ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ — КЕЛАЖАК САРМОЯСИДИР

26

Ёш авлод ҳар бир жамиятнинг келажаги ҳисобланади. Шундай экан ўз келажагини ўйлаган ҳар қандай жамият ёшлар тарбияси, билим олиши ва жамиятда ўз ўрнини топиб кетиши учун етарли шароит яратиб беришга интилиб келади. Ўзбекистон ҳукумати ҳам шундай давлатлар қаторига киради. Мустақилликка эришганимиздан сўнг бу соҳада кўплаб амалий ўзгаришлар юз берди. Масалан,  “Таълим тўғрисидаги қонун” қабул қилиниб, шу асосда ислоҳатлар амалга оширилди. Мактабгача таълим, ўнбир йиллик мактаб таълими жорий қилиниши, кўплаб ўрта маҳсус билим юртлари, ҳамда олий таълим муассасалари шулар жумласидандур. Қолаверса, хориждаги нуфузли олий ўқув юртларининг филиаллари очилиши, таълимга берилаётган эътибор самараси ўлароқ намоён бўлди. Бу имкониятлар ҳар бир ёш авлодни таълим олиб, келгусида етук мутахассис сифатида жамиятга фойдаси тегадиган шахс бўлиб етишиши учун етарли шароит ҳисобланади. Лекин қуш икки қаноти билан учгани каби, инсон камолот чўққисига етмоғи учун илм билан биргаликда одоб ҳам жуда зарурдир. Илмни танага ўхшатсак, одоб унинг боши ҳисобланади.

Ҳозирги кунда замон ривожланиб аксар ёшларимиз илм фан эришган замонавий ютуқлардан бўлмиш сўнги русумдаги уяли алоқа воситаларидан, компьютер воситаларидан фойдаланиб  дунёда бўлаётган ўзгаришлардан хабардор бўлиши, масофадан туриб таълим олиши, дунё кутубхоналаридан билвосита фойдаланиши ва бошқа бир қатор қулайликлардан фойдаланиш имкониятларига эга бўлди. Бу имкониятлардан тўғри фойдаланаётган ёшларимиз кўзни қувонтиради. Лекин масалани иккинчи томони ҳам бор. Аслида инсон манфаати учун ишлаб чиқарилган воситалар бугунги кунда ёшларимизнинг тарбияси бузилишига, ёд ғоялар тасирига тушиб қолишига, қалби қаттиқлашиб, ёшлар орасида жиноятчилик оммалашишига, яна бир қатор худбинлик, ахлоқсизликлар сабабчиси бўлиб улгурди. Ислом дини билан уйғунлашиб кетган миллий маданиятимиз, урф-одатларимиз  унутилиб, асли жар ёқасига келиб қолган европа маданиятини кўкрагига нишон қилиб олиб, муқаддас тушунчаларимизни эскилик сифатида қараб улғаяётган ёшлар тоифаси ичимизда шаклланганлигига гувоҳ бўлиб турибмиз. Сабаби ёшларимиз асли илм олиб, ҳунар ўрганиб келажаги учун пойдевор яратиши керак бўлган  вақтини фаҳш ва бузуқликка тарғиб қилувчи ўйинларни ўйнаб, видеороликлар, кинолар кўриб кўп вақтини беҳудага сарфлаб юбораяпди. Бу ҳолат ёшларимизни онгига, жисмига, эътиқодига салбий таъсир қилмасдан иложи йўқ.

Замон мураккаблашгани сари муаммоларимизнинг турлари ҳам ортиб бормоқда. Вақт ўтган сари муаммолар чигаллашиб, боши берк кўчага қараб кетмоқдамиз гўё. Бу иллатларни даъвоси сифатида турли таклиф ва мулоҳазалар илгари сурилиб  турибди. Турли хил методикалар ишлаб чиқилмоқда, лекин афсуски аксарияти қуруқ оғизда ёки қоғозда қолиб кетмоқда. Ёхуд амалда қўлланилгани ҳам, сезиларли даражада иш бермаётганини гувоҳи бўлмоқдамиз.

Замонавий воситаларни ишлатишни чеклаш муоммога ечим бўлмайди. Чунки ҳозирги кунда ҳаётимизни ҳар бир соҳасини бу воситаларсиз тасаввур қилиш қийин. Шунинг учун оқибатлар билан эмас, балки сабаблар билан курашиш энг яхши чорадир. Ота-оналар фарзандлар тарбияси учун энг ката масъул инсонлар ҳисобланишади. Чунки фарзанднинг ютуғи ҳам камчилиги ҳам ота онаникидур. Ҳар бир ота она фарзандини ейиш-ичишига, кийинишига, умуман моддий эҳтиёжларига қанчалик эътибор берса, уни маънавий камолоти ҳақида ҳам шунчалик қайғуриши зарур. Бунда динимиз таълимотларидан фойдаланиш айни муаммони бирдан бир ечими ҳисобланади. Чунки ислом динининг асосий ғояси инсонларни жаҳолатдан маърифатга, залолатдан  ҳидоятга, зулматдан нурга чиқариб, дунё-ю охиратда бахтли саодатли яшашини таъминлашдур. Эътиқодий масалалардан тортиб, масжидга қайси оёғда кириб қайси оёғда чиқишни ўргатган динимиз фарзанд тарбияси борасида ҳам кўпгина кўрсатмалар бериб ўтган. Шу асосда уламоларимиз тўм-тўм китоблар тасниф қилишганлар. Қурони карим, ҳадиси шарифнинг маноларидан, ота-она фарзанднинг тарбиясида асосий ўринда эканлигини англашимиз мумкин. хусусан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: Набий ﷺ: “Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф табиат) ила туғилади. Бас, ота-онаси уни яҳудий ёки насроний ёки мажусий қилади. Бу худди ҳайвоннинг бус-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?” дедилар. Ҳадиси шарифнинг маъносидан фарзанд туғилганда соф табиат ила туғилиб, сўнгра ота-онаси сабаб шу табиатига путур етишини англашимиз мумкин.

Шундай экан ота-она биринчи навбатта фарзандига ўзи чиройли ўрнак бўла олсин. Фарзандининг тарбияси учун вақт ажратиб, уларга умр қисқа эканлигини, ҳар бир лаҳзасидан унумли фойдаланиш кераклигини ўзлари ва бошқаларнинг ҳаётидан мисоллар билан тушунтирсин. Эзгуликка чақирадиган эртаклар билан биргаликда исломни нурли ўтмиши ҳақида гапириб берсин. Инсонни одоби енг чиройли либос эканлигини ва уни гўзал қилганлар икки дунё саодатига эришишини айтсин. Ватанпарварлик, ота-онани ҳурмат қилиш, бошига қилич келса ҳам рост сўзлаш, ҳар-бир ишда адолатли бўлиш,  катталарни ҳурмат қилиш, кичикларга иззатли бўлиш, ҳақ келганда бўйин эга олиш, жасурлик, ҳаёли бўлиш мақталган сифат эканлиги бу билан ватан, юрт, жамият обод бўлиши гуллаб яшнашини, шу билан биргаликда қўрқоқлик, беҳаёлик, ёлғончилик, иккиюзламачилик, ўғрилик, порахўрлик, судхўрлик, ваъдага ҳилоф қилиш, булар ҳаммаси иллат эканлигини, бу билан эл-юрт, ватан, ҳеч қачон кўкармаслигини, обод жойлар ҳам харобага айланишини англатсин. Оқ-қорани, ҳалол ҳаромни ўргатиб, ўзлари амалиётда ўрнак бўла олсин. Қизларимизга ойнаи жаҳонда баданини кўз кўз қилишдан уялмайдиган, машхурлик учун ор-номусидан, оиласидан кечадиган «Аёллар» эмас, балки оиласини муқаддас деб билиб, ор-номусини, иффатини сақлаган, жуфти ҳалолини кўзини қувонтириш учун бор будини сарф қилган Хадича онамиз, Оиша онамиз, Фотима оналаримиз ўрнак бўлишини англатишсин. Йигитларимизга бутун дунёни ўзига қаратган футбол қаҳрамонлари, кино давомида номаҳрам аёлни қўлидан тутиб, инсонларни ўлдиришдан тап тортмайдиган қаҳрамонлар ҳақиқий қаҳрамонлар эмас, балки, ростгўйлиги, адолати, ҳалимлиги, довюраклиги билан тилларда достон бўлган Абубакр Сиддиқ, Умарул Фаруқ, Усмон, Али (розияллоҳу анҳумлар) ҳақиқий қаҳрамон эканлигини тушунтирсин. Шундагина ёшларимиз онгида ҳарқандай иллат учун иммунитет шаклланиб, ўз йўлидан адашмайди. Маънан баркамол бўлиб етишади, Ватанини, оиласини, ота-онасини ардоқлайди. Вақтини илм олишга, ҳунар ўрганишга сарфлайди. Ҳар хил ғоявий хуружларга бардош бера олади. Шундагина эзгуликка қаратилган бизнинг мақсадимиз амалга ошади.

Бу мақсад йўлида ота оналар, маҳалла фаоллари, устозлар, маданият, телевидиния соҳа вакиллари, қўйингки  барчамиз бирлашмас эканмиз, биз умид қилган ёрқин келажак саробга айланиши инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқатдур. Биз келажакда мева беришини умид қилиб эккан кўчатимиз қуриб қолса, сандалга ўтин бўлишга ярайди холос. Бу ҳолат ҳеч кимга орзу эмас.  Буюк ватандошимиз   Абдулла Авлоний: “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё момот, ё нажот – ё ҳалокат,  ё саодат – ё фалокат масаласидир” деб айтган ўгитлари бугун қанчалик ҳақиқат эканлигини биз барчамиз ўз танамизда ҳис қилмоқдамиз. Ёшлар тарбиясига бефарқ бўлмайлик азизлар!

Мамадалиев Нуриддин

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

4-курс талабаси