Қаноат – битмас туганмас бойлик

33

Қаноат – инсоний фазилатларнинг энг олийси. Бундай хислатга эга бўлган киши  бахиллик, хасад каби иллатлардан ҳоли  бўлади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса!” (Ҳуд 6) деб марҳамат қилади.

Қушларга эътибор берадиган бўлсак, эрталаб саҳардан боласи ва ўзи учун учиб кетади. Мана бу ерда нон бор, у ерда дон бор деб ҳеч жойда айтилмаган, аммо Аллоҳ таоло унинг ризқини беришига ишончи комил. Бир босганда эзилиб кетадиган қурт-қумурсқадан бошлаб, катта-катта жониворларгача барчасининг ризқини Аллоҳ таоло беради. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ўзининг зиммасидаги ишни айтди: “Барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир”, деб.

“Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз!” (Жумъа, 10)

Одам фарзанди ризқини Аллоҳдан деб билиб, иш қилиши керак. Шу билан биргаликда ҳалол ризқни танлаши лозим. Уйдан чиқиб ризқини ахтариши бу албатта ўзини, аҳли оиласини бировлардан беҳожат қилиш учун бўлади.

Қаноат борасида Расулуллоҳ ﷺнинг ҳаёлари барчамиз учун ката ибратдир.

Пайғамбаримиз ﷺшундай марҳамат қилганлар: “Эҳтиёжидан ортмайдиган ризққа ега бўлиб, Аллоҳ берган ана шу ризққа қаноат қилиб яшаган мусулмон киши батаҳқиқ, нажот топибди.”

Қаноатга Ҳазрат Алишер Навоий юксак баҳо бериб: “Кимки қаноатни ўзига касб қилган бўлса, билки, қаноат уни бой қилади. Олтин, кумуш билан зебу зийнатларни бойлик деб билма, балки, ҳақиқий бойлик қаноат олтинларидадир. Қаноат олтини ҳеч қачон йўқолмайди. Ана шу олтинни қўлга киритиб, шу орқали бойишга ҳаракат қил. Қаноат мулкидаги саройдан жой олишни мўлжалланган одам яхшилардан яхшисидир.  Кимки Аллоҳ таолонинг берган аҳсонидан хурсанд бўлса, бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам бахтли бўлади. Қаноат қилган кишининг жойи иззат тахтидадир”,-деган эди.

Ислом шариати мол-дунёни ҳалол йўл билан топишга  ва шукрини доимий тарзда адо этишга буюради. Шунинг билан бирга мусулмонларни охиратда бу дунёни тарк қилмасликка, дунёни деб охиратни унутмасликка чақиради.

Лекин дунё топпиш учун ёмон йўлларга кирмасдан, ҳалол йўл билан кифояланиш, қаноатли бўлиш даркор. Ўтмишда ўтган солиҳ мўминларнинг аёллари ва қаноатли фарзандлари ота-оналари рўзғор ташвиши билан кўчага чиқиб кетаётганларида: “Биз ҳар қандай қийинчиликка, ҳатто очликка ҳам чидаймиз, аммо дўзах азобига бардош бера олмаймиз. Шунинг учун бизга ҳалол ризқ олиб кееинг!”, — дер эканлар.

Аллоҳ таоло барчаларимизни сабр қаноатли қилсин.

Асқаров Акбархон

“Хожа Бухорий” ўрта-махсус ислом билим юрти ўқитувчиси