НЕ ЭРУР БУ ЖАҲОЛАТ?
17

Бировнинг айбини ёки қусурини айтадиган бўлсак, “ақлсиз”, “тентак”, “эси йўқ” ёки дабдурустдан “аҳмоқ” деб қўя қоламиз. “Жоҳил” деган иборани камдан-кам ҳолларда тилга оламиз. Орамизда жоҳил камми? Жоҳил ким ўзи? Жоҳилликдан бесаодатроқ яна нима бор?
Инсонлар бошига тушадиган кулфат ва зулмнинг асосий боиси жаҳолатдир. Кулфат ва зулмдан халос бўлишнинг ягона давоси эса – илм. Жаҳолат ҳомийлари инсониятнинг энг ашаддий душманлари ҳисобланадилар.
Тилимиздаги “жаҳолат”, “жоҳиллик” атамалари нодонликни ва бу нодонликни туғдирувчи билимсизликни англатади. Ёмонликнинг уч манбайи борлигини айтадилар: шайтон, нафс ва жоҳиллик. Ҳар қандай ёмон хулқнинг бошида нафс ва шайтон туради. Жаҳолатнинг турлари кўп, улардан учтасини алоҳида таъкид этиш керакки, қолганлари шу учтасидан баҳра олади:
— умуман ҳеч нарса билмаслик;
— ҳамма билган нарсаларни жуда ёмон билиш;
— лозим бўлмаган нарсаларни билиш.
Жаҳолат – ҳақиқатдан бехабарликдир. Жоҳилни таълим-тарбия кўрмаган, ҳеч ерда ўқимаган, дипломсиз одам, деган маънода тушунмаслик керак. Моҳиятни билмаслик – жоҳилликнинг асли ҳисобланади. Шунинг учун олимликнинг юқори поғоналарига даъво қилувчилар орасида ҳам жоҳилликни учратиб қолиш мумкин. Бунга сабаб: илмнинг саёзлиги, ҳикматларни билмаслик ёки фаҳм этмаслик, ижтимоий, ахлоқий маданият танқислигидир. Жаҳолат одамни дунёга бефарқ қилиб қўяди.
Инсон тарбиясида, аввало, жоҳилликни бартараф этишга алоҳида аҳамият берилади. Дунёга нима учун келганини билмаган, ҳатто сўрамаган, айниқса, бу хусусда тинглашни истамаган киши энг хавфли жоҳилдир. Жоҳиллар жамият ичидаги иллатдир. Улардан эҳтиёт бўлмоқ керак, уларга яқинлашган кишининг қалби хасталанади. Ўтмишда қанча жоҳиллар неча мамлакатларни ва юртларни фалокатга дучор қилмадилар. Сир эмаским, Наполеон ёки Гитлер каби жоҳиллар ҳозир ҳам ер юзида урчиб, кўпайиб ётибди. Турли мамлакатлардаги сайловларда улар миллионлаб овоз оладилар. Жоҳилнинг раҳбар бўлишини истовчиларнинг ўзлари жоҳилми ёки сайлаётган одамларининг жоҳил эканини билмайдиларми? Бу ҳам кишилик учун бир муаммодир. Ҳар ҳолда бир ариқдаги тоза сувни бошқа ариқдан оқиб келиб, унга қўшилган кир сувлар булғагани каби покиза инсонларни ҳам жоҳиллар тўғри йўлдан оздириб, кирлатадилар. Жамиятнинг ярасини фақат олимлар тушунадилар. Аниқлаган ташхисларига қараб даволар топадилар. Жоҳиллар эса баттар яралаб қўядилар. “Қош қўяман, деб кўз чиқариш”, “Дард устига чипқон”, дейилган мақоллар шундай жоҳилларнинг ҳаракатига қараб юзага келган.
“Нисо” сурасида марҳамат қилинади: “Жаҳолат-ла ёмонлик қилиб қўйиб, сўнгра тезда тавба қиладиганларнинг тавбаси Аллоҳнинг зиммасидадир. Аллоҳ ана ўшаларнинг тавбасини қабул қилади. Ва Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир”. Демак, йўлдан адашиб, гуноҳ ишларни қилиб юрганлар “биз қиладиганимизни қилиб қўйдик, энди кеч бўлди, тавбамиздан фойда борми, тушар еримиз аниқ-ку!” деган тушкун ўйга бормасликлари керак экан. Улар хатоларини қанчалик тез тушунсалар, жоҳилликларидан қанчалик тезроқ қутулсалар, ўзларига шунчалик яхши бўлади.
Исломдан аввалги даврлар “жоҳилият замони” деб юритилади. Ҳолбуки, у замонларда илмлилар, шоирлар кўп бўлган. Аммо улар Ҳақ билан ботилни ажрата олмаганлар. Пайғамбаримиз ﷺ ўқиш ва ёзишни билмасдилар, аммо Аллоҳнинг суюкли ҳабиби мақомига етдилар. Дунёвий илмлар нуқтаи назаридан қарасак, Мирзо Улуғбекнинг суюкли шогирди Али Қушчи ҳам хизматкорликдан олимлик шоҳсупасига кўтарилган эди.
Агар бир киши аниқ фанлар соҳасида олим даражасига этса-ю, аммо ўзининг инсоний вазифаларини билмаса, жоҳил бўлса, биринчи галда ўзига, кейин фанга ҳам зарар.
Мавлоно Румийда шундай ҳикоят келтирилади: Кўнгилни айнитувчи ёқимсиз исларга одатланган чўчқабоқар атторлик дўконига кириб, димоғига атирлар ҳиди урилди-ю ҳушини йўқотиб, ерга йиқилди. Атторлар шошиб қолиб, уни тезроқ ҳушига келтириш учун турли атирларни ҳидлата бошладилар. Чўчқабоқар бундан баттар ҳолга келаверди. Охири атторлар чорасиз қолдилар. Чўчқабоқар ўлар даражага келди. Уни таниганлардан бири уйига хабар бергани югурди. Чўчқабоқарнинг укаси воқеани дарров англади. Чўчқанинг тезагидан бир сиқим олди-ю нажот бергани шошилди. У: “Акамнинг димоғига ёмон ҳидлар сингиб кетган. Касалининг давоси ҳам шу ҳиддадир”, деб чўчқа тезагини унинг бурнига тутди. Шунда ўлик каби ётган чўчқабоқар дарров ҳушига келди. Буни кўрганлар йигит акасига қандай афсун ўқиди экан, деб ажабландилар. Лекин сир чўчқа тезагида эканини билмадилар. Мавлононинг ҳикматларида гўзал ибрат бор. Мол-дунёни севган киши бойлик тўғрисида бирор нарса айтилган пайтда ухлаётган бўлса ҳам дарров уйғонади. Ҳатто ухлаётган ит ҳам бир нарса тарақласа кўзини очиб қўяди-ю уйқусини давом эттираверади. Лекин эгаси секингина чаппилатиб овқат ейишни бошласа, уйқудан уйғониб, сергак равишда унга тикилиб тураверади. Жоҳил ҳам чўчқабоқарга ўхшайди. Мушк ҳиди каби гўзал илмий мажлисларда ҳушидан кетиб, ғафлат уйқусида ухлайверади. Жоҳиллар суҳбат бошласалар, кўзлари мошдай очилади. Чўчқа тезагидан ҳушига келган чўчқабоқарнинг бошқаларга зарари йўқ. Жоҳиллар суҳбатидан уйғонган жоҳилдан эса қўрқувлик…
Туяқушнинг ғалати одати бор: бирон хавфни сезса, бошини қумга тиқиб тураверади. Баъзи одамларда сал бошқачароқ одат мавжуд: туяқуш хавфдан қўрқаётган бўлса, булар ҳақиқатни кўрмаслик учун бошларини гўё қум орасига тиқиб яшайверадилар. Атрофга қарамайдилар, келажакни тасаввур қила олмайдилар. Донолар насиҳатининг ҳақиқатга эришиш йўли эканини, ундан баҳра олиш зарурлигини англашни истамайдилар. Энг ёмони – жоҳилликлари туфайли яқинлашаётган хатарни сезмайдилар.
Жоҳиллик аломатлари яна нималарда кўринади:
— ўз нафсига қул бўлиш;
— ҳуда-беҳудага сўзлайвериш;
— бекорга аччиқланиш;
— эҳсонни ўз жойида қилмаслик;
-ҳаммага, айниқса синалмаган одамга ишонавериш;
— дўстни душмандан фарқ қилмаслик;
— сирини ҳар кимга айтавериш;
— сирини ҳар кимга айтавериш;
— ақлсиз, иймонсиз одамларнинг маслаҳатларига қулоқ солиш;
— бефойда сўзларни кўп сўзлаш ва лойиқ бўлмаган одамларга (айниқса, ношаръий ишларига) ёрдамлашиш.
“Агар жоҳиллигим намоён бўлмасин, десанг, ўзгаларни эътибор билан тингла” дейилган доно гапга мавлоно Сайфи Саройининг “Гулистони бит туркий” асарларидаги бу ҳикмат қувват беради: “Ҳакимлардан бири айтмиш эканки, ҳеч ким ўзича ўз жоҳиллигига иқрор бўлмайди. Аммо ул одамнинг жоҳиллиги шундан маълум бўлиб қоладики, агар бир киши сўз бошласа, унинг сўзи тамом бўлмасдан туриб, ўша жоҳил ўртага тушиб сўзлай бошлайди. Бу эса жоҳиллик – жаҳл аломатидир. Ҳикматдан маълум бўладики, суҳбат чоғида сўзловчининг сўзларига диққат билан, сабр ва тоқатли бўлиб қулоқ солмоқ керак экан. Чунки ҳар кимнинг сўзида ҳам ўрнак олса бўладиган фикр бўлиб, ундан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
Афлотунга дедилар:
– Кечаги зиёфатда Фалончи сизни мақтади.
Буни эшитган Афлотун бошларини қуйи солиб, фикру хаёл уммонига ғарқ бўлибдилар.
– Эй, Ҳаким, мен нима дедимки, бунчалик фикру андишага берилдингиз?
Афлотун дедилар:
– Мени сен айтган сўзлар ўйга толдиргани йўқ. Мен қилган ишларимни ўйлаб ўтирибман: қанақа жоҳилона иш қилган эканманки, бу қилмишим у жоҳилга ёқиб тушибди ва у мени мақтаб юрибди? Бирор аҳмоқлик қилмасанг, ҳеч бир аҳмоқ сени мақтамайди ва кўкларга кўтармайди.
Луқмони ҳакимдан сўрадилар: – Ҳикматли сўзларингиз, одоб-ахлоққа доир ваъз-насиҳатларингиз билан кўпларни яхши йўлга солдингиз, насиҳатларингиз кор қилмай ўзининг ёмон феъл-атворини ташлай олмаган киши ҳам борми?
Луқмони ҳаким жавоб бердилар:
– Бор. У – жоҳил, бадфеъл одам. Уни шу ярамас хулқдан қайтаришга ҳар қанча уринсам ҳам фойдасиз бўлиб чиқди, тузатишдан ожиз бўлдим.
Байт:
Жаҳлдан одамга кўп қайғу-алам етар,
Жоҳил одам суҳбатидан алҳазар, минг алҳазар.
“Ақлли одамларнинг душманлиги жоҳил одамларнинг дўстлигидан кўра яхшироқдир. Жаҳолат башарият фикри учун қоронғи бир кеча ва ҳар турли разилликларнинг онасидир”, дейдилар.
Бу суҳбатимизни ўқиб, атрофимиз жоҳиллардан иборат экан, деган ҳаёлга борманг. Атрофимизда шукурким ақл эгалари-оқиллар кўп. Сизнинг вазифангиз оқилларга яқинлашиш уларнинг илми, хулқидан баҳраманд бўлиш, улар бошлаган йўлдан юришдир.
Мусаёров Муртазо
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
3-курс талабаси
