Рамазон ҳайитингиз муборак бўлсин!

21

Аллоҳ таолога беадад шукроналар бўлсинки,  муборак Рамазон ойи  рўзасини тугатиб,  ҳайит байрами кунларига соғ-саломатликда,  тинчликда  етиб келдик.

Бу қутлуғ кунларда эл-юртнинг камоли,  халқимизнинг бахт-саодати,  мустаҳкам имон-эътиқоди яна бир бор намоён бўлиши табиий.  Аллоҳнинг инояти ила  тинч ва обод юртда барчамиз мана шундай  улуғ айёмда бир-бирларимизни сидқидилдан муборакбод этиш шарафига  муяссар бўлиб турибмиз.  Аллоҳ ҳузуридаги ойларнинг энг афзали, барака,  раҳмат ва мағфират ойи бўлмиш муборак Рамазони шарифнинг рўзасини мукаммал адо этишликни насиб этмоқда.  Бу покланиш  ойида қилган ибодатларимиз,  тутган рўзаларимиз, хайрли амалларимиз,  ўқилган хатми Қуръонларимизни,  шунингдек, саҳар  чоғида қилган дуо-ю илтижоларимизни Аллоҳ таоло ўз  даргоҳида қабул айлаб,  ўзининг туганмас ғайбиясидан кўпдан-кўп ажру  савоблар ато қилсин.

Маълумки, Рамазон    ҳайити кунида барча мусулмонлар бир-бирларини  муборакбод этиб, табаррук отахон-онахонларга узоқ умр, имон, ёшларга  тавфиқу рушди ҳидоят тилашади.  Қариндош-уруғларни, ёру биродарларни  зиёрат қиладилар,  ўз яқинлари ва беморларнинг ҳолидан хабар оладилар.   Бу  кунда шундай хайрли ишлар ҳар бир эзгу ниятли кишиларнинг қалб  эҳтиёжига айланади.  Бирор сабабга кўра аразлашган,  гина-кудуратли  таниш-билишлар ҳам ҳайит кунларида бир-бирларига қучоқ очадилар,  ўзаро узр сўрашадилар.

Бугун шуни рўй-рост тан олиш керакки, халқимизнинг асрий орзулари ушалган ушбу шодиёна кунларга осонликча етиб келганимиз йўқ. Неча йиллар мобайнида халқимиз, диний эътиқодидан, қадриятларидан мосуво бўлди, ҳақ-ҳуқуқлари топталди. Аллоҳга беҳисоб шукроналар бўлсин, мана, мустақилликка эришдик, миллий ва диний қадриятларимиз ўзимизга қайтди. Мусулмонларимиз ибодатларини эмин-эркин адо этадиган, диний таълимни бемалол оладиган бўлдилар. Кўплаб масжидлар янгидан очилди ва очилмоқда, минглаб мусулмонлар ҳаж ва умра қилиш имкониятига эга бўлдилар.

Мусулмонларимиз бу ойни тоат-ибодат, тавба-тазарру, сабр-бардош, яхшилик ва меҳр-мурувват йўлида ўзаро мусобақалашишлар билан безашга ҳаракат қилишди. Чунки Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг бизга кўрсатмалари шундай бўлган, ибратлари шундай бўлган: ўзлари бу ойда бошқаларга қараганда кўпроқ ибодат, эзгу, хайрли ишлар қилганлар.

Бундан руҳланган мўмин-мусулмонларимиз бу ойда эҳсон-саховатларини ҳар қачонгидан ҳам кўпайтириб, катта савоблар олиш умидида эҳтиёжмандларга, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларга меҳр-мурувват, саҳоват кўрсатдилар.

Рамазон рўзасидан олган тарбиямизнинг яна бир жиҳати шу бўлдики, бу ой бизларга бир-биримиз билан янада ахил, тотув бўлиб яшашни, бағрикенг бўлишни, фақат ўзимиз учун эмас, ўзгалар учун ҳам камарбаста, фидойи бўлишни ўргатди. Чунки юртимизда тинчлик осойишталик бардавом бўлишида, ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлиги юксалишида бу инсоний фазилатларнинг ўрни беқиёсдир.

Ўткир Ғузаров,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти мудири