Одамларга кечиримли бўлганлар қаерда?
69

Муқаддас ислом динимиз инсонларни кечиримли бўлишга тарғиб қилади. Чунки кечиримли бўлишда инсонлар учун кўп манфаатлар бор. Аввало, кечирган инсон ўзини енгил тортиб, Аллоҳдан бўладиган ажрга лойиқ бўлса, кечирилган инсон эса кечиргувчига нисбатан бўлган адовати кетиб, қалбида унга нисбатан илиқлик ва меҳр пайдо бўлади.
Кечиримли бўлиш улкан савоб ва жаннатга кириш учун сабабдир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
“Қиёмат куни бўлганда бир жарчи нидо қилади: «Одамларга кечиримли бўлганлар қаерда? Парвардигорингизни ҳузурига келинглар ва савобингизни олинглар! Қайси бир мусулмон кечиримли бўлса, жаннатга киришликка ҳақлидир«” (Имом Ибн Мурдавайҳ ривоятлари).
Динимизда ёмонликка доимо яхшилик билан жавоб қайтариш фазилатли амаллардан саналади. Албатта, ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш фақат сабр тоқатли, икки дунёда ҳам улуғ насибага эга бўладиган кишиларнинг феълидир. Билиб билмай айб-нуқсон ва хато-камчиликларни қилган кишиларга бир имконият бериб, уларни кечиришимиз – инсоний ва мусулмонлик бурчимиздир.
Барча яхши хулқ ва сифатларни ўзларида мужассам қилган Зот – Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам кечиримли бўлиш фазилатида ҳам энг гўзал намуна эдилар.
Оиша разияллоҳу анҳо онамиздан Пайғамбаримизнинг хулқлари ҳақида сўралганда шундай жавоб берганлар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам фаҳш ишларни қилувчи, фаҳш сўзларни сўзловчи ва бозорларда бақир-чақир қилиб юрувчи инсон эмасдилар. Ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармас эдилар, балки афв этиб, кечириб юборар эдилар” (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривоятлари).
Маълумки, Уҳуд жангида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг олд тишлари синиб, юзлари қонга беланди, бу ҳолат асҳобларига жуда оғир ботди. Ҳатто айримлари: “Уларни дуойи бад қилсангиз-чи?” дейишгача борди. Шунда У Зот: “Мени Аллоҳ таоло лаънатловчи ва таъна қилувчи қилиб юбормади, балки яхшиликка чақирувчи ва оламларга раҳмат қилиб юборган. Эй Аллоҳ! Уларни тўғри йўлга бошла, албатта улар билмайдилар”, – дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Афсуски, ҳозирда кундалик ҳаётда ўта қаттиққўл, мутакаббир инсонлар учраб туради. Улар бировларни айб-нуқсонларини, хато-камчиликларини қидириб, уларни ёмонлашни, танбеҳ беришни яхши кўрадилар. Ҳеч ким камчилик ва хатодан холи эмас. Инсоннинг олижаноблиги, иззату шарафи унинг кечиримлилигида намоён бўлиши билан бирга, бу унинг мартабаси янада зиёда бўлишига сабаб бўлади.
Аллоҳ таоло барчаларимизни кечиримли, сабрли ва хушмуомала бандаларидан айлаб, ўзгаларга нисбатан бағрикенг бўлишимизни насиб айласин!
Алимардон Кароматов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти 2-курс талабаси
