ИНСОН МАНФААТИ – ОЛИЙ ҚАДРИЯТ

19

Юртимиз ободлиги  ва халқимизнинг  фаровонлиги кундан кунга зиёдалашиб бормоқда. Бу албатта, Аллоҳ таолонинг бизга берган энг катта неъматларидан бири бўлмиш мустақиллик туфайли юз бермоқда. Бу берилган неъматларнинг қадрига етишимиз — шу ватан тараққиётига ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшишимиз  жамиятга манфаат етказиш билан бўлади.

Осойишта кунларни қадрлаш, энг аввало, аҳил-иноқ бўлиб яшаш, бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилиш, ҳар бир масалага маслаҳатлашган ҳолда ёндашиб, мақбул ечим топа олишга интилиш, ўзаро иззат-ҳурмат туйғусига таяниб иш тутиш бугунги кунда асосий вазифа бўлмоғи керак.

Аждодларимиз “Халққа хизмат – олий  ҳиммат” деб бежиз айтмаганлар. Ўзгаларга яхшилик улашишимиз, айниқса, азиз ва мукаррам инсоннинг икки дунё саодати ва манфаати йўлида хизмат қилиш, нафақат уларга, балки энг аввало ўзимизга фойдалидир. Чунки қайси бир инсон бошқа бир инсонга яхшилик қилиб, ёрдам қўлини чўзиб, унинг мушкулини енгил қилса, Аллоҳ таоло у бандага Ўзи ёрдамчи бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мўминдан дунё ғам-ташвишларидан бир ғамни кетказса, Аллоҳ ундан Қиёмат куни ғамларидан бир ғамни кетказади. Ким бир қийналган кишига енгиллик қилса, Аллоҳ унга дунё ва охиратда енгиллик қилади. Ким бир мусулмоннинг (айбини) беркитса, Аллоҳ таоло дунё ва охиратда унинг (айбини) беркитади. Банда ўз биродарига ёрдам қилса, Аллоҳ таола унга ёрдам қилади. …”, дедилар.

Аллоҳ таоло Моида сурасининг  2 — оятида шундай марҳамат қилади: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз”!

Юқоридаги оятда инсонлар  бир — бири билан ўзаро ҳамкор – ҳамжиҳат  бўлиб ва ўзаро мулоқот қилиб, бир — бирига манфаати тегиб яшаши кераклиги таъкидланмоқда. Инсонлар одамларга аралашиб зиёли киши ўзининг илми билан, бошқа касб эгалари эса ўзларининг иқтидорлари билан бошқаларга кўмакдош бўлса нур устига аъло нур бўлади.

Инсон жамиятсиз, якка — ёлғиз яшай олмайди. Ҳаётимиз турли муносабатлардан ташкил топган. Кунда — кунора яқинларимиз, қўни -қўшнилар, касбдошлар, кўча-кўйдаги бегоналар билан албатта алоқага киришамиз. Кимгадир ёрдам берамиз, кимнингдир бизга ёрдами тегади.

Юрагида бошқаларга нисбатан ғайирлиги, ёмонлиги бўлмаган, уларга яхшиликни раво кўрадиган кишилар чинакам бахтиёрдир. Чунки улар бировнинг бахтидан изтиробга тушмайди, қувонади. Кимдир ёрдамга муҳтож бўлса, чорасиз қийналиб турса, унга кўмаклашишга шошилади. Бировга яхшилиги теккан кишининг кўнгли равшан тортади, ўзида янги куч — ғайрат сезади. Аллоҳ унинг ишини ўнглайди, касб — корига, умрига баракот ато этади, охиратига захира бўлади.

Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминларнинг бир бирларига меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат ва меҳрибонлигининг мисоли худди бир жасад кабики, унинг бирорта аъзоси оғриса, жасаднинг қолган (аъзолар)и унинг учун бедорлик ҳамда иситма ила безовта бўлишади”, дедилар.

Яхшилик устида фикр юритиш, ҳақиқат тарозисида унинг савоби осмонўпар тоғлардан ҳам оғир келишини англаш, табиий, инсонни эзгуликка ундайди. Бировга яхшиликни раво кўрмаслик мунофиқлар, ичиқоралар, ҳасадчилар ишидир.

Шу ўринда Абу Наср Фаробийнинг қуйидаги пурмаъно сўзларини келтирмоқни лозим топдик:  “Ҳақиқий бахтга эришиш мақсадида ўзаро ёрдам қилувчи кишиларни бирлаштирувчи юрт – фазилатли юртдир, бахтга эришиш мақсадида ўзаро ёрдам берган халқ – фазилатли халқдир”.

Хулоса ўрнида, яхшилик тушунчаси жуда кенг кўламлидир. Элга хизмат ва юртга садоқат, ота — онага эҳтиром ва устозга ҳурмат, қўшни ёки дўст ҳаққига риоя, кўнгли ўксиганга бир оғиз ширин сўз ёки адабсизга танбеҳ -тарбия – буларнинг барчасида яхшиликнинг турли белгилари мужассам.

Музаффар Қомимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

 маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари