Маданият даъвосидаги маданиятсизлик
12Инсоният жамиятидаги ҳар бир миллат ва элатларнинг ўзига хос маданиятлари, урф-одат ва анъаналари мавжуд. Тарихдан маълумки ғолиб миллатлар ўз маданиятларини мағлуб миллатларга сингдиришга ҳаракат қилганлар. Бугунги кунда ҳам “оммавий маданият” номи остида турли миллатлар ва турли ҳаракат вакиллари ўзлари маъқул кўрган нарсаларни бошқа инсонларга тўғри келиш ёки тўғри келмаслигига эътибор қилмасдан тарғиб қилмоқдалар. Зеро, Шарқ ва Ғарб маданиятлари орасида катта фарқ борлиги, кўп жиҳатлардан бир-бирига мувофиқ келмаслиги кундек равшандир. Шунга қарамасдан Америка ва Ғарб давлатлари ўзлари “маданият” деб номлаган аслида инсонийликка ҳам тўғри келмайдиган “маданият”ларини Шарқ халқлари орасида тарқатишга зўр бериб ҳаракат қилмоқдалар. Улар ўз маданиятларини инсоннинг нафсига ёқадиган усуллар билан ёядилар. Бунда уларни тарқатишдаги энг асосий воситаси оммавий ахборот воситаларидир. “Оммавий маданият”нинг бугунги кундаги кенг тарқалган унсурлари кийиниш ва муомала маданиятларига амал қилмаслик, ахлоқий бузуқлик ва ҳаёсизлик кўринишларида намоён бўлмоқда. Зеро, динимиз исломда хоҳ эркак бўлсин хоҳ аёл бўлсин ҳар бир инсоннинг кийиниш ҳолатлари баён қилинган. Шундай экан бизга кимлардир кийинишни ўргатиши ёки кимларгадир тақлид қилишимиз шарт эмас. Имом Шаъбий айтганлар: “Аҳмоқлар устингдан кулмайдиган ва фақиҳлар (шариат билимдонлари) айбламайдиган кийимни кий”. Муомалада ҳам мусулмонларга ўзларининг ахлоқсизлигини “маданият” деб тарқатаётганлар, мусулмонларнинг ота-онага, устозларга ва бошқа ҳар бир жамият аъзосига бўлган муносабатини кўриб ўзларига ҳам шундай муносабат қилинишини хоҳлайдилар лекин ғишт қолипдан кўчиб бўлди, чунки ҳар ким экканини ўради деганларидек улар ҳам ўзлари экканларини ўришга маҳкумдир. Бундан ташқари улар “оммавий маданият” байроғи остида бир жинсли никоҳни тарғиб қилмоқдалар, бу тубанлик, бу қабоҳатнинг энг чўққиси. Бу Аллоҳ ҳаром қилган ишдир. Лекин буни ёйишлик учун бор имкониятларини ишга солмоқдалар ҳатто сиёсий мақсадларида фойдаланмоқдалар. Мусулмон инсон “оммавий маданият” иллатларидан ўзини ва бошқаларни эҳтиёт қилмоғи лозим. Зеро, дунё ва охират саодати Аллоҳнинг муқаддас дини исломдадир!
Хуррамов Исроил
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
3-курс талабаси
