Исломда фатво беришга ким ҳақли?
18Ҳозирги кунда ислом оламида, дунё мусулмонлари, айниқса, юртимиз мусулмонлари орасида “фатво бериш”, “фатво чиқариш”, “фатво сўраш” каби атамалар кўп ишлатилмоқда. Фатво сўровчилар қанча кўпайса, фатво берувчи шахслар ҳам етарлича топилмоқда. Ислом динини ўрганиш учун билмаганини шариатни биладиган инсондан сўраш яхши ишдир. Лекин, шариат масалаларини тўғри келган инсондан сўраш ва ҳар ким ўз илмидан келиб чиқиб фатво беришлиги айхши иш эмасдир.
Шунинг учун инсонлар фатво нима эканлигини ва уни кимдан сўраш керак еканлигини билиш лозим.
Фатво ва унинг мазмун моҳияти.
Фатво араб тилидан таржима қилганда саволга жавоб бериш деган маънони англатади. Истеълоҳда эса шаръий масалада савол берган кишига далил билан жавоб беришдир.
Биринчи фатво берган шахс Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺдирлар. Кейин ул зотнинг сахобалари, тобеъинлар ва ўз даврининг мужтаҳид уламолари фатво беришлик билан шуғулланиб келмоқдалар.
Фатво бериш масъулияти ва фатвонинг муҳимлиги.
Исломда фатво муҳимлиги билан бирга жуда масъулиятли иш ҳамдир. Чунки фатвода Аллоҳнинг ҳукмларини баён қилиш мақсад қилиниб, унда ҳалол ва ҳаром, савоб ва гуноҳ , жаннат ва дўзах орасидаги амаллар кўрсатиб берилади. Имом Шотибий р.а. фатво бериш масъулиятли иш эканлигини таъкидлаб: “Муфтий- ҳукмларни етказишда Росулуллоҳ ﷺга ўринбосар ва меъросхўр ҳисобланади” дедилар. Имом Молик р.а. эса “Мен учратган чуқур билим ва тафаккурга эга бўлган шахслардан савол сўралгудек бўлса, ҳалқумларига жонлари тиқилиб қолгудек бўлиб қолардилар. Замонамиздаги фатво берувчилар эса фатво беришга ошиқадлар. Ваҳоланки, уларни қиёмат куни нима кутиб турганини билмайдилар. Агар билганларида еди, бундай қилмас эдилар” дедилар.
Лекин ҳеч кимга сир эмас-ки, ҳозирда баъзилар ўзича оят ва ҳадисладан ҳукм чиқариб, нотўғри фатволар бериб, ўзи ва бошқаларни адаштирмоқда. Демак, чуқур илм, тажриба ва масъулиятни ҳис қилмай туриб, фатво оқибати хайрли эмас. Хулоса қилиб айтганда, фатвонинг мусулмонлар ҳаётидаги ўрни муҳимлиги ҳисобга олинган ҳолда, илм ва салоҳиятсиз фатво бериш ёки учраган кишидан фатво сўраш ва унга эргаштиб кетавериш, адашувга олиб боради.
Музаффаров Муҳаммадалихон
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
1-курс талабаси
