Ҳаж қилишнинг фазилати
27

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, худди онаси туққан кунидек қайтади”, дедилар”.
Яъни, ҳаж даврида уят сўзларни айтмай, фисқу фасод ишларни қилмай юрган кишилар худди онадан туғилгандек бегуноҳ ҳолга қайтадилар. Бу ҳақиқатни ҳажга борувчи ҳар бир киши энг зарур нарсалар қатори қалбига сингдириб олмоғи лозим. Ҳаж одатда кишига умрида бир марта бериладиган фурсат. Ундан ҳар бир ҳожи унумли фойдаланиши лозим. Бунинг учун ҳажга жўнашдан олдин ҳаж сафарида ўзига лозим бўлган нарсаларни яхшилаб ўрганиб олмоғи керак. Бандага ўрганиш лозим бўлган нарсаларнинг энг муҳимларидан бири ушбу ҳадисда зикр қилинмоқда.
Бу ҳадисдан олинадиган фойда Ҳажни ният қилганидан бошлаб гуноҳлардан онадан туғилган пайтдагидек пок бўлиш ҳаракатига тушиш керак. Тайёргарлик кўриб олиб, ҳаж давомида бирор оғиз фаҳш сўзларни айтмай, фисқу фасод қилмай юрса, ўша банда, иншааллоҳ, муродига етади.
Хулоса қилиб айтганимизда Ҳаж қилиш нияти ила эҳром боғлаган киши ўша ондан бошлаб то ҳаж амалларини адо этиб бўлгунича ибодатда бўлади. Ҳар бир ҳожи ушбу ҳақиқатни бир лаҳза ҳам унутмаслиги лозим. Буюк саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу эҳром боғлаганларидан бошлаб, то ҳаж амалларини бажариб бўлгунларича бирор оғиз беҳуда сўз айтмас эдилар. У кишининг ҳаж қилиш борасидаги гўзал амаллари ҳаж қилувчи инсонлар учун намуна бўла олади.
Истамов Абдулҳаким
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
4-курс билим юрти
