Маънавиятга таҳдид – ўзлигимизга таҳдид!
22

Бугун биз тезкор ахборотлашган, жадал суръатларда ривожланиб бораётган шиддаткор замонда яшаяпмиз. Глобаллашув дея эътироф этилаётган бу давр аввало ҳаёт жараёнининг мисли кўрилмаган даражада тезлашуви, жамият ҳаётининг барча жабҳаларига бевосита таъсир кўрсатаётгани билан аҳамиятлидир ва бу давр чексиз имкониятларга эшик очди. Дунёнинг исталган бурчагида рўй бераётган воқеа ҳодисалардан бир зумда хабардор бўлиш ва уларни бевосита кузатиш имконияти пайдо бўлди. Теҳника тараққиёти ақл бовар қилмас даражага етди.
Бироқ танганинг иккинчи томони бўлганидек ушбу жараёнда турли ғоялар кураши, ахборот хуружлари ва мафкуравий тазйиқлар ҳам авж олиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Айни вақтда маданиятсизликни, ахлоқсизлик ва шавқатсизликни тарғиб қилиш орқали бирор бир мамлакатнинг муайян ахлоқ нормаларини бузишга қадриятларини йўққа чиқаришга, миллатни ўз илдизи ва қиёфасидан маҳрум этиб, мавжуд бошқарув тизимини издан чиқаришга уринаётган ёвуз кучлар ўзларининг чиркин мақсадига эришиш йўлида аср теҳнологияларидан устомонлик билан фойдаланишмоқда.
Қора кучлар томонидан Интернет тармоғи орқали экстремизм, қўпорувчилик, фахш ва зўравонлик, гиёҳвандлик каби қатор глобал муаммоларни тарқатишга зўр берилаётгани дунё ҳамжамиятини жиддий ташвиш ва хавотирга солмоқда. Интернет хизматларидан фойдаланиш нафақат компьютер балки мобил алоқа воситаларида ҳам кечмоқда ва шундан кўриниб турибдики ҳажм ва қамров жуда тез ўсиб, чегара билмас даражага етиб боряпти. «Юксак маънавият енгилмас куч» китобида келтириб ўтилганидек «Бугунги кунда замонавий ахборот майдонидаги ҳаракатлар шу қадар тиғиз, шу қадар тезкорки, энди илгаригидек, ҳа, бу воқеа биздан жуда олисда юз берибди, унинг бизга алоқаси йўқ, деб бепарво қараб бўлмайди». Чиндан ҳам дунёда юз бераётган турли воқеа–ҳодисалар, таҳдидлар, биргина ўша давлат ёки минтақа ҳаётига дахлдор деган киши адашади. Чегара билимас бу хавф–хатарлар бутун инсониятнинг, тараффқиётнинг душманидир. Атрофимизда бўлаётган геосиёсий жараёнлар, терроризм, наркобизнес, миллатлараро низолар бутун башариятга катта офатлар келтиришини ҳаммамиз кўриб–билиб турибмиз.
Ёшларни ўз домига тортаётган зарали ёт ғоя ва унсурларни тарғиб этувчи манфур кимсалар, ўз мақсадини инсон ва миллат маънавиятига қарши қаратиб, бу йўлда ҳар қандай қабиҳликлардан ҳам қайтишмаётгани айниқса хатарлидир. Бундай шароитда эса огоҳлик ва ҳушёрликни бир зум ҳам йўқотмай, бой ва мустаҳкам илдизларга эга маънавиятимизга, асрий урф–одат ва анъаналаримизга, ўзбекона миллий менталитетимизга таяниш ҳар жиҳатдан муҳимдир.
Келажагимиз ворисларининг дунёқараши, фикрлаши, салоҳиятини янада бойитишда, асрлар давомида сайқалланиб келган маънавий меросимизнинг ўрни беқиёсдир. Маънавият қанчалик юқори бўлса, инсон қалбида жоҳиллик, худбинлик, лоқайд ва бефарқлик каби салбий хислатларга ўрин қолмайди, аксинча унинг ўрнида ёшларимиз тафаккур оламини, ватанпарварлик, бунёдкорлик ва яратувчанлик туйғулари бойитиб бераверади.
Миллий маънавиятнинг маъно–мазмунини теранроқ англаган ҳолда маънавий таҳдидлардан ҳимояланишда, юрт тараққиёти ва ёшлар камолотида маънавиятнинг ўрни нечоғлик катта эканлигини унутмаслигимиз зарур.
Ғолибжон Хидиров
«Хожа Бухорий» ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
