Жаҳолатнинг давоси илмдир

28

Инсоният илм билан азиз бўлгандан кейин, илмдан қанчалик узоқлашиб борса, шунчалик жаҳолатга кетиб қолади. Жаҳолат инсондан инсоний фазилатларни йўқолишига сабаб бўлади. Чунки жаҳолатнинг энг оғири бу инсоннинг ўзини яратган ризқини бериб турган Роббини унутишидир. Зеро, бошқа иллатлар инсоннинг ўз Роббини унутиши натижасида келиб чиқади. Аллоҳ таоло Ҳашр сурасининг 19-оятида қуйидагича баён қилади:

“Аллоҳни унутганларга ўхшаганлардан бўлманглар. У зот уларга ўзларини унуттирди. Ана ўшалар фосиқлардир.”

Шу оятларни ўқиб бугунги замонимизда ўзларининг инсон эканликларини унутиб ўзларини ҳайвонга ўхшатиб шаклларини ўзгартираётган инсоний ахлоқлардан чиқиб турли ахлоқсизликларга берилиб кетган, Аллоҳ ҳаром қилган жонни ўлдириб зулм қилаётган иснон қиёфасидагиларни кўриб Аллоҳ уларни ўзларига унуттириб қўйганини ҳис қилиш мумкин. Ўзларининг жаҳолатда эканлиги етмаганидек, бошқаларни ҳам ўзлари каби бўлишини истаб инсонларни турли ғоялар билан йўлдан уришга уринадилар. Жаҳолатнинг давоси илмдир. Жаҳолат илм олиш билан кетказилади.  Бу жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш жумласидандир.

Маърифатнинг асли Аллоҳни танишдир. Инсон қачон Роббини таниса, билса шунчалик даражада ўзининг ожизлигини ўз Роббисига муҳтож эканлигини тушуниб етади. Зеро, инсон ўта заиф бўлишига қарамай Аллоҳ талоло инсонни бутун мавжудотлар орасида мукаррам қилиб қўйди. Инсонни мукаррамликдан фақат жаҳолат ҳайвондан ҳам паст даражага туширади. Жаҳолат сабабидан юртлар вайрон бўлади, инсонлар ўртасида зиддиятлар авж олади. Агар эътибор бериб қарайдиган бўлсак мустамлакачи давлатлар бошқа давлатларни ўз ҳукмига бўйсундириб бойликларига эга бўлишни истаса, дастлаб ўша халқлар ичида жаҳолатни ёядилар. Буни оммавий маданият ва бир жинслиликни тарғиб қилиш ва халқни ўз ҳукуматларига қарши қўйиш орқали амалга оширадилар. Натижада ўша халқларнинг ўз қўллари билан ватанларини вайрон қиладилар. Бунга Ливия, Сурия, Ироқ, Яман каби давлатларда кузатилаётган воқеаларни мисол қилишимиз мумкин. Бу ҳолатлар барчамизни огоҳ бўлишликка чақиради.

Агар мусулмонлар Аллоҳнинг динида ғайрат қилиб илм воситасида дарс қилсалар эди, ҳис ҳаяжонга берилмай ақл ва маърифат нури остида тушунишга ҳаракат қилсалар эди, мусулмонлар масаласи бир бўлиб ҳеч бўлинмас эди.

Барчамиз маърифат ҳосил қилган ҳолда йўлнинг ярмида тўхтаб қолмаслигимиз лозим, балки илмдан кўзланган мақсадга етгунча давом этишимиз ва яна давом этишимиз лозим.

Хулоса қилиб айтганда, авлоднинг ўрнак бўладиган инсоний хулқлар билан ранг олишини хоҳлаётган ҳар бир киши учун восита шуки, унинг ўз  ҳаракатида иймоний тарбия йўлидан боришидир. Бу йўлда инсон ақл билан суҳбатлашиш ҳамда иймоний ва мантиқий кўрсатмаларга эга ҳақиқатларни ўрнатиш билан ушбу қувончга эришади.  Кейин ақлга ўрнашган бу илмий ҳақиқатлар қалбда муҳаббат, улуғлаш ва ҳурмат ҳиссиётига айланади. Сўнгра ушбу қувонч ақлда мустаҳкамланган ақида озуқасининг маърифати билан олинади.

Хуррамов Исроил
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
3-курс талабаси