Рибодан узоқ юринг!
15

Сўнги йилларда юртимизда тадбиркорлик кенг суратлар билан ривожланиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Давлатимиз томонидан кенг миқёсдаги имкониятлар яртиб берилиши ортидан, нафақат бизнес соҳасида таҳсил олганлар балки, тижорат бобида фақат оддий ҳаётий тажрибаси бор бўлганлар ҳам катта-катта ташкилотлар, ҳар-турли ишлаб чиқариш корхоналари очишаётганини кузатишимиз мумкин. Бу албатта инсонларнинг турмуш шароитини янада яхшилаш учун катта хизмат қилаяпди. Аммо шу ўринда бу каби тадбиркорлик шўбаларининг кўпайишини юқорида айтиб ўтганимиздек, яна бошқа бир қанча ижобиий томонлари бўлиши билан биргаликда баъзи салбий жиҳатлари борлигини айтиб ўтишлик ўринли бўлади.
Биз мусулмонлар қайси соҳа билан шуғуллансак ана ўша йўналишнинг илмини мукаммал даражада ўрганишлик фарз эканлигини биламиз. Яъни, «Илми ҳол»ни ўрганиш унинг соҳибига зарур мажбуриятдир.
Шу маънода тадбиркорлик билан шуғулланувчи мусулмон инсон унинг барча зарур нуқталарини: Нимани қилиш мумкин, қай бир нарсадан сақланиш лозим, инсонлар билан қандай савдо турларни амалга оширишлик мумкин-у, қайсидан тийилиш шарт-зарурат, маҳсулот олувчига қандай муомала қилиш кераклигидан тортиб, сотувчининг хулқ-атворини қанақа кўринишда бўлмоқлиги етарлича ўзлаштириши унинг учун Роббисининг буйруғи ҳисобланади.
Аллоҳ таоло ўзининг каломи Қуръони Каримда савдо-сотиқни тўғри шаклда юритиш усулларини ўргатиш билан бирга, уни тақиқланган ҳолатларини аниқ баён қилди ва қилган инсонларга катта азоб ва жазолар ваъда қилди.
Мана шундай қилиш ман қилинган савдо шаклларидан бири рибога йўл қўйган ҳолда тижорат қилмоқликдир. Рибо луғатда мутлоқ зиёдаликка нисбатан ишлатилади. Дин истилоҳида эса қарз берувчининг қарз олувчи кишидан вақт эвазига оладиган зиёдасидир. Рибонинг 70 дан зиёд тури бўлиб ундан ҳар бир мусулмонман деган инсон қатъиян сақланиши керак. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 275- оятларида бу масала ҳукмини очиқ-ойдин баёнини келтиради: «Рибо ейдиганлар (қабрларидан) фақат шайтон уриб, жинни бўлган кишидек довдираб турарлар. Бундай бўлиши уларнинг тижорат ҳам рибога ўхшаши-да, деганлари учундир. Ва ҳолбуки, Аллоҳ тижоратни ҳалол, рибони ҳаром қилган. Кимки Роббидан маъруза келганда тўхтаса, аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳнинг ўзига ҳавола. Кимки, яна (рибога) қайтса, ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар».
Юқоридаги оятдан маълум бўлиб турибди, Аллоҳ рибо еювчиларга дўзах ваъда қилмоқда ва Аллоҳ ваъдасини устидан чиқувчи бўлган зотдир. Ва яна оят аввалида Роббимиз агар мендан маърузани эшитганингдан кейин тўхтасанг мени ўзим биламан олдинги муомилотларингга қандай ҳукм қилишни. Хоҳласам кечиб юбораман, хоҳласам иқобга тортаман демоқда. Бироқ, агарда яна унга қайтсанг энди абадий жаҳаннам сени мукофотинг бўлур деб инсонга хитоб қилди.
Биргина юқоридаги оятнинг ўзи ҳам бизга бу ишни нақадар оғир эканлигини кўрсатиб турибди. Ҳолат шундай экан, ҳар биримиз бу иллатдан сақланишга ҳарис бўлмоқлигимиз лозимдир.
Кейинги оятда эса фойда қиламан деб амалга ошириладиган катта хато бўлмиш рибо аслида ўша инсон учун зиёнга ишлашини билдириб қуйдагиларни нозил қилди: «Аллоҳ рибони доим нуқсонга учратур ва садақаларни зиёда қилур. Ва Аллоҳ ҳар бир кофир, гуноҳкорни хуш кўрмас».
Судхўрнинг пули ҳисоб жиҳатдан кўп бўлса ҳам, Аллоҳ унинг баракасини кўтариб, егани ўзига юқмайдиган қилиб қўяди. Судхўрни турли касалликларга дучор қилади, тинчлигини, хотиржамлигини олади. Яна биз билмайдиган кўп бало-офатларга дучор қилади.
Аллоҳ таоло рибо борасида сўзда давом этаркан кейинги оятларнинг бирида мусулмонларга хитобан шундай марҳамат қилади: “Эй, иймон келтирганлар! Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга тақво қилинг ва рибонинг сарқитини ҳам тарк қилинг”.
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада мусулмонларни рибонинг ўзи у ёқда турсин, сарқитидан, қолдиғидан ҳам қайтармоқда. Бу маънони алоҳида такидлаш учун кейинги оятда гапнинг пўсткалласини очиқ — ойдин айтиб қўймоқда: Агар ундоқ қилмасангиз, Аллоҳ ва Унинг Росули томонидан бўладиган урушга ишонаверинг. Агар тавба қилсангиз, сармоянгиз ўзингизга, зулм қилмассиз ва сизга ҳам зулм қилинмас. Яъни, агар иқтисодий муомалаларингизда ўртадан рибони кўтариб, унинг сарқитларини тарк этмасангиз, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари сизга қарши қаттиқ уруш очади. Агар тавба қилиб, рибохўрликдан қайтсангиз, сармоянгизни оласиз, шунда зулм қилмаган болсиз ва сизга ҳам зулм қилинмаган болади.
Ё Аллоҳ, бу каби қаттиқ қайтариқдан кейин ким ҳам ушбу ишга журъат қила оларди?! Ё Роббимиз, Сенга қарши курашишга ким тоқат қила олади?! Бизни бу каби балога йўлиқишимизда ўзинг асра. Бизга ўзинг тўғри тижорат қилишимизга ёрдам бер![1]
Зулмни ва унинг сабабларини бартараф қилиш учун жорий қилинган динимиз инсонлар зарар кўрмасин учун, тамомий саодатда ҳаёт кечиришликлари сабабли унга тўсиқ боладиган ҳар қандай нарсага шу қадар жиддий ёндашгандир. Барчамиз бахтли ҳаёт кечиришни хоҳлаганимиз ҳолда унга амал қилмасак ҳеч қачон ҳақиқий ҳотиржамликни, сакинатни топа олмаймиз.
Тўхтамишов Иброҳим
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
4-курс талабаси
[1] Муҳаммад Али Собуний ҳазратларининг «Ровааиуъл Баян» ҳамда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Тафсири Ҳилол» асарларидан кенг кўламда фойдаланилди.
