ЖАМИЯТ РИВОЖИГА ТАҲДИД
24Ислом дини жамиятнинг ривожланишига тўсқинлик қиладиган, инсонларга зарар берадиган ҳар қандай иллатни қоралайди. Бугунги кундаги кўпгина давлатларнинг ривожланишига тўсқинлик қилаётган омиллардан бири порахўрликдир. Зеро, ислом шариатининг мақсадларидан бири бу молни сақлашдир. Бошқаларнинг молларини ботил йўллар билан ейиш Қуръони Карим ва Ҳадиси шарифларда қаттиқ қораланган. Порахўрлик ҳам бошқаларнинг молларини ботил йўл билан енгишдир. Чунки пора берувчи инсон ҳеч қачон берадиган порасини рози бўлиб бермайди. Порахўрлик жамиятимиз ривожланишига тўсиқ бўлаётгани очиқ кўриниб турибди. Порахўрликка чек қўйиш мақсадида давлат томонидан турли хил чоралар кўрилмоқда. Шунга қарамасдан порахўрлар ўз ишларида давом этмоқдалар. Балки ҳеч кимга билдирмасдан, хамирдан қил суғургандай осонлик билан порахўрлик қилаётганлар уларни Аллоҳ таоло кузатиб турганини ҳис қилсалар. Аллоҳ таолонинг мана бу оятлари ҳақида бир фикр қилиб кўрсалар олаётган поралари ўзларига дунё ва охиратда зарар эканини тушуниб етарлар. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 188-оятида айтади: “Мол ва бойликларингизни ўрталарингизда ботил йўл билан емангиз! Шунингдек, била туриб одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз!” Яъни, бошқаларнинг молини сизларга ўзлаштириб бериши учун ҳокимларга пора берманглар. Бировнинг молини ботил йўл билан ейишни Жалолиддин Суютий ўз тафсирларида бировнинг молини ўғирлаш ва тортиб олиш каби шаръан ҳаром деганлар. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ ﷺ айтдилар: “Мен ҳам бир инсонман. Менинг ҳузуримга ҳақ талашиб, даъво билан келиб турасизлар. Сўзга усталикқилиб, ноҳақлик билан ўзгалар ҳақини ўзлаштириб олсангиз, билиб қўйингки ўша нарса дўзахнинг бир чўғидир. Хоҳлаган уни олсин, хоҳламаган олмасин”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтдилар: “Росулуллоҳ ﷺ ҳукмда пора берувчини ҳам, олувчини ҳам лаънатладилар” Имом Термизий, Имом Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривояти. Порахўрликнинг ҳаромлигини билиб Аллоҳдан қўрқиб уни тарк қилган киши улуғ ажрга эга бўлади. Баъзилар порага ҳадя деб бошқа ном билан атаб оладилар. Шуни билишимиз керакки, Аллоҳ ҳаром қилган нарса бошқа ном билан аташ билан ҳалол бўлиб қолмайди. Росулуллоҳ ﷺ бир кишини бир қавмга закот йиғиш учун юбордилар. У киши закотни йиғиб келганида, бу қавмнинг закоти, мана бу менга қавмнинг ҳадясидир деди, шунда Росулуллоҳ ﷺ ғазабландилар ва минбарга чиқиб: “Мен сизлардан бирингизни закот йиғиш учун юборсам, у бу закот бу эса қавмнинг менга берган ҳадяси дейдими, онасининг уйида ўтирганида ўша қавм унга ҳадя қилармиди?” дедилар. Эслатма оладиган киши учун Қуръон ва Ҳадис кифоядир. Унга ҳам кифояланмаса балки Росулуллоҳ ﷺнинг: “Одамларга етиб келган илк пайғамбарликнинг гапларидан бири: Уялмасанг билганингни қил!” деган гаплари кифоя қилар. Бу ҳадисни Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан Имом Бухорий “Ал-Адаб Ал-Муфрад”да ривоят қилганлар.
Хуррамов Исроил
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
3-в гуруҳ талабаси
