Маййитга Қуръон ўқиш ва савобини бағишлаш

45

Аллоҳ таолога беадад ҳамду-саноларимиз бўлсин. Ҳабибимиз, набиййимиз  ва қиёмат кунида  шафоатчимиз бўлган Аллоҳ таолонинг элчиси, Муҳаммад алайҳиссолату вассаломга дуруду саломларимиз ва Аллоҳ таолонинг саломи бўлсин.

Ислом бизни юртларга келиб дастлаб инсонларнинг орасида жуда кенг тарқалди. Инсонлар бу динни ҳақ эканлигини ва бундан бошқа нажот йўли йўқлигини тезда англадилар. Ва кундалик эҳтиёжларини Ислом динидаги мезонларга тушуриб олдилар.

Лекин вақт ўтиб Ислом динининг соясига ҳам ҳасад қилувчи, уни бузиш йўлида қўлидан келган ишни бажарган хилофотларни уйғотадиган кучлар пайдо бўла бошлади ва исломга тош отиб унинг баъзи ҳукмларини ўзгартиришга ҳаракар қилдилар.

У фитналардан баъзилари қабристонга бориб маййитга Қуръон тиловат қилиб бўлмаслиги ва савоби қабул бўлмаслиги ҳақида уйдурма гапларни тарқаришди. Бунга қарши Росулуллоҳ ﷺ башорат берган Аҳли-сунна вал-жамоа уламолари ёрдамга келиб раддиялар беришди.

Аҳли сунна ва жамоа уламолари жумҳурлари маййит бошқаларни уни ҳақига қилган дуоси (мисол учун Қуръон ўқиб қилган дуоси), истиғфор (мисол учун “Аллоҳим! Уни мағфират қилгин, раҳматинга олгин” каби), садақа ва мол орқали ёки бадан орқали қилинган вожиб амалларидан манфаат олиши борасида якдил фикр билдирганлар ва Қуръони Каримдан Қуйидаги далилларни келтирганлар.

“Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Роббимиз, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтганларни мағфират қилгин…” (Ҳашр сураси 10-оят).

Яна: “Бас, (Эй Муҳаммад!) Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин ва мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг!” ( Муҳаммад сураси 19-оят).

Ва уламолар Росулуллоҳ ﷺнинг суннати санийяларидан ҳам мисол келтирдилар: Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

“Бир одам Пайғамбар ﷺнинг ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, онамнинг жони бирдан чиқди. Васият қила олмади. Гумон қилишимча, агар гапирса, садақа қилар эди. Мен унинг номидан садақа қилсам унга ажр бўладими?” деди. “Ҳа”, дедилар”.

Икки шайх ва Насоий ривоят қилишган.

Кўпчилик мусулмонларга доимий равишда манфаат бериб турадиган хайрли ишлар энг яхши садақа ҳисобланади. Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳудан:

“У Расулуллоҳ ﷺга: “Эй Аллоҳнинг Расули, Саъднинг онаси вафот этди. Қайси садақа афзал?”, деди. “Сув”, дедилар.

У бир қудуқ қазиди ва: “Мана шу, Саъднинг онаси учун”, деди”.

Абу Довуд, Аҳмад ва Насаий ривоят қилишган.

Насаий:

“Ўша Саъднинг Мадинадаги сувхонасидир” жумласини зиёда қилган.

Маййитнинг ортидан қилинадиган хайр-эҳсон, дуо ва бошқа ишлар шариатнинг асосини ташкил этмайди. Аксинча, булар бир қўшимча нарсалар бўлиб, асосини ҳар бир одамнинг ўзи қилган амали ташкил этади.

Шунинг учун, ўлгандан кейин бошқанинг амалидан манфаат тегар экан, деган ўй билан бу дунёда шариатга амал қилмай юравериш мутлақо нотўғридир. Ҳатто, баъзи жойларда йилига бир марта худойи қилиб қўйишни дин деб тушунадиганлар ҳам бор.

Аслида Расулуллоҳ ﷺ Исломнинг илк даврларида қабр зиёрат қилишни тақиқлаган эдилар. Чунки унда баъзи жоҳилия даври одатлари сақланиб қолган бўлиб, айрим қабилалар мақтаниш ва ғурурланиш учун ўликларининг қаҳрамонликларини санаб, бақир-чақир қилар, ошкора йиғи-сиғига зўр берар эдилар. Ислом одоб ва аҳлоқи инсонлар қалбига ўрнашгач, қабрлар зиёратига изн берилди.

Сулаймон ибн Бурайда отасидан ривоят қилади:

“Набий ﷺ: “Сизни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Батаҳқиқ, Муҳаммадга онасини зиёрат қилишга изн бўлди. Бас, у (қабр)ларни зиёрат қилинг. Албатта, улар охиратни эслатади”, дедилар”.

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. Лафз Термизийники.

Бу ҳадисдан маълумки, Расулуллоҳ ﷺ қабрнинг зиёратига нафақат изн бердилар, балки бу ишга амр қилдилар, тарғиб этдилар.

Уламолар эркакларнинг қабр зиёрат қилишлари мумкинлиги борасида барчалари иттифоқ бўлишган. Лекин аёлларнинг зиёрати борасида эса жумҳур уламолар макруҳ санашган. Абу Ҳурайра розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ ﷺ: “Аллоҳ қабрларни зиёрат қилувчи аёлларни лаънат қилсин”, дедилар”.

Термизий ривояти.

Ушбу ҳадисда аёл кишиларнинг қабрлар зиёратига бориши яхши эмаслиги қаттиқ таъкидланмоқда.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ таоло билдирган илм сабаб Росулуллоҳ ﷺ қабр зиёрати пайтда қилиниши керак бўлган барча одобларни ва қайтариқларни ўз муборак ҳадис орқали биз умматга баён қилиб бердилар. Ва Аҳли сунна вал-жамоа уламолари ҳам бу умматни фитнага тушиб қолмасликлари  учун ҳаракат қилиб келмоқдалар.

 

Муртазаев Аббосхон

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

4-курс талабаси