Савдо-тижорат ва унинг одоблари

16

Аллоҳ таолога битмас туганмас ҳамду санолар, Набиййимиз ﷺга дуруду салавотлар бўлсин.

Бугунги кунда савдо-сотиқ масаласи жамиятдаги энг муҳим масалалардан бири бўлиб қолди. Чунки ҳар бир инсон ва ҳар бир ёш ҳаёти савдо-сотиқдан холи эмас. Шу сабаблик ҳар бир мусулмонман деган инсон савдога оид ўзгалар билан бўладиган муомилот масалаларини шаръий жиҳатдан билиши шарт ҳисобланади. Чунки бу мўмин-мусулмоннинг луқмасини поклайдиган ҳолатлардан биридир. Луқма эса ҳалол бўлишлиги керак, ҳалол бўлмаган луқмани эса авлодга ҳам жамиятга ҳам зиёни бор. Қуйида биз савдонинг таъриф ва истилоҳлари, кўринишлари, савдогарга хос бўлган одобларни ва сотиш ҳалол бўлмайдиган нарсаларни Аллоҳ таоло қодир қилгунича баён қилиб берамиз.

“Тижорат” сўзи арабча сўз бўлиб, луғатда олди-сотди маносини англатади. Уламолар тижоратнинг тарифида бир-бирига яқин бир неча маъноларни айтишган: “Тижорат”- бир нарсани савдога қўйиб, фойда олиш учун сотиб олишдир”; “Тижорат” — олди-сотди ила фойда излашдир.”; “Тижорат” – фойда кўриш мақсадида молни айлантиришдир” ва ҳоказо.

Бизнинг она тилимизда еса тижорат- савдо сўзи арабча “байъ” сўзига ҳам тўғри келади. “Байъ” луғатда “ўзаро бир нарсани алмаштириш”ни англатади. Шариатда еса бир молни иккинчи бир мол муқобилига рози бўлиб қабул қилиб олишга айтилади. Қисқа қилиб айтганда, “савдо” сўзи “тижорат” сўзидан умумийроқ бўлиб, бугунги куннинг истилоҳида “бозор” муомалалари” маъносига яқинроқ келади.

Савдо ҳалол бўлиши учун икки тарафнинг – ҳам сотувчининг ҳам харидорнинг розилиги шарт қилинган. Ушбу ҳақиқатга алоҳида етибор бериш керак. Бировга нисбатан тазйиқ ишлатиб, унинг молини ўзи истамаган тарзда паст баҳога сотишга мажбурлаш мумкин емас. Шунингдек, ўзининг нарсасини бошқага мажбурлаб сотиш ҳам таъқиқланган бўлиб, бу борада мансабни, кучни ва бошқа чораларни ишга солиб, одамларни норози қилиб муомалага чорлаш қатъий қораланган.

Тижоратнинг шариатга киритилишига Қуръони Каримда, Расулуллоҳ ﷺнинг суннатларида бир қанча далиллар бор. Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:

“Эй иймон келтирганлар! Бир–бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан йеманг. Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли. Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта Аллоҳ таоло  сизларга ўта раҳмлидир” (29-оят).

Бировнинг молини ботил йўл билан ейишга судхўрлик, қимор, порахўрлик, алдамчилик, нархни сунъий равишда кўтариш, ўғрилик, қиморбозлик, товламачилик ва бошқалар киради.

Ояти каримада ботил йўл билан бировнинг молини ейишдан “Фақат ўзаро розилик ила бўлган тижорат бўлса, майли”, деб истисно қилинмоқда.

Албатта, ҳалол ризқ топишнинг йўли фақат тижорат эмас. Аммо бу мақомда тижорат-савдонинг зикр қилинишига сабаб шуки, нотўғри йўл билан мол ейишнинг баъзи турларида тижоратга ўхшашлик бор. Мисол учун, Арабистон ярим оролида судхўрлик авж олган эди. Ислом бу ишни таъқиқлаганида мушриклар судхўрлик ҳам тижоратга ўхшаш, деган даъвони илгари суришди. Шу каби тушунмовчиликлар ёки ноўрин даъволар бўлмаслиги учун ўзаро розилик билан қилинган тижорат бундан истисно қилинмоқда. Чунки тижорат ҳалол меҳнат. Савдогар меҳнат қилиб, молу-пулини ишга солиб, ишлаб чиқарувчи ва харидор ўртасида восита бўлади. Бу вазифани бажаришда орада анча мунча хизматларни амалга оширади. У касод бўлиши, синиб, молсиз-пулсиз қолиши эҳтимолларини ҳам бўйнига олиб, бу ишга қўл уради. Енг муҳим омиллардан бири тижорат икки тарафнинг розилиги билан бўлади. Биров уни ўзи истамаган тарафга ва ўзи истамаган нархда сотишга мажбурлай олмайди. Харидор рози бўлмаса, олиш олмасликда эркин, бошқа томонга кетаверади. Уни ҳам биров истамаган нарсани истамаган нархда олишга мажбурлай олмайди.

Оятнинг давомида Аллоҳ таоло мўмин бандаларига қарата:

“Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг!” демоқда. Сиртдан қараган одам: “Бир-бирининг молини ноҳақ ўзлаштириш ва ўзини ўзи ўлдириш орасида қандай алоқа бор?” дейиши мумкин. Лекин чуқурроқ ўйлаб кўрилса, ҳаётий тажрибага назар солинса, ҳақиқатда бу икки нарса ўртасида бевосита алоқа борлиги кўрилади. Бир бирининг молини ноҳақ йўл билан ўзлаштириш одати бор жамият ўзини ўзи ҳалокатга олиб боргани ва бораётганини кўрамиз. Жумладан, мазкур ноҳақ йўл билан мол ейиш ҳам катта хатолик сифатида ҳалокатга сабаб бўлади. Бу ишни қилганлар ўзини ўзи ўлдирган бўлади.

“Албатта, Аллоҳ таоло сизларга ўта раҳмлидир”. У мўмин-мусулмонларга раҳм қилгани учун ҳам сизларни ҳалокатга олиб борувчи ишлардан, жумладан, бир бирингизнинг молингизни ноҳақ йўл билан ейишдан қайтармоқда. Сизни нажотга сабаб бўлувчи ишларга буюрмоқда. Бу ҳол Аллоҳнинг раҳматидир.

Агар у раҳм қилиб, тўғри йўлни кўрсатиб бермаганида, нотўғрисидан қайтармаганида, катта машаққатда қолган бўлар эдингиз.

Уламоларимиз маслаҳат тариқасида савдо моли таннархининг учдан бирини фойдага қўйса, одоб ва инсоф юзасидан яхши бўлади, дейишган. Савдонинг “одоблари” га қуйидагиларни киритсак бўлади.

— Савдогар киши шубҳали нарсалардан йироқда бўлиши жуда ҳам зарурдир.

-Тижоратда кўп учраб турадиган ноаниқ нарсалар, аслини билиб бўлмайдиган ва шубҳали нарсалардан узоқда бўлиш тожир учун ўта муҳимдир.

— Савдогарларнинг одобларидан бири савдо молидан хайр-эҳсон қилиб туришдир.

Мусулмон тожирлар орасида иш давомида турли беҳуда гап-сўзларни айтадиганлари, ҳатто беҳудага қасам ичадиганлари ҳам учраб туради. Булар динимизда қайтарилган, мусулмон кишига мутлақо ярашмайдиган ишлардир. Тез-тез садақа қилиб туриш эса баъзан билиб-билмай қилинган хатоларнинг ўчирилишига сабаб бўлади.

— Савдогар киши тижорат молларидан закот фарзлигини зинҳор унутмаслиги ва бу молиявий ибодатини вақтида адо етиб туриши лозим.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

“Эй иймон келтирганлар, касб қилган нарсаларингизнинг покизаларидан… нафақа қилинглар” (267-оят).

— Мусулмон савдогар ўзининг ҳамкасблари билан яхши алоқада бўлади.

— Савдогарларнинг муҳим одобларидан бири золим харидорга ёрдам бермасликдир.

— Савдогарларнинг муҳим одобларидан яна бири харидор билан гўзал муомалада бўлиш. Бунга харидорни яхши сўз ва муомала билан кутиб олиш, уларга ширинсухан бўлиш, нархини келишишда бағрикенг, ҳимматли бўлиш, баҳони талаб қилишда ҳам одобли бўлиш кабилар киради.

Қуйидаги нарсаларнинг савдоси дуруст (ҳалол) бўлмайди:

  1. Ҳаром ўлган ва истеъмоли тақиқланган нарсалар (қон, ҳаром ўлган ҳайвон гўшти, ҳамр, яъни маст қилувчи ичимлик ва моддалар, чўчқа ва унинг гўшти кабилар) савдоси;
  2. Савдоси мумкин бўлган молни мумкин бўлмаган молга қўшиб сотиш, масалан, ҳалол сўйилган молнинг гўштини ҳаром ўлган мол гўштига қўшиб сотиш (бунда ҳар иккаласининг ҳам савдоси бузилади);
  3. Ҳалол молни ҳаром мол эвазига сотиш ёки айирбошлаш, масалан, газмол бериб, чўчқа олиш ёки аксинча;
  4. Сувдаги балиқни, осмонда учиб юрган парранда-қушларни тутиб олмай туриб, тоғдаги ўтинни териб-тўпламасдан олдин сотиш;
  5. Савдо қилинганда харидорга топширишга қодир бўлмаган нарсаларни сотиш, масалан, тутиб ҳовузга ташлаб қўйилган балиқ каби;
  6. Харидорга берганда ўзи зарар кўрадиган нарсаларни (масалан, уйининг тўсин-хариларини) сотиш;
  7. Алданиш эҳтимоли бор нарсаларни.
  8. Аниқ бўлмаганидан жанжалга сабаб бўладиган нарсани (масалан, қўй устидаги жунини қирқмай туриб) сотиш;
  9. Дарахтдаги мевани ундан узиб олиб, қуритиб қўйилган мевага чамалаб сотиш;
  10. Одам аъзоларини (масалан, сочи, сути кабиларни) сотиш;
  11. Ҳаром ўлган мол-қўйларнинг терисини ошламай (ҳўлини кетказмай) сотиш;
  12. Насияга сотган нарсасининг пулини тўлиқ олмай туриб, сотган нархидан арзонга сотиб олиш;
  13. Савдо тақозо қилмаган, аммо сотувчи ё олувчидан биригагина фойдали бўлган шарт билан сотиш мумкин емас.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, Аллоҳ таоло ҳар доим ўз бандаларига дунё ҳаётида истиқомат қилиш учун дастурларни белгилаб қуйган ва уларга камчиликсиз амал қилган кишига катта ажр-неъматларини ваъда бериб қуйгандир.

 

 Нейматов Айюб

“Хожа  Бухорий” ўрта махсус билим юрти

4-курс талабаси