НИКОҲ ҲАҚИДАГИ ҚАРАШЛАР

35

Халқимизда азалдан оила ва никоҳ муносабатларига бўлган қарашлар муқаддас ҳисобланиб, унинг жамиятдаги ўрни ҳусусида шарқ ва ғарб алломаларининг бир қанча илмий ва диний қарашлари мавжуд. Никоҳ-инсонлар жамиятида энг муқаддас битим ҳисобланади. Шунинг учун ислом динида оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият қаратилади. Оила никоҳ билан барпо қилинар экан, бир тафаккур қилиб кўрайлик, дунё миқёсини олиб таҳлил қилайлик. Никоҳ билан қурилган оилали мамлакатлар ва никоҳсиз қурилган оилали мамлакатларда юз бераётган турли воқеалар ва жараёнларнинг  барчасини санаб чиқсак, никоҳнинг қанчалик муқаддаслигини чин кўнгилдан англаб оламиз. Никоҳланиш бизга севикли пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺдан суннат амал ҳисобланади. Никоҳ, оила масаласида йигит-қизлар ва ота-оналари ўз фарзандларини ёши жиҳатидан оила қуришга тайёр эканлигига қаноат ҳосил қилиб, сўнгра расмий имом домлалар иштирокида никоҳлатиб олишлари оиланинг ҳамжиҳатликда давом этишини таъминлаб беради. “Никоҳ” сўзининг шариатдаги маъносида Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ва Имоми Шофиъй раҳматуллоҳи алайҳларнинг ўртасида ихтилоф бўлиб, Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ “никоҳ” сўзи шариатда ҳақиқий маъноси ватий, мажозий маъноси ақд (боғлаш) деб ижтиҳод қилдилар. Ва никоҳланиш амалини ақди шаръийга (яни ибодатлар жумласига) ҳукм қилдилар. Имоми Шофиъй раҳматуллоҳи алайҳ бўлса, “никоҳ” сўзининг шариатдаги ҳақиқий маъноси ақд, мажозий маъноси бўлса, ватий деб ижтиҳод қилдилар. Ва никоҳланиш амалини ақди молийга (муомалотларга) ҳукм қилдилар. Энди ақди шаръий ва ақди молий деган тушунчаларга тўхталиб ўтамиз. Ақди шаръий деб, динда уни қилишлик лозим бўлган бир иш юзасидан икки кишининг келишувига айтилади. Масалан: Ислом динида никоҳланишга буйруқ кўринишидаги оят мавжуд ва никоҳга тарғиб қиладиган жуда кўп ҳадислар мавжуддир. Шунинг учун икки кишининг оила қуриш мақсадида қилган келишувлари ақди шаръий (савоблик ибодат) бўлади. Ақди молий деб, дини Исломда уни қилишликдан қайтарилмаган ва унга тарғиб ҳам қилинмаган бир иш юзасидан инсонларнинг келишувига айтилади. Масалан: сотиш, сотиб олиш муомалотлари динда комил тарздла баён қилинган, лекин уни қилишликка тарғиб қиладиган ҳадислар йўқ, шунинг учун олди-сотди ишлари ақди молий бўлади. Шариатда уни қилишлик мубоҳ ҳисобланади. Демак, никоҳ бир мазҳабда ибодатлардан, бошқа мазҳабларда муомалотлардан ҳисобланади. Шунинг учун Убайдуллоҳ ибни Масъуд розияллоҳу анҳу никоҳ бобини ўз китобларида ибодатлар ва муомалотларнинг ўртасида баён қилганлар. Ҳар қандай никоҳ устидан бир нарса амр қилиб турмоғи лозим: ҳар бир одам ўз ҳузур-ҳаловати учунгина эмас, балки давлат манфаатларини кўзлаган ҳолда никоҳдан ўтмоғи керак деган эди қадимги афиналик файласуф Афлотун ўз қарашларида. Энди ғарб файласуфининг ушбу қарашларини бугунги замонамиз нуқтаи-назаридан келиб чиқиб талқин қилиб кўрсак.  Табиийки ҳар бир давлатда никоҳ тузилар экан унун муққаддаслиги ва қонунийлигини асословчи ҳужжат (никоҳ қоғози) тақдим этилади. Ушбу никоҳ қоғози оиланинг жамиятдаги жуфтлигини кўрсатиш баробарида, ҳукумат қонунчилигида белгиланган асосий ҳужжат ҳам ҳисобланади. Оиланинг турмуш тарзидаги ижтимоий ва қонунчилик муносабатлари ҳамда туғилажак фарзандлари ҳаётида ҳам ушбу ҳужжатнинг устуворлиги ғарб алломасининг фикрлари нечоғли ўринли эканлигини тасдиқ сифатида ифода этади.

 Қиёмов Исломхон

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

4-курс талабаси