Расулуллоҳ ﷺга биринчи ва охирги нозил бўлган оятлар
266

Аллоҳ таолога биз бандаларига дастурамал бўлишлиги учун нозил қилган каломи қадрича, унинг ҳарфлари миқдорича ва у ҳарфларни ўқиган бандага бериладиган ажр-савобчалик ҳамду сано бўлсин. Ва бу бандаларни ожиз қолдирадиган Каломни биз умматга ўқиб, тиловат қилган Набиййимиз Муҳамммад ﷺга дуруд ва саломларимиз бўлсин.
Қуръони карим 23 йилу 2 ою 22 кун давомида парча-парча ҳолатда нозил бўлди. Тарихчи Ибн Саъд роҳимаҳуллоҳнинг ривоятига кўра, Қуръон нозил бўлишининг бошланиши Пайғамбар алайҳиссалом туғилганларининг қирқ биринчи йили, Рамазон ойининг ўн йеттинчи душанба кунига тўғри келади. Бу воқеа Ҳиро ғорида содир бўлган эди. Ўшанда Жаброил алайҳиссалом тушиб Росулуллоҳ ﷺни уч марта сиқиб қўйиб юборганлари, у кишига: “Ўқинг”, деб буюрганлари, Расулуллоҳ ﷺнинг “Мен ўқишни билмайман”, деганлари ва ниҳоят учинчи мартасида:
اقْرَأْ بِاسْمِ رَبِّكَ الَّذِي خَلَقَ خَلَقَ الْإِنْسَانَ مِنْ عَلَقٍ اقْرَأْ وَرَبُّكَ الْأَكْرَمُ الَّذِي عَلَّمَ بِالْقَلَمِ عَلَّمَ الْإِنْسَانَ مَا لَمْ يَعْلَمْ
яъни: “Ўқинг (ей, Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан! (У) инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Раббингиз еса карамлидир. У инсонга қалам билан (ёзишни ҳам) ўргатди. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди” (Алақ сураси, 1-5-оятлар) деганлигини Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ўз китоблари бўлмиш “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ”нинг “Ваҳийнинг қандай бошланганлиги ҳақидаги боб” қисмида Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилиб келтирганлар. Оиша розияллоҳу анҳо ва жумҳур уламоларнинг сўзларига қараганда юқоридаги бешта оят Қуръоннинг биринчи нозил бўлган оятларидир.
Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳунинг фикрларича, биринчи нозил бўлган оят:
يَاأَيُّهَا الْمُدَّثِّرُ
яъни: “Эй, (либосларига) бурканиб олган киши (Муҳаммад!)” (Муддассир сураси, 1-оят)дир. Аммо юқоридаги биринчи фикр тўғрироқ. Чунки, Росулуллоҳ ﷺ: “Мен ўқишни билмайман”, деган сўзлари бу воқеадан олдин ҳеч нима ўқимаганликлари, ваҳий нозил бўлмаганлигини равшан кўрсатиб турибди.
Бундан ташқари яна Жобир разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар ﷺ шундай деганлар: “Бошимни осмонга кўтариб қарасам тепамда Ҳиро ғорида олдимга келган фаришта турибди. Дарҳол уйимга қайтиб келиб, мени ўраб қўйинглар, устимни беркитиб қўйинглар, дедим. Шунда Аллоҳ таоло: “Ей, либосларига бурканиб олган зот” оятини нозил қилди”. Ушбу ҳадис “Муддассир” сурасини “Иқро” оятидан сўнг нозил бўлганлигига яққол далил бўлади.
Шунинг учун ҳам уламолар Жобир разияллоҳу анҳу билан жумҳур уламоларнинг фикрларини мувофиқлаштириб бир нечта фикрларни айтишган ва бу фикрларнинг барчаси ҳам иккала тоифанинг сўзларини келиштиришга салоҳиятлидир.
“Муддассир” сураси ваҳий келиши тўхтаб қолганидан кейин биринчи бўлиб нозил бўлган сурадир.
“Муддассир” Қуръондаги бошидан охиригача тўлиқ нозил бўлган сураларнинг биринчиси.
“Муддассир” сураси Қуръондаги сураларнинг ичида динга даъват қилишга буюрган сураларнинг биринчиси. Чунки, унда:
قُمْ فَأَنْذِرْ
яъни: “Туринг-да, (инсонларни охират тўғрисида) огоҳлантиринг” (Муддассир сураси, 2-оят) жумласи бор. Аммо, “Алақ” сурасидаги “ўқинг” сўзи пайғамбарликни тасдиқлашга ишора қилган биринчи сурадир.
Уламолар Қуръоннинг энг охирги нозил бўлган ояти қайси эканлиги ҳақида ихтилоф қилганлар. Бу ихтилофларнинг энг машҳурларини қуйида келтирамиз.
Баъзи уламолар охирги нозил бўлган оят:
الْيَوْمَ أَكْمَلْتُ لَكُمْ دِينَكُمْ وَأَتْمَمْتُ عَلَيْكُمْ نِعْمَتِي وَرَضِيتُ لَكُمُ الْإِسْلَامَ دِينًا
яъни: “Ана, енди бугун, динингизни камолига йетказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим” (Моида сураси, 3-оят) деб айтишган. Барро ибн Озиб розияллоҳу анҳунинг сўзларига қараганда, енг охирги нозил бўлган оят “Нисо” сурасидаги “калола” оятидир:
يَسْتَفْتُونَكَ قُلِ اللَّهُ يُفْتِيكُمْ فِي الْكَلَالَةِ إِنِ امْرُؤٌ هَلَكَ لَيْسَ لَهُ وَلَدٌ وَلَهُ أُخْتٌ فَلَهَا نِصْفُ مَا تَرَكَ وَهُوَ يَرِثُهَا إِنْ لَمْ يَكُنْ لَهَا وَلَدٌ فَإِنْ كَانَتَا اثْنَتَيْنِ فَلَهُمَا الثُّلُثَانِ مِمَّا تَرَكَ وَإِنْ كَانُوا إِخْوَةً رِجَالًا وَنِسَاءً فَلِلذَّكَرِ مِثْلُ حَظِّ الْأُنْثَيَيْنِ يُبَيِّنُ اللَّهُ لَكُمْ أَنْ تَضِلُّوا وَاللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ
яъни: “(“й, Муҳаммад!) Сиздан фатво сўрайдилар. Айтинг: “Аллоҳ сизларга отаси ҳам, фарзанди ҳам бўлмаган одам тўғрисида (шундай) фатво беради: агар фарзандсиз бўлган бир эркак ҳалок бўлса (ўлса), агар синглиси (қолган) бўлса, қолдирган мероснинг ярмини олур. Агар синглисининг фарзанди бўлмаса, у (акаси) меросхўр бўлур. Агар (сингиллар) иккита бўлса, уларга (ака) қолдирган нарсанинг учдан иккиси (тегур). Агар (меросхўрлар) ака-ука ва опа-сингиллар бўлса, (ҳар) бир эркакка икки аёл ҳиссаси (берилур). Янглишиб кетмасликларингиз учун Аллоҳ сизларга (мерос ҳукмларини Ўзи) баён етади. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи зотдир” (Нисо сураси, 176-оят).
Имом Муслим роҳимаҳуллоҳнинг Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, охирги нозил бўлган оят “Наср” сурасининг оятларидир.
إِذَا جَاءَ نَصْرُ اللَّهِ وَالْفَتْحُ وَرَأَيْتَ النَّاسَ يَدْخُلُونَ فِي دِينِ اللَّهِ أَفْوَاجًا فَسَبِّحْ بِحَمْدِ رَبِّكَ وَاسْتَغْفِرْهُ إِنَّهُ كَانَ تَوَّابًا
яъни: “(Ей, Муҳаммад!) Қачонки, Аллоҳнинг нусрати (мадади) ва ғалаба келганида, одамлар тўп-тўп бўлиб, Аллоҳнинг дини (Ислом)га кираётганларини кўрганингизда, дарҳол Раббингизга ҳамд билан тасбеҳ айтинг ва Ундан мағфират сўранг! Зеро, У тавбаларни қабул этувчи зотдир” (Наср сураси, 1-3-оятлар).
Бу хусусда энг эътиборга лойиқ сўз Ибн Аббос разияллоҳу анҳунинг яна бир бошқа сўзлари бўлиб, унда энг охирги нозил бўлган оят “Бақара” сурасининг 281-оятидир, деганлар:
وَاتَّقُوا يَوْمًا تُرْجَعُونَ فِيهِ إِلَى اللَّهِ ثُمَّ تُوَفَّى كُلُّ نَفْسٍ مَا كَسَبَتْ وَهُمْ لَا يُظْلَمُونَ
яъни: “(Барчангиз) Аллоҳга қайтариладиган кундан (қиёматдан) қўрқингиз! Сўнгра ҳар бир жон (егаси)га қилган амалларига яраша нарса (мукофот ёки жазо) берилур ва уларга адолацизлик қилинмас”.
Мана шу гапга биноан Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳнинг Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилган яна бир бошқа сўзларини, яъни “Расулуллоҳ ﷺга энг охирги нозил бўлган оят “рибо” (судхўрлик) (Бақара сураси, 275-оят) оятидир”, деган сўзларини қуйидагича таъвил қилиш лозим. Яъни, бу оят рибо оятларининг энг сўнггисидир. Шунда кўпгина ривоятларда айтилган (Бақара сураси, 281-оят) ояти Расулуллоҳ ﷺга видолашув ҳажидан сўнг нозил бўлган, деган сўзга мувофиқ келади. Бу оятда Расулуллоҳ ﷺнинг вафотлари яқинлашганликка ишора қилинган. Ривоятларга қараганда Расулуллоҳ ﷺ бу оят нозил бўлганидан кейин тўққиз кеча ёки етти кеча яшаганлар. Бошқа ривоятда эса, йигирма бир кун яшаганлар, дейилган. Бу оят нозил бўлишидан олдинроқ, ташриқ кунларида “Наср” сураси нозил бўлган ва бундан ҳам Расулуллоҳ ﷺ ўзларининг вафотлари яқинлашганлигини тушунганлар.
Аҳроров Асадуллоҳ
“Хожа Бухорий” ўрта махсус билим юрти
4— гуруҳ талабаси
