Маърифатнинг бошланиши…
27

Саҳроларда иш беради бўлса хум,
Соясидан баҳра олади гужум.
Салом бериш бўлар гапнинг калити,
Эй, яхшилар, ассалому алайкум.
Ушбу мисралардан сезгандирсизки бугунги суҳбатимиз бизга билинмасада аслида маърифатнинг бошланиши бўлмиш “салом бериш ва унга алик олиш” борасида бўлади.
Пайғамбаримиз ﷺдан сўрадилар: “Қайси амал энг яхши амалдир?” Жавоб бердилар: “Таниган ва танимаган одамингга таом ва салом бермоғинг”.
Салом бериш – суннат, алик олиш вожибдир. Салом ўзига хос дуо, ибодатдир.
Расулуллоҳ ﷺ Анас ибн Моликка (р.а.) хитобан дедилар: “Эй, ўғлим, уйингга ва қариндош-уруғингникига борсанг, саломлаш, бу салом сенга ва оила аъзоларингга барака келтиради”. Қариндошларимизнинг қутлуғ хонадонларига саломсиз кириб боргудай бўлсак, олиб борган қаймоқ-нонларимиз уларга татимайди. Ўша қаймоқ-нон ейилгач адо бўлади. Салом туфайли қилинган дуо эса яшаб қолаверади. Хонадонга гўшт ёки қовун кўтариб кирмасак, “Нега гўштсиз қуруқ келдинг?” деб ранжишмайди. Остона ҳатлашимиз билан салом бермасак, оғринадилар. Эҳтимол, “Бу одобсизни, бу бесаломни ким тарбия қилган?” деб ғазабланишлари ҳам мумкин.
Саломнинг шаклида, ташқи кўринишида ҳар бир миллатнинг ўзигагина хос томонлари бўлиши мумкин. Бизда ўнг қўлини чап кўксига қўйиб, тавозе билан саломлашишнинг гўзал одоби мавжуд. Шунга қарамай, айрим одамлар икки кафтларини киндиклари устига қўйиб, эгилиб салом берадилар. Уларнинг бу ҳолати саломга нисбатан рукуга ўхшаб кетади. Киноларда кўрганмиз, ҳукмдор ёки бошқа амалдорлар ҳузурида руку нима экан, саждага ҳам борадилар. Эмаклаб келиб, ҳукмдорнинг оёғи остига сажда қиладилар. Мана шундан сақланиш керак. Салом бировнинг устунлигини, ўзининг эса пастдалигини таъкидлаш учун эмас. Бу одат қадим подшоҳларнинг ўзларини буюк деб ҳисоблаган даврларидан мерос бўлиб ўтиб келган бўлса, эҳтимол.
Саломнинг шакли турлича бўлгани билан мазмун-моҳияти бир. Саломлашишни бизга Яратган роббимизнинг Ўзи буюради. “Нисо” сурасида айтадики:
وَإِذَا حُيِّيتُم بِتَحِيَّةٖ فَحَيُّواْ بِأَحۡسَنَ مِنۡهَآ أَوۡ رُدُّوهَآۗ إِنَّ ٱللَّهَ كَانَ عَلَىٰ كُلِّ شَيۡءٍ حَسِيبًا
“Қачонки сизга бир саломлашиш ила салом берилса, сиз ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки худди ўзидек жавоб беринг”.
Солмон Форсий (р.а.) дан мазкур оятнинг амалдаги ҳолатини акс эттирувчи шарафли ҳадиски: “Бир одам Пайғамбаримиз ﷺ ҳузурларига келиб:
– Ассалому алайка, я Расуллулоҳ! – деди.
Расулуллоҳ ﷺ у одамга:
– Ва алайкас-салому ва роҳматуллоҳи, – дедилар.
Кейин бошқа бир одам келиб:
– Ассалому алайка, я Расулуллоҳи ва роҳматуллоҳи, – деди.
Расулуллоҳ ﷺ унга:
– Ва алайкас-салому ва роҳматулиллаҳи ва барокатуҳу, – дедилар.
Сўнгра яна бир одам келиб салом берди:
– Ассалому алайка, я Расулуллоҳи ва роҳматулиллоҳи ва барокатуҳу.
Расулуллоҳ ﷺ унга худди ўзидай жавоб қайтардилар:
– Ва алайкас-салому ва роҳматулиллоҳи ва барокатуҳу.
Шунда у одам мазкур жавобдан ажабланиб, деди:
– Эй, Аллоҳнинг расули! Ҳузурингизга мендан олдинроқ фалончи ва фалончилар келиб салом бердилар. Сиз мендан кўра уларга яхшироқ жавоб қайтардингиз?
Шунда Пайғамбаримиз ﷺ дедилар:
– Сен менга салом берганингда ошириб айтишим учун ҳеч нарсани қолдирмадинг. Аллоҳ: “Қачонки сизга бир саломлашиш ила салом берилса, сиз ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки ўзидек жавоб беринг”, деган. Сенга ўзидек жавоб бердим.
Бир ёш оила бузилиш даражасига етиб, маҳаллага арз билан чиқдилар. Бунақа пайтларда қайноналар келиннинг кўп айбларини айтиб ташлашади. Менинг диққатимни қайнонанинг “келиним эрталаб салом бермайди. Қанча ўргатсам ҳам қулоғига олмади”, дейиши ажаблантирди. Шунда келиннинг онаси “Бир ҳовлида яшаб турса ҳам салом бераверадими? Бизникида бунақа одат йўқ”, деб изоҳ берди. Келинда саломлашиш одоби йўқлигига ким сабабчи экани шу изоҳдан кейин маълум бўлди.
Баъзиларнинг “салют!” ёки “привет!” деган одатлари ҳам борки, бу дуруст одоб эмас.
Ҳаммомда, ҳожатхонада салом берилмаслигини билсангиз керак. Кўп жойларда эрталаб уйғонгач, таҳорат қилинмагунча ёки то юз-қўл ювилмагунча салом берилмайди. Айрим жойларда эса бу одобга эътибор берилмайди. Уйқудан бош кўтарилиши билан кўринган одамга салом берилади. У одам эса ювуқсиз бўлса ҳам алик олаверади. Бу одатнинг қайси бири тўғри, деб баҳслашиш ортиқча. Албатта, салом дуоси покиза ҳолда қилингани маъқул. Лекин маҳалла ёки қишлоқ аҳли бунга одатланмаган бўлса-ю, сиз меҳмонга борганингизда ювиқсиз ҳолда салом бермаганингиздан ажабланишса, ўз одатингизни ҳилмлик ила тушунтириб берганингиз яхши.
Қуръон ўқилаётганда, номаҳрам хотинларга, намоз ўқиб турган одамга ҳам салом берилмайди.
Бизнинг одобимизга кўра, кичиклар катталарга салом берадилар. Лекин кичиклар баъзан болаликларига бориб ё бирон нарсага чалғиб, салом беришни унутишлари мумкин. Шунда катталар уларни дарров урушмай, салом берсалар, шунинг ўзи дакки ўрнида ўтади. Қўл бериб кўришишда эса кичиклар аввал қўл узатишдан тийилишлари керак. Агар катта киши қўл узатса, эҳтиром юзасидан қўш қўллаб кўришмоқ афзал. Катта киши қўл узатмаса, салом беришнинг ўзи кифоя. Ҳол-аҳвол сўраш ҳам аввал каттадан лозим. Болалар, ёшлар салом беришганда биз – катта ёшлилар “Ваалайкум ассалом” дейишдан ташқари яна улар тушунадиган тилда “Баракалла!” ёки “Ота-онангга раҳмат!” ёки “Илоҳим бахтли бўл!” деб қўшимча дуо қилиб, мақтаб қўйсак, унинг келажакда янада гўзал ахлоқ эгаси бўлиб етишишига ҳисса қўшган бўламиз. Қани эди, барча шу одатни ўзлаштирса! Кўчага чиққан ўсмир-ёшлар уйга янада кўпроқ, олам-олам дуолар билан, таниган-танимаган ўнлаб одамларнинг хайрли тилаклари билан қайтган бўлардилар.
Салом бераётган одамнинг чеҳраси очиқ ва хурсанд бўлсин. Алик олувчининг қувончи юз-кўзларидан сезилиб туриши керак.
Ҳар қандай ишқ-муҳаббат, меҳр-оқибат саломнинг тилла занжири билан боғланади. Суқрот ҳакимдан ибратки: “Дўстингга йўлиққан вақтингда кулиб, очиқ юз билан кўриш. Яхши сўз билан унинг кўнглини кўтар. Дўстликнинг бошланиши мадҳ-сано биландир”. Ҳа, дўстлар бир-бирлари билан “ассалому алайкум” деб сўрашишмаса, саломнинг нима қиймати қолади? Ҳар бир одам, ёшми-каттами, фарқи йўқ, саломнинг аҳволлар эшигини очувчи сеҳрли калит эканини унутмаслиги шарт.
“Салом”нинг маъноси “тинчлик” демак. Миллатимизнинг саломлашиш одати “Ассалому алайкум”, дейиш биландир. Салом узилган жойда одамийлик узилади. “Ёсин” сурасида жаннатга кирувчиларнинг Парвардигор томонидан салом билан кутиб олиниши хушхабари бор.
Баъзи бировлар “Ассалому алайкум”, деб тўлиқ айтишга эринибми, “салом” ёки “саломалайкум” ёки “сомайкум” тарзида ифода этадиларки, бу ғоят хунукдир ва товушларнинг бузилиши тескари маъно англатиб қўйиши мумкин. Масалан, “ас-сому алайкум” дейилса “сизга ўлим бўлсин!” деган маъно келиб чиқади.
Ҳазрати Ойиша онамиз (розияллоҳу анҳо) айтадилар: “Расулуллоҳ ҳузурларига яҳудийлар келиб: “Ас-сому алайкум”, яъни “сизга ўлим бўлсин!” дейишди. Шунда мен: “Ўлим ўзларингга бўлсин ва Аллоҳ Таолонинг лаънати ва ғазаби ҳам сизларга бўлсин!” деб уларни қарғадим. Шунда Расулуллоҳ ﷺ: “Ойиша! Қўй, ундай дема, оғир бўл, қаттиқ муомала қилишдан ва қарғашдан ўзингни сақла!” дедилар. Мен: «Ё Расулуллоҳ, буларнинг гапини эшитмадингизми?” дедим. Расулуллоҳ ﷺ дедилар: “Сен ҳам менинг гапимни эшитмадингми? Мен уларга “ва алайкум”, яъни “айтган гапларингиз ўзларингизга бўлсин!” дедим. Аллоҳ Таоло менинг уларга қилган дуои бадимни қабул қилади. Аммо уларнинг менга қилган ёмон тилакларини қабул қилмайди”.
Бу масалада яна бир мулоҳаза бор: кимнингдир кўр ёки шол бўлишини ёки тезроқ ўлишини истовчи банданинг қалби қандай экан? Кир ва қора эмасмикин? У ҳолда бошқа бир юраги қора уни дуоибад қилиб ўтирмаганмикин?
Азизлар! Ўзингизга савол беринг ушбу сизга улашган маълумотларимизни олдиндан билармидингиз? Ёки тасаввур қилиб кўринг биз инсонлар кундалик ҳаётимизда ишлатадиган бир калом учун инсондан шунча илм-у маърифатни талаб қилса, биз билмаган илмлар-чи? Биз ҳали ҳам чуқур англаб етмаган динимиз-чи? Унинг учун қанча ҳаракат қилишимиз керак? Биз бу ҳолатда эканмиз жоҳиллик вакиллари учун тайёр ўлжа, тайёр қўғирчоқ бўлиб қолмаймизми? Инсон қадри шу даражада таҳқирми азизлар … Мусаёров Муртазо
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
3-курс талабаси
