УЛУҒ ОЙНИНГ ТАРИХИ

15

“Эй, иймон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз”   (Бақара сураси, 183 оят)

Ушбу ояти каримада зикр қилинган умматлар кимлиги ҳақида Ибн Жавзий “Зод ал -Майсир” тафсирида учта ривоят келтирилган:

  1. Атоул Хуросоний ибн Аббосдан келтирган ривоятга кўра, улар аҳли китоблардир.
  2. Шаъбий ва Робеъларнинг фикрига кўра, улар насоролардир.
  3. Абу Солиҳ ибн Аббос ривоятига кўра, улар барча диндагилардир.

Юқорида келтирилган уч ривоятдан барча динларда рўза тутиш фарз бўлган, деган фикрга келамиз. Сабаби ояти каримада бирон-бир умматни алоҳида хослаб келтирилмади. Балки, оятда умумий келтирилди. Имом Насафийнинг “Мадорик ат- Танзил” асарида мазкур оят тафсир қилиниб Одам алайҳиссаломдан то сизнинг даврингизгача бўлган пайғамбарларга ва халқларга рўза фарз қилинди, деб айтилганлиги ҳам фикримизни қувватлайди.

Шунингдек рўза тўғрисидаги: “Эй, иймон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат) ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди” ояти олдинги умматларга ҳам шу каби хитоб келганини кўрсатади.

Илгари рўза неча кун тутилганлиги ҳақида ҳам икки хил фикр мавжуд:

  1. Ҳар ойда рўза тутиш фарз қилинган. Бунга далил Атия ибн Аббосдан келтирилган ривоятга кўра: “Сизлардан олдинги (уммат) ларга фарз қилингани каби” ояти тафсирида ҳар ойда уч кун рўза тутиш фарз бўлгани, сўнг Рамазон рўзаси фарз бўлиши билан аввалги рўза бекор қилингани келтирилади. Маъмар Қатодадан ривоят қиладики: “Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини фарз қилишидан олдин одамларга ҳар ойда уч кун рўза тутишни фарз қилган”. Шунга кўра, Аллоҳ таоланинг: “Рамазон ойи – Қуръон нозил қилинган ойдир” деган қавли билан ҳар ойда уч кун рўза тутиш насх (бекор) бўлган. Яъни, Нуҳ алайҳисалом давридан то Аллоҳ таоло Рамазон ойи рўзаси билан (насх) бекор қилгунга қадар ҳар ойда уч кун рўза тутиш фарз бўлган.
  2. Олдинги ўтган умматларга Рамазон рўзасининг айни ўзи фарз қилингани айтилади. Бунга далил Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятга кўра, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини сизлардан илгари ўтган умматларга фарз қилди”, дедилар. Аҳли илмлардан бўлган бир жамоа Рамазон рўзаси бизларга фарз бўлганидек насороларга ҳам фарз бўлган эди, дейдилар.

Рамазон ойи рўзаси фарз бўлгунча Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳар ойда уч кун рўза тутганлар. Тафсири Табарий, Ибн Касир, Мазҳарий ва Равоъиул Баён тафсирларида олдинги ўтган умматлардан насороларга ҳам рўза фарз бўлгани келтирилади. Гарчи, олдинги ўтган умматларга рўза тутиш кунлари турли хил бўлса-да, бундан кўзланган мақсад инсонларни ҳам маънан, ҳам руҳан камолга етказиш,  яъни тақво ҳосил қилиш бўлган. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам Рамазон рўзаси фарз бўлмасидан олдин Мадинага қилган ҳижратларининг биринчи йили Ашуро куни, яъни Муҳаррам ойининг ўнинчи куни рўза тутар эдилар. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: “Пайғамбаримиз алайҳисалом Мадинага келганларида яҳудийларнинг Ашуро куни рўза тутганларини кўриб, улардан бунинг сабабини сўрадилар. Улар: “Бу кун хайрли-яхши кун бўлиб, Аллоҳ таоло Бани Исроилни душманлардан халос қилган ва бу кунда Мусо алайҳиссалом рўза тутганлар”, деб жавоб беришди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Мен сизлардан кўра Мусога ҳақлироқдирман”, деб (Ашуро куни) рўза тутдилар ва саҳобаларга ҳам рўза тутишни буюрдилар”.

Ушбу ҳадисга кўра Ашуро куни, рўза тутиш вожиб бўлди. Рамазон рўзаси фарз бўлгач, бу кунда рўза тутиш мустаҳаб амал бўлиб қолди. Бунга Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис далолат қилади: “Пайғамбаримиз алайҳиссалом Ашуро куни рўза тутишга буюрдилар. Рамазон рўзаси фарз бўлгач, Ашуро куни хоҳлаган одам рўза тутарди, хоҳлаган одам рўза тутмасди”.

Ибн Жарир ат-Табарий Муоз ибн Жабалдан қилган ривоятида: “Пайғамбаримиз алайҳиссалом Мадинага келганларида Ашуро куни ва ҳар ойда уч кун рўза тутар эдилар. Сўнг ҳижратнинг иккинчи йили Шаъбон ойида Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини фарз қилди “Эй, иймон келтирганлар!…”, оятидан то “Мадори етмайдиганлар зиммасида бир мискин кимсанинг (бир кунлик ) таоми фидядир…” деган оятгача нозил қилди. Шунда хоҳлаган одам рўза тутарди, хоҳлаган одам эса бир мискин бечорани овқатлантириб рўза тутмасди. Кейинги оятларда: “Бас сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин…” ояти нозил бўлгач, соғлом, сафарда бўлмаган одамга рўза тутиш фарз бўлди. Рўза тутишга қодир бўлмаган қарияга (ҳар бир куни учун) бир мискиннинг кунлик таоми миқдорида эваз бериш собит бўлди.

 

Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари