олам пайғамбари, кўзимизнинг нури, қалбимизнинг қўри Муҳаммад Мустафо ﷺга, У зотнинг оила аъзоларига, саҳобаларига ва қиёматга қадар У зотга эргашган мўминлар ва мўминаларга Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг саломи бўлсин. Инсон онадан туғилиб, бу ёруғ дунёда яшар экан, токи умрининг охирига қадар бу дунёга меҳмон эканлигини, бу дунёдаги умр кўзни юмиб очгунга қадар ўтиб кетадиган ўта қисқа эканлигини билиб ва ҳис қилиб, ҳаётининг ҳар бир онини, ҳар бир сониясини ғанимат билиб яшамоғи лозим.
“Фирқа” сўзи маълум бир тоифага нисбатан ишлатилади. Бошқа динларда бўлгани каби мусулмонлар ичида ҳам фирқалар бор. Пайғамбар ﷺ айтганларидек, Ислом динида 73 та фирқага бўлиниш юз беради. Уларнинг биттасигина тўғри йўлда қолганлари эса, залолатда ҳисобланади. Қуръон оятлари ва ҳадислар фирқаларга бўлинмасликка буюради.
Исломда дастлаб пайдо бўлган фирқа хорижийлардир. Хорижийлар исломдаги илк дини-сиёсий оқим ҳисобланиб, халифа Али ибн Абу Толиб ва Муовия тарафдорлари билан халифаликда ҳукумронлик учун кураш кетаётган бир даврда вужудга келди. Улар халифа диний жамоа томонидан сайланади ва унга бўйсунади; ҳар қандай тақводор мусулмон (ҳатто, қул ёки ҳабаш бўлса ҳам) халифа бўлиб сайланиши мункин; агар халифа жамоа ва ҳатто, қатл қилинади; эътиқод амалий фаолият билан мустаҳкамланиши лозим деб ҳисоблашган. Эътиқодсиз ва гуноҳкор кишиларни жазолашда муржиийлар (жазо муддатини кечиктиришни истовчилар) тарафдорларига қарши турганлар.
VIII аср иккинчи ярмига келиб бу оқим ўз раҳбарлари номи билан аталувчи Азрақий, Ибодий, Суфурий каби гуруҳларга бўлиниб кетди. Олимларнинг фикрича, ички бўлиниши ҳамда уммавий ва аббосий халифалар томонидан VIII-IХ асрларда кескин қарши олиб борилган кураш натижасида хорижийлар катта қисми қириб ташланди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ ﷺ марҳамат қилдилар: “Аҳли китоблар етмиш икки фирқага бўлинишган эди. Менинг умматим эса етмиш уч фирқага бўлинади. Етмиш иккитаси дўзахда, биттаси жаннатда. У – жамоатдир”, дедилар” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Ҳадиси шарифда Ислом уммати йетмиш уч фирқага бўлиниб кетиши ҳақида хабар берилмоқда. Минг афсуски, бу гаплар ўз исботини топди. Исломга эътиқод қилиб юрганлар орасида ҳам турли-туман фирқалар пайдо бўлди.
Ҳадисда зикр қилинган фирқалардан мурод ақидавий фирқалардир, фиқҳий мазҳаблар эмас. Эътиқоддаги бўлиниш фирқаланиш деб номланади. Бунда ҳар бир фирқа бошқасини кофирга чиқаради. Ақида китобларида ана ўша фирқаларнинг асосини қуйидагилар ташкил этиши қайд этилган:
1) равофизлар;
2) жаҳмийлар (улар, асосан, Аллоҳ таолонинг сифатларини манфий қилиш, амалдан қолдириш билан машҳур);
3) ҳарурийлар (хаворижлардан бўлиб, Куфа яқинидаги Ҳаруро деган жойда турганлар. Улар гуноҳкор мўмин дўзахда абадий қолади, гуноҳи кабира қилган мўмин еса кофирдир, дейдилар);
4) муржиъийлар (“Калимаи тавҳидни тил билан айтиб, дил билан тасдиқласа бўлди, амалнинг кераги йўқ”, деганлар);
5) қадарийлар (қазои қадарни инкор қилишади);
6) жабрийлар (“Инсон ҳамма ишларини мажбур ҳолда қилади, унда ихтиёри йўқ”, дейишади).
Булардан ташқари, яна бошқа фирқалар ҳам бўлиб, улар ўзаро талашиб-тортишиб, мусулмонларнинг бошига мисли кўрилмаган кулфатларни солмоқда. Булар сирасига ИШИД, “Ал-Қоида”, “Боко ҳарам” каби қўли қонга ботган фирқалар ҳам киради.
Имом Абу Довуд ривоятида Пайғамбаримиз ﷺ: “Менинг умматимдан бир қавмлар чиқадики, ҳавойи нафс уларга худди қутуриш касали каби, ҳеч бир томирни қўймай киргандек киради” деган сўзларини айтиб ўтганлар. Бунда мазкур фирқаларнинг умумий сифатлари келтирилмоқда. Уларнинг барчаси кибр-ҳавога учрайдилар. Худди қутурган ит тишлаб, қутуриб қолган одам ҳолига тушадилар. Тафриқачилик уларнинг қон-қонига сингиб кетади. Мўмин-мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа нарса кўзларига кўринмай қолади. Худди шундай вазиятга барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз.
Ҳадис сўнгида “…биттаси жаннатда. У – жамоатдир”, дейилган. Бу саодатли тоифа “Аҳли сунна ва жамоа” номини олган, яъни эътиқод бобида суннатга мувофиқ иш кўрувчи ва мусулмонларнинг оммавий жамоасидир.
Алҳамдулиллаҳ, юртимиз мўмин-мусулмонлари доимо аҳли суннадан бўлиб келган ва бундан буён ҳам шундай бўлиб қолади, иншоаллоҳ.
Ислом динида одамлар орасига совуқчилик тушириш, фитна сўқиш қатъий қораланади ва низоларни бартараф этиш ибодат даражасига кўтарилган. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Нафл намоз ўқиш, нафл рўза тутиш ва нафл садақа беришдан ҳам фазилатли амалнинг хабарини берайинми?” дедилар. Саҳобалар: “Албатта (айтинг)”, дейишди. Шунда у зот: “Икки киши орасини ислоҳ қилишдир. Икки киши орасининг бузилиши диннинг асосини йўқотади” дедилар.
Мухтасар айтганда, динимиз ўз номи билан тинчликни, хотиржамликни, ўзаро аҳил-иноқ, тинч-тотув яшашни тарғиб қилади. Демак, барча мўмин-мусулмонлар Исломнинг моҳиятини англаб, шунга асосан ҳаёт кечиришлари лозим.
Махмудхонов Темурхон
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
4-курс талабаси
