Исломда ўзаро ёрдам ва бировнинг ҳақига эътибор

29

Ҳаёт чорраҳаларида кишининг моддий ҳолати доимо бир хил давом этавермайди. Гоҳида унинг қўли хоҳлаган жойига етса, гоҳида эса бир чақа учун боши  қотади.        Мана шундай       ҳолатларда дўст-яқинларидан ёрдам сифатида қарз ҳавола қилиб ўзиниг ҳолатини яхшилаши табиий холдир. Динимиздаги кўп ҳукм ва кўрсатмалар инсонларни бир-бирига ўзаро ёрдам қилиши, моддий ва маънавий кўмаклашишига қаратилган. Бу ҳукмларни баъзиси мажбурий (закот, ушр, фитр садақа ва бошқалар каби) тарзда, баъзиси ихтиёрий тарзда намоён бўлади. Мана шундай ихтиёрий, лекин савоби улуғ бўлган ўзаро бир-бирига ёрдам кўрсатиш турларидан бири зарур бўлиб қолган кишиларга қарз бериб туришдир. Ўзаро ёрдамни бу тури Қуръони карим, Расулуллоҳ ﷺнинг  ҳадиси шарифлари ва уламоларнинг ижмолари билан шариатда жорий қилинган.

Аллоҳ таоло айтади:

﴿مَنْ ذَا الَّذِي يُقْرِضُ اللَّهَ قَرْضًا حَسَنًا فَيُضَاعِفَهُ لَهُ أَضْعَافًا كَثِيرَةً  وَاللَّهُ يَقْبِضُ وَيَبْسُطُ وَإِلَيْهِ تُرْجَعُونَ٢٤٥﴾

“Аллоҳга “чиройли қарз” берадиган (Унинг йўлида ўз бойлигидан сарфлайдиган) киши бормики, унга бир неча баробар кўп қилиб қайтарса?”[1]. Ушбу ояти каримада Мавло жалла ва ало эзгу ишларни ва Унинг йўлида сарфланган маблағларни қарзга берилган молга, шу ишга бериладиган зиёда ажрларни қарз эвазига ва яхшилик қилишни қарз бериб туришга ўхшатаяпти. Чунки эҳсон қиладиган киши эвазини (Аллоҳнинг ҳузуридан) қайтариб олиши учун беради. Мана шу эътибордан қарз бериб турадиган кишига ўхшайди.[2] Қолаверса ушбу ва яна шунга ўхшаш оятларда камбағалларга садақа қилишни мана шундай гўзал мажозий маъно – Аллоҳга қарз беришлик деб ифода қилиниши мусулмонларни хайру-саховатга тарғиб қилиш учундир. Демак, ким молидан бир бўлагини муҳтожларга берса, бандаларга ҳеч муҳтож бўлмайдиган, мақтовли Аллоҳга берган бўлади ва У зот буни эвазига ҳеч ким билмайдиган даражада савоб беради.[3]

Расулуллоҳ ﷺдан ҳам бу борада жуда кўп ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ ﷺ: “Исро кечаси жаннат эшиги устига: “садақага ўн баробар, қарзга ўн саккиз баробар савоб берилур”, деб ёзилганини кўриб, Жаброилга: “қарз садақадан мунча ҳам юқорилаб кетмаса?”, дедим. У айтди: “Чунки, сўровчи (гоҳида) ўзида бўла туриб сўрайди, қарз олувчи эса, ҳожати борлиги учунгина қарз сўрайди”, дедилар[4]. Яна бошқа бир ҳадисда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “ Қайси бир мусулмон бошқа мусулмонга икки марта қарз берадиган бўлса бир бора садақа қилган каби бўлади[5]”, дедилар. Барча мусулмонлар инсонларни қарзга ҳожатлари борлиги ва у орқали бир-бирларига яхши, савобли ишларда ўзаро ёрдам беришлик борлиги учун уни жоиз эканлигига ижмоъ қилганлар[6]. Демак динимизда қарз бериб туриш орқали ёрдам қилишга тарғиблар кўп. Дарҳақиқат, бугунги кунда юқорида ўтган савобларга эришиш мақсадида ва инсонларни бу муомала турига эҳтиёжи юқори бўлганлиги учун кишилар ўртасида кўп учраётган муомала турларидан бири, шубҳасиз бу – қарз олди- берди масаласидир. Ўз навбатида тортишувлар, кўнгилхонликлар ва сен-у- менларга боришларга ҳам шу сабаб бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Мана шундай нохуш ҳолатларга бориб қолмаслик учун нима қилмоқ керак?, шариатимизда бу муомаланинг йўл-йўриқлари қандай? Бу борада қуйида қисқача тўхталиб ўтамиз:

Аввало, қарз бериб туриш юқорида айтиб ўтганимиздек Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда тарғиб қилинган, кишиларга фойда бериш, ҳожатини чиқариш ва қийинчилигини кетказиш бўлганлиги учун савобли ва оддий ҳолатларда ихтиёрий амал бўлиб, гоҳида қарз сўровчининг шароитига қараб вожиб, мубоҳ, макруҳ ва ҳатто ҳаром бўлиши ҳам мумкин, чунки “бир ишга олиб борадиган сабаблар ўша иш ҳукмидадир”, деган фиқҳий қоида бор. Шунга кўра агар қарз сўровчи моддий жиҳатдан ўта танг ҳолатда бўлса имкони бор кишига қарз бериб туриб бўлса ҳам ёрдам қилиши вожиб (лозим) бўлади, ёки аксинча қарздор у пулларни гуноҳ ва макруҳ ишларга сарфлаши маълум бўлса ундай ҳолатларда қарз бериб туришлик ҳаром, ёки макруҳ бўлади. Шунингдек, тижоратчи ҳожати учун эмас, балки тижоратини зиёда қилиш учун қарз сўраса қарз бериб туриш мубоҳ (оддий иш) бўлади, чунки бу ўринда шариат талабига кўра бир қийинчиликни кетказиш содир бўлмаяпти.[7]

Хулоса қилиб айтганда, кишиларга моддий ёрдам бериш доимо мақталган. Аллоҳ барчпмизни яхшилик улашувчи, сахий бойлардан қилсин!

Муҳаммаджонов Ҳасанхон

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

4-“Б” гуруҳ талабаси

 

[1] Бақара сураси 245-оят. Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. – Тошкент: ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси. 2007.(Бундан кейинги оятларнинг маъно- таржималари ушбу китобдан бериб борилади.)

[2] Алий Жума. Мавсуату фатава ал-муамалат ал-муосира. – Миср: Дар ас-салам. 2010. 14-ж, — б.13-14.

[3] Муҳаммад Саййид Тантовий. Муамалат ал-бунук ва аҳкамуҳа аш-шаръиййя. – Миср: Дар ан-наҳда. 1997. –

[4] Ибн Можа ва Байҳақий ривояти.

[5] Ибн Можа ва Ибн Ҳиббон ривояти

   [6]Доктор Ваҳба аз-Зуҳайлий. Ал-муамалат ал-малийя ал-муасира. – Дамашқ: Дар ал-фикр. 2002. – б.80.

[7] Қувайт вақф ва Исломий ишлар вазирлиги. “Мавсуъатул Фиқҳийя”. 33-жуз. 113.б.