Насаб — энг муҳим ва ўта нозик ижтимоий ҳукмлардан биридир!

35

Ўз динида насл поклигини ҳимоясини қилган Аллоҳ таолога ҳамд ва санолар бўлсин. Умматига никоҳ орқали наслни пок сақлашни таълим бериб кетган пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺга дуруду салавотлар бўлсин. Уммат ичида насл ва насабнинг поклигига аҳамият қилган барча зотларга Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин.

Никоҳнинг ва оила қуриб яшашнинг асл мақсадларидан бири ҳам насл-насабни сақлашдир. Бусиз оила ҳам, ота-оналик ҳам, болалик ҳам, қариндош-уруғлик ҳам, жамият ҳам бўлмайди. Фарзанднинг ота-онаси никоҳдан ўтиб, ҳалол-пок яшагандагина насаби аниқ ва пок бўлади.

“Насаб” сўзи луғатда яқинлик, нисбат бериш деган маъноларни англатади. Шаръий истилоҳда эса ота-онанинг яқинлигини ва бир шахсни ўзига қўшишни билдиради.

Насаб энг муҳим ва ўта нозик ижтимоий ҳукмлардан биридир. Зотан, инсон айнан насаб орқали ота-онасини, бобо-момосини, амаки-тоғасини, амма-ҳоласини ва бошқа қариндошларини танийди, улар билан алоқада бўлади.

Ислом шариатида насабга алоҳида эътибор берилиши унга боғлиқ ўта муҳим ҳақлар борлиги учундир.

  1. Насабни яхши аниқлаш келажакда маҳрамлар орасида никоҳланиш каби катта гуноҳнинг олдини олади.

Агар бу иш бўлмаса, одам билмасдан, ўзининг қариндоши билан оила қуриб қўйиши, бунинг оқибатида кўплаб зарар кўриши ва гуноҳга қолиши бор.

  1. Насабнинг собит бўлиши ота-она ҳақларининг ҳам собит бўлишига хизмат қилади.

Агар насаб аниқланмаса, баъзи ҳолатларда инсон учун энг муҳим ишлардан бўлган ота-она ҳақларининг поймол бўлиши турган гап.

  1. Насабга эътибор бериш қариндош-уруғларга эътибор бериш ва уларга силаи раҳм қилишни йўлга қўйиш демакдир.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «تَعَلَّمُوا مِنْ أَنْسَابِكُمْ مَا تَصِلُونَ بِهِ أَرْحَامَكُمْ، فَإِنَّ صِلَةَ الرَّحِمِ مَحَبَّةٌ فِي الْأَهْلِ، وَمَثَرَاةٌ فِي الْمَالِ، وَمَنْسَأَةٌ فِي الْأَثَرِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий ﷺ:”Насабларингизни ўрганинг, у билан силаи раҳм қиласиз. Зотан, силаи раҳм аҳлга муҳаббат, молнинг зиёдаси ва ортдан асарини қолдиришдир”, дедилар”.

Термизий ривоят қилган.

Ҳар бир киши насабини, яъни аждодлари, қариндош-уруғларини яхши таниб олиши лозим. Бу нарса силаи раҳм қилиш учун керак. Бир киши бошқа бир кишининг ўзининг қариндоши эканини билмай, шу туфайли унга силаи раҳм қилмай юрган бўлса, гуноҳкор бўлади. Шунинг учун қариндош-уруғларни яхши билиш, қариндошлик алоқаларини ўрганиш мусулмон кишининг бурчи ҳисобланади.

Насабга аҳамият бериш фарзандларнинг ҳаққини ҳимоя қилиш деганидир. Албатта, болаларнинг нафақаси, мерос олиши, уларга ҳомий бўлиш каби ҳақларининг барчаси насабга боғлиқдир.

Сўзимизни хулоса қиладиган бўлсак, ҳар биримиз ўғил-қизимизни, оила аъзоларимизнинг барчаларини динга даъват қилишимиз, диний аҳкомларни доимо бажаришларини қатъият билан талаб қилиб, иймон-эътиқоди, одоб-ахлоқи ва бошқа жиҳатларини тарбиясига аҳамият бериб туришимиз керак.

Усмонов Ҳабибуллоҳхон

“Хожа Бухорий” ўрта махсус билим юрти

4-курс талабаси
“Соғлом бола” китоби асосида