Исломда аёлларнинг ўрни ва мавқеи
32

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар, Набийимиз ﷺга Аллоҳ таолонинг салоту саломлари бўлсин.
Муқаддас динимиз Исломда барчага бирдек хитоб қилиниб, эркак ва аёлларга тенглик ила муомала қилинган. Ҳақ-ҳуқуқларда бирини бошқасидан устун қўйилмаган. Шунингек, ислом шариати умумий шаклда аниқ мақсадга эришишни кўзлаган бўлиб, у “ҳимоя” деб аталади. Ҳимоя эса турли жабҳаларда, турли шаклларда намоён бўлади. Хусусан, аёлларнинг шаъни, уларга тааллуқли бўлган барча нарса ислом дини асосида ҳимоя этилади. Шу сабабдан ҳам Қуръони карим ва суннати набавийяда аёлларга оид ҳақ-ҳуқуқлар, нозик ва дақиқ таърифлар алоҳида эътибор билан келтирилади, адолат, латофат ва меҳр ила баён қилинади. Шуларни эътиборга олган ҳолда, аёлнинг қиз, рафиқа ва она сифатида умр кечириши ва унинг умр босқичларида эҳтироми ва ҳимоясини кўзда тутган оят ва ҳадисларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Ислом дини аёлларнинг шаънини кўтариб, уларнинг турмуш тарзини гўзаллаштирган. Пайғамбаримиз ﷺ аёлларга ўз ерларига итоат қилишни, эркакларга эса жуфти ҳалолларига меҳрибонлик қилишни буюрганлар. Қизларни мажбурлаб ерга бериш, уларнинг молларини ейишни ман қилганлар. Чунки жоҳилият даврида аёллар мерос ололмас, агар бирор кишига қиз фарзанд кўрганининг хабари берилса, ғазабланганидан юзлари қорайиб, бўзариб кетар эди.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда уларнинг бу ҳолатини бундай баён қилади: “Қайси бирларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазаби келиб, юзлари қорайиб кетади. У (қиз)ни камситган ҳолда, олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг «ёмон»лигидан (орият қилиб) одамлардан яшириниб олади. Огоҳ бўлингизки, уларнинг бу ҳукмлари жуда ёмондир (“Наҳл” сураси, 58-59 оятлар).
Қуръони каримда “Нисо” (Аёллар) номи билан алоҳида сура нозил қилинган бўлиб, унда мерос ва аёлларга муомала қилиш ҳукмлари баён этилгани динимизда уларнинг эҳтиром қилинганини кўрсатиб беради.
Аёлларга бўлган икромнинг намуналаридан яна бири шуки, ушбу сурада аёллар ва эркаклар лафзларининг тенг миқдорда келтирилганидир.
Ислом эркакларга ўз аёллари билан гўзал муомалада бўлишни ва бунда улар учун яхшилик борлиги қуйидагича баён қилади:
وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ فَإِنْ كَرِهْتُمُوهُنَّ فَعَسَى أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَيَجْعَلَ اللَّهُ فِيهِ خَيْرًا كَثِيرًا
“Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин” (“Нисо” сураси, 19 оят).
Шунингдек, динимизда аёллар она сифатида улуғланади. Ислом фарзандларни оналарига чиройли муомалада бўлишга буюриб, бу орқали аёлларни она сифатида улуғлайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримдаги бошқа ўринларга нисбатан ота-онага яхшилик қилиш борасида келган оятларни жуда ҳам чиройли тарзда баён қилган. Жумладан, “Исро” сурасининг 23-оятида:
“Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига этсалар, уларга «уфф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!” , – дея амр қилинган.
Бошқа сурада эса:
“Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки) «Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтишлик Менинг ҳузуримгадир”, – деб буюрилади (“Луқмон” сураси, 14-оят).
Қуръони каримдаги ота-онага яхшилик қилиш борасида келган яна бир оят қуйидагича марҳамат қилинади:
“Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси уни (қорнида) қийналиб кўтариб юрган ва уни қийналиб туққандир. Унга ҳомиладорлик ва уни (сутдан) ажратиш (муддати) ўттиз ойдир. Бас, қачонки, у вояга етиб, қирқ ёшга тўлганида: «Эй, Раббим! Менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган солиҳ амални қилишга мени муваффақ этгин ва мен учун зурриётимни ислоҳ эт! Албатта, мен Сенга (гуноҳларимдан) тавба қилдим ва, албатта, мен мусулмонлардандирман», – дейди”(“Аҳқоф “сураси, 15-оят).
Ушбу ўринда шуни таъкидлаш лозимки, Аллоҳга осий бўлувчи ўринларда уларга итоат қилинмайди. Бу ҳақда бундай марҳамат қилинади:
“Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. (Аммо) агар улар сен билмаган нарсаларни (сохта маъбудаларни) Менга шерик қилишингга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этмагин! (Барчангиз) Менга қайтурсиз, бас, Мен (ўшанда) сизларга қилиб ўтган амалларингиз хабарини берурман”, – деб марҳамат қилинади (“Анкабут” сураси, 8-оят).
Суннати набавийяда ҳам оналарга яхшилик қилишга доир кўплаб буйруқлар келган бўлиб, баъзиларини еътиборингизга ҳавола этамиз.
“Бир киши Расулуллоҳ ﷺ ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, энг чиройли муомаламга ким ҳақли?” – деб сўради. Расулуллоҳ ﷺ: “Онанг”, – дедилар. У киши: “Сўнг ким?” – деди. Расулуллоҳ ﷺ: “Онанг”, – дедилар. У киши яна: “Сўнг ким?” – деди. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Онанг”, – дедилар. У киши: “Сўнг ким?” – деди. Расулуллоҳ ﷺ: “Сўнг отанг”, – дедилар” (Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ ﷺ уч бора “Онанг”, деб айтишлари Исломда онанинг шаъни нақадар улуғ ва ҳурмат-еҳтиромга лойиқ еканига далолат қилади. Ислом шариатидан бошқа ҳеч бир шариатда онанинг қадри бунчалик баланд қилиб белгиланмаган.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, аёл гўё қалб гавҳари. Аёл борки, олам мунаввар. Она – меҳрибонлик тимсоли! Унга яхшилик қилиш еса дунёда бахт, охиратда саодатга еришиш сабабларидандир. Шундай экан, онамизнинг нурли юзларига табассум ила боқиб, меҳрибонлик ва оилавий меҳр-муҳаббат асосида ҳаёт кечириш барчамизга насиб ецин!
Содиқов Маҳмудхон
“Хожа Бухорий” ўрта махсус билим юрти
4 — курс талабаси
