ОТА-ОНАЛАРНИНГ ФАРЗАНД ОЛДИДАГИ УЧТА БУЮК ВАЗИФАЛАРИ
61

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ҳар бирингиз бошлиқ ва ҳар бирингиз ўз раиятингиздан масъулдирсиз” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Фарзанд инсонга Аллоҳ таоло томонидан берилинган улуғ неъматларнинг биридир. Ҳар бир неъматнинг шукронаси бўлганидек, фарзанд неъматининг шукронаси эса ҳар бир ота-она фарзандларига чиройли таълим-тарбия ва одоб-ахлоқ беришлигидир. Қуйида ота-оналарнинг фарзанд олдидаги учта буюк масъулияти ҳақида сўз юритамиз.
Биринчи: Фарзанд Аллоҳ таоло томонидан берилган буюк неъмати эканлигини эътироф этиши ва шу неъматга етказгани учун шукр қилиши. Эътироф қилиш деганда, фарзанд неъматини Аллоҳ таоло беришини бутун вужуди билан тан олиши ва бунинг учун ҳам тили билан ҳам амалий шукр қилмоғи керак. Амалий шукр деганда, ота-она фарзандини шу неъматни берувчи Зот рози бўладиган қилиб тарбиялашидур.
Иккинчи: Ёшлигидан боланинг тарбиясида жиддий эътибор қаратиш лозимлиги. Тарбия ва одоб нима?. Унинг заруратини ота она ҳис қилиши ва шунга эътибор қаратиши керак. Бола ўнгидан чапини фарқлай бошлагандан Аллоҳни таниттириш, Унинг бирлиги, борлиги, қодир барҳақлигини, доимий кузатиб турганлиги ва ҳар бир қилинган ишнинг ҳисоби-китоби борлиги кабиларни сингдириб бориш.
Тарбиянинг ушбу муҳим жиҳатига мунтазам эътиборни қаратиш. Ўтган буюк зотлар, жумладан, улуғларимиз анашу тарбияда вояга етишган. Сарвари коинот саллоллоҳу алайҳи васллам “Ота она фарзандига одобдан кўра яхши мерос қолдира олмайди” дедилар.
Учинчи: Болани ёшлигидан илмга қизиқтириш. Бу борада ота-оналар фарзандга намуна бўлиши. Яъни, оилада имлий муҳитни шакллантириш. Илм дунёда азизлик ва охиратда шараф эканлигини фарзандларга ҳис қилдириш. Устозлар ҳурматини жойига қўйиш, илм воситаларини ҳурматини қилиш каби зарурий одобларни мунтазам эслатиб туриш керак. Жамият, юрт, халқ, миллат, динни ўрганиш учун керак бўладиган ҳар қандай илм фарзи кифоя бўлиши ва бу учун савобга эга бўлишини эслатиб турмоқ лозим. Муҳтарам юртбошимиз яқинда Бухоро сафарида бўлганларида Мир Араб олий мадрасаси талабалари билан учрашганда: “Дунёда сувда чўкмайдиган, ўтга ёнмайдиган биргина нарса бу – илм” дедилар. Ҳақиқатда, инсон ҳар нарсасидан айрилиши мумкин ёки айиришлари ҳам мумкин, бироқ ҳеч ким ўзганинг илмидан айира олмайди.
Ўткирхон Маҳмудов
“Хожа Бухорий” ислом билим юрти
ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари
