Бирдамлик — тинчлик демакдир!
27

Ислом дини ўз номи билан тинчлик, бирдамлик, ҳамжиҳатлик дининдир. Адоват, ихтилоф тарафланиш каби ҳар қандай номақбул ишлар динимизга бегонадир. Инсоният ҳаёти давомида турли мафкуралар, ғоялар, эътиқодлар ўртасида зиддиятлар қарама — қаршиликлар ва фирқаланишлар намоён бўлиб турибди. Бунинг оқибатида ўзаро жанжаллар, тортишувлар ва нотинчликлар юзага келмоқда.
Тарихга назар ташласак, ҳамма даврда ҳам бирор давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришида тинчликнинг ўрни беқиёслиги намоён бўлади. Бирор бир давлат тинч бўлиши учун халқи бирдам, ҳамжиҳат бўлиши лозим бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло доимо бандаларни бирликка ва ҳамжиҳатликка чақиради. Фирқаланиш, ораларида низо чиқаришдан қайтаради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деб марҳамат қилади: “Ҳаммаларингиз Аллонинг арқонини маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг…”, (Оли Имрон сураси, 103 оят).
Ҳадиси шарифларда ҳам тичлик тўғрисида кўплаб чақириқлар келган. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (с. а. в) айтдилар: “Икки неъмат борки кўпчилик инсонлар уни қадрига етмайдилар, у хотиржамлик ва сиҳат саломатликдир”. Ҳозирги кунда Аллоҳ таолонинг буйруқларига, Пайғамбаримиз (с. а. в)нинг кўрсатмаларига итоат этмасдан, кўплаб бузғунчи террористлар томонидан кўпдан — кўп нотинчликлар, бузғунчиликлар, одам ўлдиришлар, худкушликлар орқали кўплаб давлатларда нотинчликлар келтириб чиқарилмоқда.
Шундай экан бундай бузғунчиларнинг бузғунчиликлари бизнинг тинч, осойишта, гўзал ва жаннатмакон давлатимизда бўлмаслиги учун барчаларимиз бирдам, ҳамжиҳат бўлишимиз лозим бўлади.
Зероки, Пайғамбаримиз (с. а. в) ҳам биз умматларни бирдам, ҳамжиҳат, иноқ бўлишга буюрганлар. Ўзларининг видолашув ҳажларида қилган хутбаларида биз умматларни бир — биримизга душман бўлишдан, қурол кўтаришдан қайтариб, дўст-у биродар ҳамжиҳат бўлиб яшашни васият қилганлар.
Агар биз Аллоҳ таолонинг “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат этинглар, Расулга итоат этинглар, ва ўзларингиздан бўлган иш эгаларига итоат этинглар”, (Нисо сураси, 59 оят) деган буйруғига итоат этсак, Юртимиз тинч, ҳаётимиз янада гўзал бўлаверади.
Сирожиддин Жаҳонов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
