ФИТНАДАН ҚОЧИШ — ПОКИЗА ФИТРАТДАНДИР
31Бандаларига Ўзининг азиз китобида “Фитна қотилликдан ҳам оғир гуноҳдир” деб марҳамат қилган Аллоҳ субҳанаҳу таолога ҳамдлар бўлсин.
Бутун оламларга раҳмат қилиб юборилган, умматларини фитна каби бузғунчи нарсадан ҳимояланишга чақирган Аллоҳнинг ҳабиби Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга салот ва саломлар бўлсин.
Авваламбор фитнанинг луғавий маънолари билан танишиб оладиган бўлсак, араб тилидан “мафтунлик, йўлдан озиш, қўзғалон, исён” маъноларини англатади.
Лекин уни истилоҳий маънода тушунадиган бўлсак “кимгадир хуфёна зарар етказиш, якдил боғланган ришталарни ёмон гумонлар билан бузиш, фасод бўлган ишларни қўзғатиш” каби маъноларни англатади.
Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таоло каломи шарифи Бақара сурасининг 217-ояти каримасида
يَسَۡٔلُونَكَ عَنِ ٱلشَّهۡرِ ٱلۡحَرَامِ قِتَالٖ فِيهِۖ قُلۡ قِتَالٞ فِيهِ كَبِيرٞۚ وَصَدٌّ عَن سَبِيلِ ٱللَّهِ وَكُفۡرُۢ بِهِۦ وَٱلۡمَسۡجِدِ ٱلۡحَرَامِ وَإِخۡرَاجُ أَهۡلِهِۦ مِنۡهُ أَكۡبَرُ عِندَ ٱللَّهِۚ وَٱلۡفِتۡنَةُ أَكۡبَرُ مِنَ ٱلۡقَتۡلِۗ وَلَا يَزَالُونَ يُقَٰتِلُونَكُمۡ حَتَّىٰ يَرُدُّوكُمۡ عَن دِينِكُمۡ إِنِ ٱسۡتَطَٰعُواْۚ وَمَن يَرۡتَدِدۡ مِنكُمۡ عَن دِينِهِۦ فَيَمُتۡ وَهُوَ كَافِرٞ فَأُوْلَٰٓئِكَ حَبِطَتۡ أَعۡمَٰلُهُمۡ فِي ٱلدُّنۡيَا وَٱلۡأٓخِرَةِۖ وَأُوْلَٰٓئِكَ أَصۡحَٰبُ ٱلنَّارِۖ هُمۡ فِيهَا خَٰلِدُونَ
Сиздан ҳаром ойдаги жанг ҳақида сўрашади. «Ундаги жанг улкан гуноҳдир, Аллоҳ йўлидан тўсиш, Унга куфр келтириш, Масжидул-Ҳаромдан қайтариш, аҳлини ундан қувиб чиқариш эса Аллоҳ ҳузурида бундан ҳам улканроқ гуноҳдир, фитна қотилликдан ҳам оғир гуноҳдир», денг. Улар қўлларидан келса, динингиздан қайтаргунча сиз билан урушаверишади. Сизлардан ким динидан қайтиб, кофирликда ўлса, унинг амаллари дунё ва охиратда зое кетади. Улар дўзахийлардир ва унда абадий қолишади.
Усмонхон Алимов роҳимаҳуллоҳнинг “Тафсири Ирфон” китобида ушбу оятнинг тафсирида қуйидагиларни келтиради:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳуни мусумонлардан бир гуруҳига бошлиқ этиб кофирлар ҳузурига юборадилар. Улар “жумодус-соний ойининг охирида турибмиз” деб ўйлаб кофирларни ўлдиришади, молларини ўлжа олишади. Кофирлар ҳисобига кўра, ўша кун ражаб ойининг боши экан. Улар Муҳаммад алайҳиссалом уруш ҳаром қилинган ойда жанг қилишга, одамларни ўлдириб, молини талашга ижозат берди, деб таъна қилишди. Мусулмонлар шу воқеадан изтироб чекиб, Пайғамбаримизга савол беришганида юқоридаги ояти карима туширилган. Аллоҳ таоло уруш ҳаром қилинган ойларда (муҳаррам, ражаб, зулқаъда, зулҳижжа) жанг қилиш улкан гуноҳ (гуноҳи кабира) эканини эслатмоқда. Лекин одамларни Исломга киришдан тўсиш ва ўзининг Исломга таслим бўлмаслиги, Байтуллоҳ зиёратига келган кишиларга тўсқинлик қилиш, Макка аҳлини шаҳардан ҳайдаб чиқариш, халқ ўртасида куфр тарқатиш ҳаром ойлардаги урушдан ҳам улканроқ гуноҳдир. Кофирлар мусулмонларни динларидан чиқариш учун ҳамиша ҳаракат қилишади, иложини топишса асло ўз ҳолларига қўйишмайди. Ким динидан чиқиб муртад бўлса, унинг барча амаллари бу дунёда ҳам, охиратда ҳам ҳабата (беҳуда) бўлади. Агар тавба қилиб, яна динига қайтса, сўнгги яхши амалларининг савобига эга бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилдилар:
ستكون فتن، القاعد فيها خير من القائم، والقائم فيها خير من الماشي، والماشي فيها خير من الساعي، مَن تشرَّف لها تستشرفه، فمن وجد منها ملجأ أو معاذًا فليعذ به
“Яқин орада фитналар бўлади. Ўша чоғда ўтириб олган одам тик тургандан яхшироқдир. Ўрнида жим тик турган эса юраётган одамдан яхшироқдир. Яёв юрган эса тез-тез юраётган одамдан яхшироқдир. Ким ўша фитналарга эътибор берса уни фитна ўзига тортиб кетади. Кимки қутулишга жой топа олса, ўша жойда фитнадан ҳимоялансин!”.
(Бухорий ва Муслим)
Бугунги оммавий ахборот ва замонавий техникалар, хусусан гаджетлар ривожланган пайтда, ислом динига зарар етказиш пайида юрган ғаламис кишиларга, дин аҳкомларини яхши тушунмайдиган мусулмон жамиятининг орасига нифоқ солишлари учун, аҳли сунна вал жамоанинг фиқҳий ва ақидавий мазҳаблари, мазҳаббошилари ва улардан бошқа ислом учун улуғ хизматлар қилиб ўтган ва хизмат қилиб турган уламоларга таъна тошларини отишлари натижасида ислом умматининг фирқаланишларига эришмоқдалар.
Модомики шундай экан бу каби фитна чиқарувчи кишилар тузоғидан омонда бўлиш мақсадида ҳар бир мусулмон зиммасига ўз фиқҳий ва ақидавий мазҳабларини яхши билишлиги ва ўзлари билмайдиган масалаларни интернет тармоқларидан эмас балки соф ақидали уламолардан сўрашлиги лозим ва лобуддир.
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти 3-босқич талабаси Турсунов Нурали
