Рамазон Қуръон тиловати, зикр ва истиғфор ойидир

29

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида Қуръонни тўлиқ Жаброил алайҳиссалом назоратларидан ўтказиб олар эдилар. Вафот топадиган йилларида эса, Қуръонни бу улуғ фариштадан икки марта ўтказиб олганлар. У зот Рамазон ойида Қуръон тиловатини кучайтириб, тунги намоздаги қироатларни узайтирардилар. Ўтган солиҳларимиз ҳам бу ойда Қуръонни бир неча бор хатм қилиб чиқишарди.

Рамазон ойининг ҳар кунида қабул бўладиган бир дуо бордир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Рамазоннинг ҳар кунида барча мусулмонлар учун қабул бўладиган бир дуо бордир”, деганлар. Агар бу дуо рўза пайтида айниқса, ифтордан салгина олдин қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади. Яна Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Уч кишининг дуоси қайтарилмайди: адолатли имом, рўзадор то ифтор қилгунича ва мазлумнинг дуоси”.

Имом Термизий, Насоий, Ибн Можа, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ва Ҳокимлар ривоят қилган ҳадисда: “Бир нидо қилувчи: “Эй яхшилик талабгори, савоб ишларга кириш! Эй ёмонлик талабгори, гуноҳ ишлардан тийил!”, деб нидо қилиб туради. Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиган бандалари бор бўлиб, (Рамазоннинг) ҳар кечаси шундоқ бўлур”, дейилган, яъни, аввалдан дўзахга тушишга лойиқ бўлиб қолган бандалардан баъзилари Рамазони шариф туфайли Аллоҳ томонидан кечирилиб, дўзахдан озод қилинурлар.

Рамазон рўзасини чин ихлос билан тутиш ва Қадр кечасидан умидвор бўлиш ҳақида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ушбу ҳадис ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ким Рамазон рўзасини (фарз эканига) иймон келтириб, (ажрини Аллоҳдан) умид қилган ҳолда тутса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади. Кимки қадр кечасида иймон ва (ажрини Аллоҳдан) умид қилган ҳолда қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”. (Бухорий ва Муслим ривояти).

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига ушбу улуғ ой ҳақида хушхабар бериб, уларни айнан шу ойда кўпроқ намоз ўқишга, кундузларни рўза билан, кечаларни эса нафл ибодатлари билан ўтказишга, кўпроқ зикр, тасбиҳ, ва Қуръон тиловати билан машғул бўлишга, фарз ва нафл садақалар қилишга  ва шу каби солиҳ амалларга тарғиб қилардилар. Бу амаллар орқали мўмин-мусулмонлар Аллоҳ таолонинг мағфиратига эришишлари ҳақида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қуйидагича ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Рамазон ойининг аввалги кечаси бўлганида шайтон ва итоатсиз жинлар кишанбанд қилинади. Дўзах эшиклари ёпилиб, ундан бирор эшик очилмайди ҳамда жаннат эшиклари очилиб, ундан бирор эшик ёпилмайди. Нидо қилувчи: “Эй, яхшилик истовчи, шошил, эй, ёмонлик хоҳловчи тўхта”, дея нидо қилади. Аллоҳнинг (айнан шу ойда)дўзахдан озод қилинадиган (банда) лари бўлиб, бу ҳар кеча (юз беради)”  (Термизий ва ибн Можа ривояти).

“Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказиб чиқардилар. Қачон ойнинг охирги ўн куни келса, оила аъзоларини ва намозга кучи етадиган каттаю кичикни уйғотардилар”. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйда ўқийдиган нафл ибодатларини Рамазонда масжидга чиқиб, жамоат кўз ўнгида уч кун мобайнида ўқиганлари У зотнинг бу ойдаги тунги намозларга кучли эътибор қаратганларидан дарак беради. Саҳобалар бу ойда У Зотнинг нафл намозларга бўлган эътиборларини кўриб, уни ўзларига доимий одат қилиб олгандилар. Бу яхши одат ҳозирги кунгача етиб келмоқда. Рамазон ойидаги тунги намозлар фиқҳ истилоҳида “таровиҳ” дейилади. Бу намозни ўқиш барча муслим ва муслималар учун суннат ҳисобланади. Мусулмонлар ғофил қолиб, бу намозни ўтказиб юбормасликлари керак. Чунки Рамазондаги нафл намозлар учун бериладиган улуғ савоблар бошқа ойларда берилмайди.

Аллоҳ таоло Рамазонда кўплаб хайр-баракаларни ёғдирсин. Бу муборак ойнинг шарофатидан юртимизга тинчлик-хотиржамлик, халқимизга фаровонлик, дастурхонимизга тўкин-сочинлик ато айласин. Бандаларнинг гуноҳини кечириб, яхшиликда пешқадамлар сафида қилсин.

Сирожиддин Жаҳонов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом 
билим юрти ўқитувчиси