Ватанга муҳаббат нозик туйғудир!

20

Ватан дин, миллат, элат, бойлик, насаб, ёш, ранг, жой танламайдиган ва ҳад-чегара билмас ажиб бир туйғу. Ватан – энг кўп қаламга олинган, сир – синоатли, серқирра ва сержило тушунчадир. Ватани йўқ инсон эса бахциз инсондир. Киндик қонимиз тўкилган ва бир умр яшайдиган юртимиз бизга тақдир қилинган ватандир. Мусофир бўлмагунча ватан ва юрт қадр – қимматини англаб бўлмайди.

Ҳамаср олимларимиздан шайх Муҳаммад Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ ватан ҳақида оз ва соз, зарҳал ҳарфлар билан ёзиб қўядиган, жуда гўзал таъриф айтган:

«Башарият ўз ерини ундаги нарсалари билан, гарчи у ҳеч ким яшамайдиган чўл бўлса ҳам яхши кўраверади.

Ватанни севиш — юракка сингиб кетган, инсонни унда бўлганида хотиржам, йироқ кетганида талпинадиган, ҳужум қилинганида асрайдиган на камситилганида ғазабланадиган қилиб қўювчи туйғу».

Шайх Муҳаммад Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ айтганларини бироз шарҳлайлик.

Башарият ўз ерини ундаги нарсалари билан, гарчи у ҳеч ким яшамайдиган чўл бўлса ҳам яхши кўраверади.

Нега бундай? Чунки бу туйғуни, бу муҳаббатни инсон ўзидан-ўзи пайдо қилган эмас. Уни бандаси қалбига солган, қон-қонига, жон-жонига сингдириб қўйган, яратишда муҳаббати ила қориб яратган зот унинг Холиқидир. Демак, бу шунчаки оддий эмас, илоҳий туйғудир. Қалбга муҳаббатни Аллоҳ солганидан кейин, гарчи у ҳеч ким яшамайдиган чўл бўлса ҳам, уни яхши кўраверади. Имкониятларнинг чегараланганлиги, ризқининг танглиги ва шароитнинг торлигига эътибор бермайди, ундан шикоят ҳам қилмайди. Чунки Лайлининг ҳақиқий жамолини кўраман деганлар унга Мажнуннинг кўзи билан қарамоғи керак! Ватанни севиш — юракка сингиб кетган…

Боиси, инсонни яратилиши ҳам, қайтадигани ҳам айни шу ватан, шу замин-да!

Инсонни унда бўлганида хотиржам… Ҳақиқатан ҳам, инсон қийналсада, ватанидан бошқа жойга қараганда хотиржам, ҳур яшайди. «Ўзга юртда шоҳ бўлгунча, ўз юртингда гадо бўл», ҳикмати ҳам бежиз айтилмаган. Камбағал инсон ўз юртида подшоҳлар каби ҳаёт кечиради. Баъзилар ўзга юртда бой ҳолда яшагани билан, аслида, улар ғарибдир.

Ҳикматларда: «Кишининг ризқи ўз ватанида бўлиши саодатдир», дейилган.

Йироқ кетганида талпинадиган…

Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ: «Инсоннинг хору зор бўлиши учун ватани ва яқинларидан айрилишининг ўзи кифоя!», деганлар.

Инсон узоқларда бўлса-да, ватани унинг хотирасидан ўчмайди.

Ҳужум қилинганида асрайдиган…

Ватанни-ку қўятуринг, инсон ўзига тегишли бир қарич ерни ҳам бировга бергиси келмайди. Ким Ватани сарҳадларига ҳужум қилинганини кўрса ҳимояга шайланади. Керак бўлса, унинг йўлида жонини қурбон қилади. Ёвга ватаннинг бир ҳовуч тупроғини ҳам бериб кўймайди.

Ва камситилганида ғазабланадиган қилиб қўювчи туйғу».

Қай бир инсоннинг ватани камситилса ёки миллати пастга уриб масхара қилинса, албатта, унинг қалбида ғазаб уйғонади. Демак, мусулмон одам ватани дўстига дўст, душманига душман бўлмоғи керак.

Шундай экан, инсоннинг зиммасида покиза неъматларини еб ҳаёт кечирадиган, осмони остида Роббига тинч-осуда ибодат қиладиган ватаннинг қандай ҳақлари бор?

Ҳар бир фуқаронинг Ватани олдида бир неча ҳақ ва вазифалари мавжуд. Бу хусусда қуйида алоҳида сўз юритилади. Уларнинг энг муҳимлари учта:

Биринчи ҳаққи: ватанга чин муҳаббат қўйишдир.

Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ ﷺ сафардан қайтаётиб Мадина қўчаларини кўрган вақтларида туяларини тезлатардилар. (От, хачир каби] уловда бўлсалар, уни ниқтардилар».

Абу Абдуллоҳ айтади: “Ҳорис Ибн Умайр Ҳумайднинг «Уловни уни (Мадинани] севганларидан ниқтардилар», ривоятини зиёда қилган” (Имом Бухорий ривояти).

Иккинчи ҳаққи: ватанни обод этиш. «…У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди…»[1]

Учинчи ҳаққи: унда фасод ва бузғунчилик ишлари билан машғул бўлмаслик. «Ва ислоҳ қилингандан кейин ер юзида фасод қилманг…»[2]

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолодан юртга тинчлик — омонлик сўраш, мева – чевалар, анвойи неъматлар – ризқни зиёда қилишни ҳамда хирмонга барака беришини сўраш илоҳий таълимот, набавий суннатдир. Ватанингизни севинг, уни ардоқланг. Ватан олдидаги бурч ва мажбуриятларингизни чин дилдан адо этинг.

 

Ибрагимов Раҳматулло

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

4-курс талабаси

[1] Hud surasi, 61-oyat

[2] A’rof surasi, 56-oyat