Мусибатдаги сабр
23

Кўпчилик инсонлар мусибатларга сабр қиладилар-у неъматларга сабр қила олмайдилар. Саҳобалардан бири шундай деган: “Расулуллоҳ ﷺ билан бирга қийинчиликлар билан имтиҳон қилиндик ва сабр қилдик, сўнг хурсандчилик билан имтиҳон қилиндик, сабр қила олмадик”. Субҳаналлоҳ!! Айрим ёшлар ҳаётий қийинчиликларга бардош беришади, лекин Аллоҳ уларга неъматларини ёғдириб қўйса, маъсиятга берилиб кетишади.
Юсуф (а.с.)нинг вазирлик ҳолатидаги имтиҳони зиндондагидан кўра қийинроқдир. Огоҳ бўлинг! Яхшилик ва хурсандчилик синови яширин бўлади, кўзга кўринмайди. Сиз бу неъматларни сабрга муҳтож деб ўйламайсиз. Қийинчилик ва мусибатлар эса ошкора ва аниқ-равшан бўлади.
“Бас, чиройли сабр қил” Чиройли сабрни Имом Қуртубий: Чиройли сабр- ичида жиззакилик Аллоҳдан бошқага шикоят қилишлиги йўқ сабрдир» деб таъриф берганлар (Маориж сураси 5-оят).
- Сабр луғатда “тўсмоқ”, “боғламоқ” маъноналари мавжуд. Истилоҳда эса нафсга хуш келувчи нарсаларни тарк этиш, қазо ва қадардаги ишларга исён қилмай бўйин эгиш, бало ва машаққат келганида шикоят қилмаслик маъноларини ифодалайди.
Сабр — нафснинг энг гўзал амалларидан бири бўлиб, қилиниши яхши ва гўзал бўлмаган нарсалардан сақланишдан иборатдир.
Сабр — Қуръон ва суннат аҳкомларида собит туришдир.
Сабр — бало етганда гўзал одоб ила туришдир.
Сабр — истироб пайтида қалбни собит тутишдир”.
- 2. Қуръони Каримда сабрга даъват кўп такрорланади. Чунки Аллоҳга тоатда ҳам, гуноҳдан сақланиш, йўлдаги тўсиқларни енгиш учун ҳам, заифлик қилиб қолганда ҳам, ҳавои нафсни жиловлаш учун ҳам сабр керак бўлади.
Ўтган уламоларимиздан бирлари сабрни умумий тарзда учга бўлганлар:
- Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан ва гуноҳдан сақланишга сабр.
- Тоат ва қурбат ҳосил қилиш учун сабр.
- Етадиган мусибат ва қийинчиликларга сабр.
Мусулмонлар катта-ю кичик мусибатларга, оғир беморликларга ҳам, тикон киришига ҳам сабр қилмоғи гуноҳларига каффорат бўлиши айтилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий ﷺ: “Мусулмонга қай бир мусибат: ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, маҳзунликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикон киришми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар билан унинг хатоларини каффорат қилади”, дедилар.
- Инсон ҳаётда яшар экан кутилган ва кутилмаган мусибатларга дуч келиши тарбиядир.
Гоҳида соғлиғини йўқотса, баъзида яқинларидан жудо бўлади. Эгаллаган мансабида ажралиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Яна баъзида хавф-ҳатарлар гирдобига тушиб қолади. Нима бўлганда ҳам бошига мусибат тушган мўмин ўзини йўқотиб қўймаслиги, бу синовларни Яратганни синови ўлароқ қабул этиб, унга чидамли бўлиш лозим. Тўғри келган одамга мусибатларини арз қилиб аҳволдан шикоят қилиш, Аллоҳ таолонинг ғазабини келтирадиган номаъқул руҳий тушкунликка тушиб ўрнига, аксинча, мусибатни улкан имконият эшиги деб билиш ва ундан унумли фойдаланиб қолишлари керак бўлади.
Шундай экан, азиз биродарлар! Ҳар қандай мусибат тушганда ҳам аламзадалик қилиб Аллоҳга хуш келмайдиган ишлардан узоқ бўлайлик. Балки, мусибатни бандасига арз қилмасдан унинг ажрини Холиқ таолодан кўрайлик! Аллоҳ таоло барчамизни шариат доирасида собит қадам қилсин!
Мамадиёров Яхё
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
4-курс талабаси
