БУЮК ОЙНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ

15

Рўза араб тилида “савм” деб аталиб, луғатда “бир нарсадан ўзини тиймоқлик”ни билдиради. Истилоҳда эса “тонгдан шомгача рўзани ният қилиб, уни очувчи барча нарсалардан ўзини тийиш”дир.

Рамазон рўзаси ҳижратнинг иккинчи санасида фарз қилинган. Аллоҳ таоло Рамазон рўзасининг ҳукм ва ҳикматларини Қуръони каримда батафсил баён қилиб берган: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).

Бу ойнинг бир қанча фазилатлари борки, уни ўзга ойлардан устун қилади:

  1. Рамазон ойи – Қуръон ва бошқа илоҳий китоблар ойидир: Иброҳим алайҳиссалом саҳифалари, Таврот, Забур, Инжил ва Қуръони карим нозил бўлган ойдир (Имом Табарий Абу Жалддан ривоят қилганлар). Бу китоблар инсониятган раҳмат ва ҳидоят бўлиб келган. Инсониятни икки дунё саодатига бошлаган. Куфр ва исён зулматидан имон ва тоат ёруғлигига олиб чиққан.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир….” (Бақара сураси 185-оят).

  1. Рамазон ойи – таровиҳ ва таҳажжуд ойидир. Бу ойда фурсатни ғанимат билиш учун одатдаги ибодатларга қўшимча равишда 20 ракат таровиҳ намози суннат қилинган. Бу эса савобларнинг бир неча баробар бўлишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейдилар: “Ким имон билан, савоб умидида Рамазон кечалари қоим бўлса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади” (Имом Бухорий ривоятлари).
  2. Рамазон ойи – Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғиладиган, жаннат ясантириладиган, дўзах эшиклари ёпиладиган, шайтонлар кишанланадиган ва кўп бандаларнинг гуноҳлари кечириладиган ойдир. Бу ой – гуноҳлари кечириладиган вақтдир. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Ким Рамазон ойида имон билан, савоб умидида рўза тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади” (Муттафақун алайҳ).
  3. Рамазон ойи – эҳсон ва саховат ойидир. Чунки Рамазонда қилинган ибодатларнинг савоби кўп бўлгани каби, эҳсон ва саховатда ҳам савоб кўп бўлади. Мана шу вақтни ғанимат билиб, ота-она, оила, туғишганлар, қариндошлар, қўни-қўшнилар ва бева-бечораларни ҳолидан хабар олиш айни муддаодир. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг сахийси эдилар. Айниқса, Рамазон ойида Жаброил алайҳиссалом билан учрашганларида янаям сахий бўлиб кетардилар. Рамазоннинг ҳар кечасида Жаброил алайҳиссалом билан учрашардилар ва Қуръон ўқиб берардилар” (Муттафақун алайҳ).
  4. Рамазон ойи – дуолар ижобат бўладиган ойдир. Дуо – ибодатнинг мағзи, мўмин бандани Парвардигори билан боғловчи восита. Аллоҳ таоло унга дуо қилиб, илтижо қилишларини яхши кўради ва дуоларни кўплаб қабул қилади. Айниқса Рамазон ойида дуолар ижобат бўлишига ишоралар бор. Рамазон рўзаси ҳақидаги оятлардан кейин қуйидаги оят келади. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Сиздан (эй, Муҳаммад!) бандаларим Менинг ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен уларга яқинман. Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман. Бас, улар ҳам Мени (даъватларимни) ижобат (қабул) этиб, Менга имон келтирсинлар, шояд (шунда) тўғри йўлга тушиб кетсалар” (Бақара сураси 186-оят).

Оятда мўминлар учун улкан башорат бордир. У ҳам бўлса – дуо ва илтижо қилувчиларнинг сўровларини ато этишга берилган илоҳий ваъдадир.

Рамазон ойида қилиниши керак бўлган яна бир муҳим ишлардан бири – киши нафсини чиройли хулқлар билан безашга, уларга одатланишга ҳаракат қилиши лозим. Натижада Рамазон ойида ҳосил қилинган яхши кўникмалар: тақво, ихлос, сабр, шукр, қаноат, сахийлик ҳамда меҳрибонлик йил давомида бизга ҳамроҳ бўлади.

Хулоса ўрнида, Аллоҳ таоло ушбу муборак ой сабабидан юртимизни тинч, халқимизни фаровон айласин…

 

Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти Ёшлар

 билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи