“ТАРҚАТИНГ”
19Бугунги кунимизни ахборот технологияларисиз тасаввур ҳам қилиб бўлмайдиган кунларда яшамоқдамиз. Сўнги йилларда смарт қурилмаларнинг янги-янги авлодлари пайдо бўлиши дунё бўйлаб ахборот алмашинув жараёнини янада жадаллаштирди. Бу жараён таълим, тиббиёт, хизмат кўрсатиш каби деярли барча тармоқ ва соҳаларни ўз ичига олгани ҳеч кимга сир эмас. Инсоният дунёнинг чекка бир нуқтасидан туриб чекланмаган ахборот оқимини қабул қилмоқда. Лекин шундай ютуқлар билан бир қаторда эндиликда тўғри, ишончли маълумот олиш муоммоси пайдо бўлди. Бу муоммо бизнинг жамиятимизни ҳам четлаб ўтмаяпти.
Ҳеч эътибор берганмисиз, қайси ижтимоий тармоққа кирманг кўпинча “ТАРҚАТИНГ” ёрлиғи остида қандайдир маҳсулотнинг рекламаси, ижтимоий видеоролик ёки қайсидир машҳур инсон номи билан боғлиқ вазият ҳақидаги расм, видео ёхуд аудиолар қаршингиздан чиқиб келаверади. Тўғри, бугун ижтимоий тақмоқлар орқали кўпчилик инсонлар яхшигина даромад кўришмоқда. Интернет олами эса энг оммабоп реклама майдони вазифасини бажараяпти. Машҳурликка интилаётганлар ёки ўз маҳсулотини реклама қилаётган айрим кишилар ўша тарқатаётган ахборотларидан яна ҳам кўпроқ натижа кўриш умидида ўз чиқишларига, расм, видео, аудио маҳсулотларига диний тус беришга уринишмоқа.
Энг асосийси, бу маълумотларнинг ҳаммаси ҳам ишончли ва ҳақиқатга мувофиқ келадиган хабарлардан эмасдир. Бундан ташқари атайин диний мавзуларда баҳс-мунозара келтириб чиқарадиган мавзуларни кўтариб юрганлар ҳам учраб турибди.
Тасаввур қилинг бирор танишингизда “Бу хабарни ўнта кишига юборинг, шунда фалон иш бўлади. Агар юбормасангиз динда бундай дейилган” сингари маънодаги хабар келган. Нима қилиш керак? Дарров ҳаммага юборамизми?
Энди бир оз ўйлаб кўрамиз, аслида бундай маънодаги гаплар ростдан ҳам динда борми?
Ёки бирор маҳсулотнинг рекламасида “Пайғамбаримиз энг кўп ишлатар эди” деган мазмундаги “ҳадис” бор. Энди нима қиламиз? Пайғамбаримиз ﷺ энг кўп ишлатган нарсани биз билмас эканмизку! У Жанобимиз ﷺга муҳаббатимиз шуми? Нима қилиш лозим?
Шу жойда ҳиссиётларимизни жиловлаймизда, динимизнинг асл манбааларига мурожаат қиламиз:
Хўш, муқаддас ислом динимизда бундай ҳолатларга қандай қаралади?
Аввало, Аллоҳнинг каломи Қуръони каримга назар солсак:
Аллоҳ таоло “Ҳужурот” сураси 6-оятида “Эй имон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар.” дея марҳамат қилади. Бу оятнинг маъносидан кўриниб турибдики, аниқ билмай туриб, текширмасдан бирор ҳолатга юзаки ҳукм бериб бўлмайди. Диннинг номидан эшитган ҳар қандай гапга ишониш тўғри иш эмас. Ихлос билан қилган ишингиз умуман динга алоқаси бўлмаслиги аксинча, диннинг зарарига хизмат қилиб қўйиши ҳеч гап эмас. Ҳар қандай эшитган хабарни айниқса у диний мазмунга эга бўлса, яқинларга улашишга шошилманг. Шу хабар ҳақида сизда тўлиқ маълумот бўлмаса юртимизда фаолият юритаётган диний уламоларимиздан, Ўзбекистон Мусулмонлар Идораси тасарруфидаги диний ташкилот вакилларидан сўраб олинг. Сизга келган хабар асосли, ишончли ва тўғри эканлигини билсангизгина қарор чиқаринг. Зеро, “Эшитган ҳар қандай гапини бошқаларга атиб юриши, кишининг ёлғончи эканлигига кифоя қилади” мазмунидаги ҳадисга тушиб қолманг. Динимизга тўғри келмайдиган барча нарсалардан четланинг, динимиз ривожидаги ҳар қандай яхшиликни бошқаларга “ТАРҚАТИНГ”!
Акрамов Ёқубхон
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
3-курс талабаси
