НАФС ТАРБИЯСИ
47

Ҳар биримиз билиб қўйишмиз зарурки, доимо ёмонликни хоҳлаб турувчи нафс инсонга шайтондан ҳам ҳавфлироқ душмандир. Шайтон нафснинг ҳою-ҳаваси сабабли бўйнимизга миниб олиб, бизни Аллоҳ йўлидан адаштиради. Нафс эса беҳуда амаллар ва қуруқ ҳаёллар билан алдаб қўяди. Чунки нафс табиатан лоқайдлик, ғафлат ва бепарволикни ёқтиради ва умрни танбаллик билан ўтказишни истайди, айшу-ишрат қанча бўлса ҳам янада кўпроқ талаб қилаверади. Шу боис балоларнинг боши, разолатнинг манбаи нафс ҳисобланади.
Аллоҳ таоло бундай буюради: “Эй иймон келтиринглар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (ҳар бир) жон (эгаси) эртанги кун (қиёмат) учун нимани (қандай амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳга тақво қилинг! Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан ҳабардордир”.
Шайтон учун гуноҳлар омили бўлган нафсни таниган одам, Яратганни таний олмайди. Ҳаётда орзулар конига чўмиб кетаверади. Ҳар бир одам Аллоҳ йўлида нималар қилгани ва ўтган умри тўғрисида ана шундай мулоҳаза юритса бу туфайли қалбини поклайди. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз ﷺ бундай дейдилар:
“Бир соатлик тафаккур бир йиллик (нафл) ибодатдан яхшироқдир.” Нафс тарбияси хусусида улуғларимизнинг сўзлари шундай:
Сулаймон алайҳиссалом: “Менинг нарзимда, нафсни синдириб тарбиялай олган киши, ёлғиз ўзи бир шаҳарни босиб олган жангчидан ҳам кучлироқ ” – дейди.
Яҳё ибн Муоз: “Аллоҳ буйирган ахлоқ асосларига мослашиш ва нафснинг завқу-шавқ, орзуларини синдириш учун нафсинга қарши жиҳод қил. Оз ухла, — Оз ухлаган одам тўғри тушуниш малакасига эга бўлади. Оз сўйла – камгап киши кўпгина офатлардан омонда бўлади.
Саҳл ибн Саъд Саидийдан риоят қилинади. Расулуллоҳ ﷺ шундай марҳамат қилади. “Кимки менга иккала жағи ва оёқлари орасидаги нарсанинг кафолатини берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман». (Бухорий ривояти)
Луқмони Ҳаким ўз ўғлига насиҳат қилиб: “Эй ўғлим кўп ухлама, кўп ема! Ким кўп ухлаб, кўп еса, қиёмат куни ҳисоб бериш оғир кечади ва ҳеч бир гўзал амали бўлмайди.
Пайғамбаримиз ﷺ: “Қалбларингизни очлик билан нурлантиринг, тўйгунча еб-ичиб, қалбларингизни ўлдирманг!
Қалб ниҳолга ўхшайди. Ниҳолга кўп сув берилганда қандай сарғайиб сўлиса ва ўсишдан тўхтаса, шунга ўхшаш қалб ҳам ортиқча сувдан ўлади” – деб марҳамат қилади.
Яна Расулуллоҳ ﷺ шундай марҳамат қилади.
“Шайтон инсоннинг қон томирларида айланиб юради. Унинг йўлини очлик билан тўсинг. Қиёмат куни Аллоҳга энг муқарраб бандалар кўпроқ оч ва ташна юрганлардир. Инсонга энг катта хатар медадан ва ейиш –ичиш хирсидан етади. Одам Ато ва Момо Ҳавво меъда хирсининг касофатидан жаннатдан қувилиб, хорлик ва йўқлик майдонига ташландилар. Чунки Аллоҳ таоло уларга жаннатдаги бир дарахт мевасидан ейишни тақиқлаган эди. Нафсининг хавойи хавасларига қарши бориб, сабр қилган одам қул бўлса ҳам хукмдордир.”
Бир куни Абул Ҳасан Розий вафот этган отасини тушида кўради. Эгнида қатрондан бир кийим бор эди. У отасига: “Эй отажоним нима бўлди? Нечун сизни бу қадар хунук қиёфада кўрмоқдаман? – деди. Отаси бу жавобни берди: Эй ўғлим, нафсим мени жаханнамга етаклади. Эй ўғлим, нафсинг ҳийласидан сақлан! Айш-ишратга ўчлигим жонимга жабр етказди. Мен тўрт золим-шайтон, дунё, нафс ва ҳойи-ҳавасга мубтало бўлдим.
Бир куни Пайғамбаримиз ﷺ марҳамат қилдилар: “Энг катта жиҳод нафс тарбияси учун қилинадиган жиҳоддир”. Жиҳоддан қайтишган сахобалар р.а. “Биз кичик жиҳоддан катта жиҳодга қайтдик” — дейишарди. Улар шу пайтгача олиб борган барча курашларини кичик жиҳод, нафс тарбияси учун курашишни катта жиҳод деб ҳисоблардилар.
Хулоса шуки, нафс ҳар қандай ҳолатда инсонни тўғри йўлдан оздириши мумкин, шу боис у билан тинимсиз курашиш лозимдир.
Бу фоний дунё шундай тез ўтадики, инсон тасаввурида бир эртакдек туйилади. шу сабабли нафс ва шайтон душманлигидан сақланиш керак. Уларнинг алдовларига ишониб, киши ўзини чуқур жарликка ташламаслиги лозим.
Қурбонов Хайрулло
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
