Ота-онага яхшилик қилинг!
16

Инсонни ҳайвондан ажратиб турувчи асосий хусусияти бу унинг ақлидир. Аллоҳ инсонларга ақл бериши билан бирга уларга кўпроқ мажбурият юклаган.
Шу мажбуриятлардан бири ота-она учун яхшилик қилишдир. Аллоҳга ибодат қилиш қанчалик муҳим бўлса, ота-онага итоат этиш, уларга яхшилик қилиш ҳам шунчалик муҳимдир.
Қуръони каримнингбир қанча оятларида “Аллоҳга ибодат қилиш” жумласидан сўнг “Ота-онага яхшилик қилинг”, деб марҳамат қилиниши Исломда ота-онага берилган энг катта эътибордир. Роббимиз бизларни яратиб, турли ноз-неъматлар инъом этгани учун ибодатга лойиқлиги сингари, ота-онамиз ҳам дунёга келишимиз, ўсиб-улғайишимизга сабаб бўлганликлари учун ҳурмат ва эҳтромга лойиқ бўлган зотлардир. Шу сабабли Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Роббингиз, ёлғиз Унинг ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онангизга яхшилик қилишларингизни амр этди. Улардан бири ёки ҳар иккаласи сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб “уф” (жонимга тегди) дема, уларнинг сўзларини қайтарма. Уларга доимо яхши гапир. (Исро, 23) деб марҳамат қилади.
Исломда ота-онанинг ким ва қандай одам бўлишидан қатъий назар уларга итоат этмаслик, озор бериш ман этилади. Ота-онага ҳурмат кўрсатиш, уларни яхши кўриб, уларга ғамхўрлик қилиш, уларнинг гуноҳларини мағфират қилишини Аллоҳдан сўраш мўмин бўлган ҳар бир фарзанднинг бурчидир.
Расули акрам (с.а.в.) айтадилар: “Ота-онасини рози қилган бандага жаннатдаги Тубо дарахти насиб бўлади ҳамда Аллоҳ таоло унинг умрини зиёда қилади.(Бухорий)
Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом шундай деганлар: “Мўмин банда савоб умидида ота-онасини зиёрат қилса, Аллоҳ унга жаннатдан иккита эшик, улардан бирини зиёрат қилса, бир эшик очади. Ота-онадан бирини хафа қилиб, уларни рози қилмагунча Аллоҳ ҳам ундан рози бўлмайди. Шунда бир киши сўради: “Ота-она боласига зулм қилсачи?” Ибн Аббос: “Зулм қилган тақдирларида ҳам фарзанд уларни ранжитмаслиги керак”, деб айтди.(Бухорий)
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий айтади: “Аллоҳ Тавротда, Инжилда ва Қуръонда барча пайғамбарларга буюрган “Эй бандам! Менинг розилигим ота-онангнинг розилигидадир, ғазабим уларнинг ғазабидадир” .
Фарқан Сабахий айтади: “Бази китобларда ўқидим, фарзанд учун ота-онасиниг ҳузурида иккаласининг изнисиз гапиришлик ва икковидан олдин юришлик ўнгда ҳам, чапда ҳам лозим бўлмайди, магарам уни икковлари чақиришса, жавоб бериб, сўнгра изидан юради….”
Аллоҳ таоло ота-онанинг фарзандни дунёга келишига сабаб бўлганликлари, уларни ўстириш, вояга етказиш, илм бериш, вақти келганда оилали қилиш каби бурчларини адо этишда чеккан машаққатлари туфайли, уларга буюк мукофотлар ато этиб, ўзининг розилигини ота-онанинг розилиги билан боғлаган. Шундай экан, азизлар, ота-онамизнинг хизматини қилишликда сусткашликка йўл қўймайлик.
Хайрулла ҚУРБОНОВ,
Хожа Бухорий номли ислом ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
