ФОТИҲА СУРАСИ ҲАҚИДА БАЪЗИ МАЪЛУМОТЛАР

95

Фотиҳа сураси Маккада, бошқа ривоятда Мадинада нозил қилинган сурадир. Саҳиҳ гапга кўра ушбу сура номоз фарз бўлган йили  Маккада нозил қилинган, сўнгра қибла Каъбага бурилгандан кейин Мадинада нозил қилингандир.

Имом Муслим ривоят қилган “Уммул Қуръонни ўқимаган кишиннг намози йўқ”1 ҳадисига кўра, ушбу сура Қуръони каримдаги маъноларни ўз ичига қамраб олганлиги учун “Уммул Қуръон”, яъни “Қуръон  сураларининг онаси” деган ном билан аталади.

Бундан ташқари, ушбу сура “Кофия” — кифоя қилувчи сура”,  “Канз сураси – хазиналар сураси” ҳам деб юритилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан ҳикоя қилган ҳолда, “Фотиҳатул китоб Арш конларидан бир хазинадур”,  дейдилар.2

Ушбу сура “Шифо сураси” деб ҳам аталади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Фотиҳатул китоб ўлимдан бошқа барча касалликларга шифодур”, деганлар.3

Ушбу сура “Суратул масоний – такрорланувчи сура”дир. Чунки, ҳар бир намозда, ҳар бир ракатда такрорланганлиги учун ушбу ном билан ҳам аталган.

Яна бу сура “Намоз сураси” ҳам деб аталади. Чунки, айнан ушбу сурани ҳар бир намозда қироат қилиш “вожиб”4 амалдур.

Мазкур сура “Ҳамд ва асос сураси” ҳам деб номланади. Чунки, бу Қуръони каримнинг асосидир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо мазкур сура ҳақида: “Агар бемор бўлсанг ёки ўзингдан шикоятинг бўлса, Қуръоннинг асосини лозим тутгин” деб, “Фотиҳа” сурасини назарда тутганлар.

 

_______________________________________________

  1. Имом муслимнинг “Саҳиҳу муслим”ларидаги 394 ҳадис
  2. Ибн Роҳавайҳ “Файзул қодир” 4/320 ҳадис
  3. Саид ибн Мансур “Файзул қодир” 4/418 ҳадис
  4. Шариат қилишни жазм ила аммо қатъий бўлмаган далил билан талаб қилган амал

 

Тафсири Насафий китоби асосида

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари Ўткирхон Маҳмудов

 тайёрлади.