Ёлланиб ишловчига териси қуримасдан ҳаққини беринглар!
12

Абу Ҳурайра розияллоху анхудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ ﷺ шундай дедилар: “Ёлланиб ишловчига териси қуримасдан ҳаққини беринглар”,
Ишчи кимнингдир қўлида ёлланиб ишлар экан, уни энг хурсанд қиладиган нарса бу ўз ҳаққини олиш бўлади. Энди бу териси қотишидан олдин бўлса унданда афзал бўлади. Расулуллоҳ ﷺ: “Ёлланиб ишловчига териси қуримасдан ҳаққини беринглар”, дедилар. Бу ерда ишчи ишлатадиган мусулмон кишининг одоби қандай бўлиши зикр қилинмоқда. Демак, ишчиларни ёллаб ишлатадиган киши ишчиларга ишларини қилиб бўлиши билан бериши лозим бўлади. Шунда кишилар ўртасида ишонч, мурувват ва инсонийлик ришталари мустаҳкамланади.
Шу кунларда инсонлар орасида ишончнинг юқолиб кетишига сабаб ўз динларидан бехабарликлари, хабардор бўлсаларда амал қилишда оқсаётганликларидир. Ҳар бир инсон бу ҳадисга амал қилиб ўзига юлатилган вазифани қўл учида эмас сидқидилдан бажарса, ҳақдорга ҳаққини пайсалга солмасдан вақтида одо қилса, жамият фаровонлашиб бахт-саодат пойдевори бўлади.
Агар ижарага олинган инсон(ёлланиб ишловчи) ижара ҳақини олмасдан ташлаб кетса у мужир яъни ижарачининг қўлида омонат бўлиб туради. Бунга далил ғорга кирган уч киши ҳақидаги ҳадисдир.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ ﷺнинг бундай деганларини эшитдим: “Сизлардан олдинги кишилардан уч нафари йўлга тушди. Тунаш учун бошпана излаб бир ғорга киришди. Шу пайт тоғдан бир харсанг тушиб, ғорни тўсиб қўйди. Улар: «Солиҳ амалларингиз ила Аллоҳга дуо қилишингизгина сизларни ушбу харсангдан қуткара олади”, дейишди. Шунда улардан бир киши: “Аллоҳим! Менинг ёши улуғ, кекса ота-онам бор эди. Кечки (сут)ни улардан олдин аҳли-оиламга ҳам, қул-чўриларимга хам ичирмас эдим. Бир куни бир нарса излаб узокроққа кетиб колган эдим, қайтиб келгунимча (ота-онам) ухлаб колишибди. Кейин уларга кечки сутларини соғиб келдим, лекин икковлари ҳам ухлаб қолишга экан. Кечки сутни улардан олдин аҳли-оиламга ёки қул-чўриларимга ичиргим келмади. Икки қўлимда кадаҳ тутганча уларнинг уйғонишларини кутдим. Ниҳоят, тонг ёришди. Уйғонишгач, кечки сутларини ичишди. Аллоҳим! Агар буни Сенинг важҳ (юз)ингни истаб қилган бўлсам, мана бу харсанг сабабли бошимизга тушиб турган ҳолатни биздан кўтаргин!” деди. Шунда (харсанг) бир оз очилди. Лекин (улар)чиқа олмасдилар.
Бошқаси: “Аллоҳим! Амакимнинг қизи бор эди, у мен учун энг севикли инсон эди. Мен унинг нафсимни кондиришини истадим, у эса мендан ўзини олиб қочди. Унинг бошига қаҳатчилик тушиб, олдимга келган эди, менга ўзини топшириш шарти билан унга бир юз йигирма динор бердим. У шундай қилди. Ниҳоят, уни тўлиқ қўлга олганимда: «Мухрни нохақ очсанг, ҳалол бўлмайман”, деди. Унга (никоҳсиз) яқинлик қилиб гуноҳкор бўлишдан қўрқиб, устидан туриб кетдим. Ваҳоланки, у менинг учун энг севикли инсон эди. Унга берган тилламни ҳам ўзига қолдирдим. Аллоҳим! Агар буни Сенинг важҳ(юз)ингни истаб қилган бўлсам, бошимизга тушиб турган ҳолатни кўтаргин!» деди. Шунда харсанг очилди, бироқ улар ундан(ғордан) чиқа олмасдилар.
Учинчиси: “Аллоҳим! Мен бир неча мардикор ёллаган эдим. Уларга хақларини бердим. Фақат бир киши ўзиникини ташлаб, кетиб колди. Мен унинг иш ҳақини сармоя қилган эдим, ундан мол-бойлик кўпайди. Маълум вақтдан кейин келиб: “Эй Аллохнинг бандаси, менга ҳаққимни тула”, деди. Мен унга: “Сен куриб турган туя, сигир, қўй ва қулларнинг ҳаммаси сенинг ҳаққингдандир”, дедим. У: “Эй Аллоҳнинг бандаси, мени масхара қилма!” деди. “Мен сени масхара қилаётганим йўқ”, дедим. Шунда у уларнинг барчасини олиб, ҳайдаб кетди, ҳеч нарса қолдирмади. Аллоҳим! Агар буни Сенинг важҳ(юз)ингни истаб қилган бўлсам, бошимизга тушиб турган холатни кўтаргин!” деди. Шунда харсанг очилди ва улар чиқиб кетишди”.[1]
Агар ишчи ўз ҳаққини нимадир сабаб билан олмасдан ташлаб кетса, уни сақлаб туриш ёки уни кўпайишига сабаб бўладиган бир хайрли ишга сарфлаш улуғ савоб ишдир. Ҳатто бу ишни ўртага васила қилиб Аллоҳга дуо қилинса ижобат боладиган даражада Аллоҳнинг розилигига сабаб бўладиган иш экан.
Орифов Салоҳиддин
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
4-курс талабаси
[1] Sahihi Buxoriy 2272-hadis
